Венесуэла: АҚШ ҳужумида 100 киши нобуд бўлди

Венесуэла ички ишлар вазири Диосдадо Кабелло АҚШ ҳарбий амалиёти оқибатида камида 100 киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ушбу ҳужум натижасида президент Николас Мадуро ҳокимиятдан четлатилган. Бу ҳақда вазир чоршанба куни кечқурун баёнот берди.
Расмийлар аввалроқ қурбонлар сони бўйича аниқ маълумот бермаган эди. Венесуэла армияси ҳозирча ҳалок бўлган 23 нафар ҳарбий хизматчи номини эълон қилди. Шунингдек, Куба томони ҳам Венесуэлада бўлган 32 нафар кубалик ҳарбий ва разведка ходими ҳалок бўлганини билдирди.
Кабеллонинг айтишича, ҳарбий амалиёт вақтида Николас Мадуро оёғидан жароҳат олган, унинг рафиқаси Силиа Флорес эса бош қисмидан жароҳатланган. Улар АҚШ ҳарбийлари томонидан қўлга олинган.
Венесуэланинг вақтинчалик президенти Делси Родригес ҳалок бўлган ҳарбийлар хотирасига бир ҳафталик мотам эълон қилди. Ушбу воқеалар мамлакатдаги вазиятни янада кескинлаштириб, халқаро ҳамжамият эътиборини тортмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!