Футзал. БМБ ПФК муддатидан аввал чемпионликни қўлга киритди

2025/2026 йилги мавсумда Ўзбекистон XXIX миллий чемпионати ғолиби кутилгандан эртароқ аниқланди. Амалдаги чемпион — Жиззахнинг БМБ ПФК жамоаси яна бир бор ўз устунлигини намоён этиб, тўртинчи марта мамлакат чемпиони деган шарафли унвонни расман қўлга киритди.
Мазкур турда жиззахликлар чемпионликни ҳимоя қилиши кутилган эди. Бироқ вазият фақат уларнинг натижаларига эмас, балки рақиб жамоаларнинг очко йўқотишига ҳам боғлиқ эди. Нодир Элибoев шогирдлари ўз вазифасини юқори савияда бажарди — икки учрашувда ишончли ғалабага эришди, яна бир баҳсда эса техник ғалаба қайд этилди.
Шу билан бирга, асосий рақиблар ҳам чемпионлик пойгасида жиддий хатоларга йўл қўйди. Хусусан, "Ойл Стар" жамоаси иштирок этган муҳим баҳсда очколар йўқотилиб, “банкирлар” амалда олтин медаллар учун курашдан чиқиб кетди. Кейинги ўйин кунида эса Бухоро вилояти жамоаси ҳам чемпионлик орзусидан воз кечишга мажбур бўлди.
Мамлакат вице-чемпиони ҳисобланган "Ойл Стар" футзалчилари Қарши жамоасига қарши баҳсда ҳам кутилган натижани кўрсата олмади. Кескин ва қизиқарли кечган учрашувда "Насаф" 1:1 ҳисобида дурaнг қайд этиб, чемпионлик борасидаги сўнгги интригани ҳам йўққа чиқарди.
Шу тариқа, БМБ ПФК нафақат барқарор ўйини, балки рақибларнинг хатоларидан ҳам унумли фойдаланиб, чемпионликни муддатидан аввал таъминлади. Жамоа бу мавсумда ўзини ҳақиқий лидер сифатида намоён қилди ва яна бир бор миллий футзал саҳнасида ўз устунлигини исботлади.