Европа Иттифоқи расмийлари Тожикистоннинг Владимир Путинни ҳибсга олмаслик бўйича қароридан ташвиш билдирди. Бу ҳақда ЕИ Ташқи ишлар хизмати матбуот котиби Анитта Хиппер маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Россия президенти Халқаро жиноий суд томонидан ордер билан қидирувда бўлишига қарамай, Душанбе сафари вақтида ҳибсга олинмаган. Тожикистон эса ХЖС аъзоси сифатида суд низомида кўрсатилган мажбуриятларни бажариши лозим эди.
“Европа Иттифоқи Россиянинг Украинадаги босқинчилик уруши пайтида содир этган барча жиноятлари учун жавобгарликни таъминлаш тарафдори. Инсон ҳуқуқлари бузилиши, қурбонлар адолат олиши ва келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун халқаро терговларни қўллаб-қувватлаш муҳим”, — деди Хиппер ўз баёнотида.
ЕИ шу билан бирга Халқаро жиноий суд прокурори Украинада олиб бораётган текширувларини қўллаб-қувватлашда давом этишини ва барча давлатларни суд билан ҳамкорлик қилишга чақирди.
Маълумот учун, 2023 йил 17 март куни Халқаро жиноий суд Россия президенти Владимир Путин ва болалар ҳуқуқлари бўйича комиссар Мария Лвова-Беловага ҳибсга олиш ордерини чиқарган эди. Улар украиналик болаларни мажбурий равишда депортация қилишда айбланмоқда.
Шу билан бирга, Тожикистондан олдин ҳам Путин Мўғулистонга қилган ташрифи давомида ҳибсга олинмаганди. Бу ҳолат халқаро майдонда турли баҳсларга сабаб бўлмоқда — баъзилар буни сиёсий эҳтиёткорлик, бошқалар эса халқаро ҳуқуқ нормаларининг очиқ бузилиши сифатида баҳоламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!