date

Смартфонни эрта ишлатган болаларда хавфлар кескин ортмоқда

Смартфонни эрта ишлатган болаларда хавфлар кескин ортмоқда

Америкалик олимлар навбатдаги муҳим тадқиқот орқали замонавий технологиялар ва ёш авлод саломатлиги ўртасидаги чуқур боғлиқликни яна бир бор ёритди. Ижтимоий тармоқлар, мобил ўйинлар ва турли иловаларга бой смартфонлар ҳаётнинг бир қисмига айлангани сир эмас. Аммо бу гаджетлар ўсмирлар соғлиғига қандай таъсир қилишини аниқлаш ҳар қачонгидан долзарб.

Pediatrics журналида чоп этилган кенг қамровли таҳлилда 21 та илмий ишдан жамланган 10 588 нафар ўсмирнинг маълумотлари ўрганилди. Натижалар эса жуда жиддий хулосаларни кўрсатди: смартфондан мунтазам фойдаланишни 12 ёшдан бошлаган ўсмирларда депрессияга мойиллик 30 фоизга, ортиқча вазн ривожланиши 40 фоизга ва уйқусизлик эҳтимоли 60 фоизга ошган.

Албатта, тадқиқот смартфонлар айнан ушбу муаммоларга сабаб бўлганини қатъий исботламайди. Бироқ, олдинги изланишлар ҳам шу тенденцияни тасдиқлаган: гаджетга қаттиқ берилиб кетган ўсмирлар камроқ ҳаракат қилади, дўстлари билан очиқ мулоқотлар камаяди, кечқурун уйқу режими издан чиқади. Бунинг барчаси соғлиқ учун жиддий хавф.

Олимлар яна бир қизиқ жиҳатни қайд этди: смартфондан фойдаланиш «муаммоли» деб баҳоланмаган ҳолатларда ҳам боладаги салбий ўзгаришлар эрта намоён бўлади. Яъни бола гаджетга қай даражада боғланганидан қатъи назар, телефон қанча эрта берилса, 12 ёшга келиб унинг уйқусизликка дучор бўлиши ёки семиришга мойиллиги шунча юқори бўлади.

Шу билан бирга, тадқиқотчилар ўсмирлар смартфонда нима қилиб вақт ўтказгани ҳақида аниқ маълумотга эга бўлмаган — ўйинми, ижтимоий тармоқларми ёки таълимий платформаларми. Аммо уларнинг фикри аниқ: смартфонни тўлиқ тақиқлаш ечим эмас. Аксинча, болалар ва ўсмирлар учун тўғри йўриқномалар, назоратга асосланган қоидалар ва телефондан фойдаланишни йўлга қўядиган тавсиялар зарур.

Мутахассислар янада кенгроқ тадқиқотлар ўтказишни таклиф қилмоқда. Уларга кўра, болага смартфон бериш учун энг мақбул ёш, қайси турдаги телефонлар хавфсизроқ экани ва фойдаланишнинг қайси меъёрлари соғлиқка зиён етказмаслиги ҳақида аниқ қоидалар ишлаб чиқилиши керак.

Ҳозирги тезкор ҳаётда гаджетлардан қочиб бўлмайди. Лекин улардан фойдаланиш маданиятини болаликдан шакллантириш — келажак авлод саломатлигини асрашда энг муҳим воситалaрдан бири бўлиб қолмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Саломатлик » Смартфонни эрта ишлатган болаларда хавфлар кескин ортмоқда