
Европа Иттифоқининг адлия бўйича комиссари Майкл Макграт Шеин ва Тему каби Хитойнинг оммалашган онлайн савдо платформалари орқали сотилаётган айрим маҳсулотларнинг инсон саломатлигига хавф туғдираётганидан ташвиш билдирди, деб Гуардиан нашри хабар берди.
Макгратга кўра, ҳар куни Европага 12 миллиондан ортиқ арзон пакетлар ташилади. Уларнинг кўпчилиги амалдаги қонунларни бузган ҳолда сотилмоқда. У бутун Европада ўтказилаётган “махфий харидор” тадқиқот натижаларини кутмоқда. Ушбу текширув Хитой компанияларининг Европа қонунларини четлаб ўтаётганини тасдиқлаши мумкин.
Энг хавфли маҳсулотлардан бири сифатида у болалар учун мўлжалланган маҳсулотларни мисол келтирди: унинг деталларини осонгина ечиб олиш мумкин ва бу чақалоқнинг нафас ололмай қолишига сабаб бўлиши мумкин. Ушбу маҳсулотларда хавфсизлик учун керакли стандарт тешик мавжуд эмас.
Бошқа хавфли маҳсулотлар:
• Заҳарли кимёвий моддаларга эга болалар ёмғирпўшлари.
• УВ фильтри йўқ қуёш кўзойнаклари.
• Меъёрдан узун боғичли болалар шортиклари – йиқилиш хавфини кучайтиради.
• Лиллал (бутйлпҳенйл метҳйлпропионал) моддаси бўлган косметик воситалар — бу модда Европа Иттифоқида 2022 йилдан бери тақиқланган.
“Safety Gate” номли тизим орқали бу каби маҳсулотлар ҳақида огоҳлантиришлар тарқатилади. 2024 йилда 4137 та огоҳлантириш қайд этилган бўлиб, уларнинг 35 фоизи косметика маҳсулотларига тегишли бўлган.
Макграт буни фақат истеъмолчилар хавфсизлиги масаласи эмас, балки маҳаллий бизнеслар учун адолатли рақобат муаммоси деб ҳисоблайди. “Европа компаниялари хавфсизлик қоидаларига риоя қилмоқда ва катта харажат қилмоқда. Қонунга амал қилмаётганлар билан рақобатлашиш уларнинг шаънига мос эмас,” деди у.
Европа статистикаларига кўра, 2024 йилда 150 евродан арзон 4,6 миллиард дона маҳсулот олиб кирилган — бу 2023 йилга қараганда 2 баробар, 2022 йилга қараганда эса 3 баробар кўп.
Европа Иттифоқи қуйидаги чораларни кўриб чиқмоқда:
• 150 еврогача бўлган товарларга божхона имтиёзини бекор қилиш.
• Ҳар бир посилка учун қўшимча йиғим жорий қилиш.
• Европа миқёсида ягона божхона органи ташкил қилиш.
АҚШда ҳам худди шундай чоралар 1 июндан кучга кирган. Доналд Трамп томонидан $800 чегара бекор қилинган ва харидорлар энди ҳар маҳсулот учун 30% солиқ ёки камида $50 тўламоқда.
Шеин 2025 йилда маҳсулот сифати ва хавфсизлигини таъминлаш учун $15 миллион сарфлашини эълон қилди. Улар 2,5 миллиондан ортиқ маҳсулот синовидан ўтказган ва 500 дан ортиқ етказиб берувчини олиб ташлаган.
Тему бу борада изоҳ бермади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар