date

Сунъий интеллект талабалар ҳаётида устун, қоидалар ортда қолмоқда

Сунъий интеллект талабалар ҳаётида устун, қоидалар ортда қолмоқда

Дунёда таълим тизими кескин ўзгаришлар остонасида турибди. Lumina Foundation ҳамда Gallup томонидан ўтказилган “State of Higher Education Study 2026” тадқиқоти шуни кўрсатдики, сунъий интеллект аллақачон кўпчилик америкалик талабалар ҳаётининг ажралмас қисмига айланган. Бироқ бу тезкор ривожланиш университетлардаги мавжуд қоидалар билан мутлақо мос келмаяпти.

Тадқиқот натижаларига кўра, талабаларнинг 57 фоизи сунъий интеллект воситаларидан ҳар ҳафта ёки ундан ҳам тез-тез фойдаланади. Улардан 20 фоизи эса бу технологияни ҳар куни ишлатади. Яъни, AI талабалар учун Google ёки калькулятор каби оддий инструментга айланиб улгурган.

Фойдаланиш мақсадлари ҳам жуда кенг. Масалан, талабаларнинг 64 фоизи топшириқни тушунмаганда сунъий интеллектга мурожаат қилади. 60 фоизи эса уй вазифаларини текширишда ундан фойдаланади. Шу билан бирга, 54 фоиз талабалар матнларни таҳрир қилиш ва сифатини ошириш учун AI’ни ишлатса, 49 фоиз курс ишлари ва иншолар учун ғоялар яратишда унга таянади.

Қизиғи шундаки, гендер фарқи ҳам сезиларли: эркаклар сунъий интеллектдан аёлларга қараганда фаолроқ фойдаланади. Масалан, ҳар куни ишлатувчилар орасида эркаклар 27 фоизни ташкил этса, аёлларда бу кўрсаткич 17 фоизни ташкил қилади. Айниқса, бизнес, IT ва муҳандислик соҳаларида таҳсил олаётган талабалар орасида AI жуда оммалашган.

Бироқ асосий муаммо — қоидаларнинг ортда қолаётганида. Талабаларнинг 53 фоизи университетларда сунъий интеллект ё тақиқланган, ёки умуман тавсия этилмаслигини айтади. Фақат 7 фоиз талабаларгина университетлар бу технологиядан фойдаланишни қўллаб-қувватлашини билдирган. Энг қизиғи, талабаларнинг ярмидан кўпи таълим жараёнида AI бўйича аниқ қоидалар умуман мавжуд эмаслигини тан олган.

Бу ҳолат фақат АҚШ билан чекланиб қолмаяпти. Stanford HAI томонидан тайёрланган “AI Index 2026” ҳисоботига кўра, АҚШда талабаларнинг 80 фоиздан ортиғи, Буюк Британияда эса 95 фоизи баҳолаш ишларида сунъий интеллектдан фаол фойдаланмоқда.

Мутахассислар эса вазиятга икки хил қарамоқда. Бир томондан, AI вақтни тежайди ва ўқув жараёнини осонлаштиради. Бошқа томондан, “сохта компетенция” хавфи пайдо бўлмоқда — яъни талабалар ҳақиқий билим эмас, балки воситага боғлиқ кўникмаларни ўзлаштирмоқда. Агар AI бўлмаса, улар мустақил ишлашда қийналиши мумкин.

Тадқиқот муаллифлари жуда аниқ хулоса чиқаради: талабалар аллақачон сунъий интеллект дунёсида яшаяпти, университетлар эса ҳали ҳам эски тизимда қолиб кетмоқда.

Шу боис мутахассислар таълим муассасаларини кескин тақиқлардан воз кечиб, сунъий интеллектни тўғри ва онгли тарзда интеграция қилишга чақирмоқда. Яъни талабаларга AI билан ишлаш маданиятини, этик чегараларни ва танқидий фикрлашни ўргатиш — бугунги куннинг энг долзарб вазифасига айланмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Сунъий интеллект талабалар ҳаётида устун, қоидалар ортда қолмоқда