Киев қишда синовда: зарбалар сув, иссиқлик ва ёруғликни узмоқда...

Иситиш мавсуми бошланганидан бери Украина томони РФ кучлари мамлакатнинг энергия объектлари ва иссиқлик таъминоти тизимларига қарши 256 та ҳаво ҳужуми ҳужжатлаштирилганини маълум қилди. Баёнотга кўра, 2025 йил октябр бошидан “мақсадли равишда” 11 та гидроэлектростанция ҳамда 45 та йирик иссиқлик электр марказлари нишонга олинган. Шунингдек, иссиқлик электр станцияларига 49 та аниқ ҳаво зарбаси, турли ҳудудлардаги электр подстанцияларига эса 151 та зарба берилгани қайд этилган.
Украина тарафининг таъкидлашича, зарбалар “Герань” дронлари, шунингдек “Искандер”, “Калибр”, “Х-101”, “Х-69” каби баллистик ва қанотли ракеталар орқали амалга оширилган. Энг кўп ўққа тутишлар Киев шаҳри ва Киев вилояти, Харкив, Одесса, Днипропетровск, Суми, Миколайив ҳамда Чернихив вилоятларидаги объектларга тўғри келган.
Совуқ кескинлашган палладаги бундай ҳужумлар электр ва иссиқликнинг кенг кўламда ўчишига, айрим жойларда сув таъминоти узилишига олиб келаётгани айтилмоқда. Хориж ОАВ эса бу қишда пойтахтдаги вазиятни уруш бошланганидан бери энг оғир даврлардан бири сифатида таърифламоқда.
Киевдаги реал манзара ҳам шу хавотирларни кучайтирди. Январ ойининг бошларида Россия зарбалари ортидан шаҳар ва қатор ҳудудларда электр тармоқларида жиддий узилишлар юз бергани, аҳоли совуқда қолиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Масалан, Reuters хабарларида Киевдаги турар жойлар шамолга “очилиб” қолгани, инфратузилмага босим ортгани, кенг кўламли зарбалар қайд этилгани ёзилган.
Киев шаҳар ҳокимияти томонидан ҳам фавқулодда ўчиришлар режими жорий этилгани, иссиқлик таъминоти тикланиб улгурган айрим ҳудудларда ҳам тармоқдаги муаммолар сабаб қайта чекловлар киритилгани ҳақида маълумотлар берилган.
Мутахассислар фикрича, қишнинг энг кескин нуқталарида энергия тизимига зарба — бу фақат электр эмас, балки иссиқлик, сув, транспорт ва кундалик ҳаёт занжирининг барча бўғинларига урилган зарба. Шунинг учун Украина томони ҳам ҳозирги ҳужумларни оддий ҳарбий эпизод эмас, балки аҳоли турмушини издан чиқаришга қаратилган босим деб баҳоламоқда.
Қисқаси, қиш — ҳар доим синов. Лекин тайёргарлик, тезкор таъмирлаш ишлари ва аҳолининг эҳтиёткорлиги кўп нарсани ҳал қилади. Энг муҳими — ҳар бир узилиш “тамом” дегани эмас: тизим қайта тикланади, фақат бу сафар нархи оғирроқ бўляпти.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!