date

Можтаба Хоманаийнинг жароҳати ва саломатлиги ҳақида саволлар кўпайди

Можтаба Хоманаийнинг жароҳати ва саломатлиги ҳақида саволлар кўпайди

Эрон Олий раҳбари Можтаба Хоманаий 28 февраль куни Теҳрондаги қароргоҳига уюштирилган ҳаво зарбаси натижасида оғир жароҳат олгани ҳақида маълумотлар тарқалмоқда. Хабарларга кўра, ушбу ҳужум Исроил томонидан амалга оширилган бўлиб, воқеа минтақадаги вазиятни янада таранглаштирган.

The New York Times нашрининг Эрондаги юқори лавозимли манбаларига таяниб ёзишича, Хоманаий юзида жиддий куйиш жароҳатларини олган ва бу ҳолат унинг эркин гапириш қобилиятига таъсир кўрсатмоқда. Шу сабабли унга яқин кунларда пластик жарроҳлик амалиёти талаб этилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Маълумотларга кўра, февраль ойи охиридан буён у бир оёғида бир нечта – камида уч маротаба жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган. Табиблар ҳолатни барқарорлаштириш устида иш олиб бораётган бўлса-да, келажакда протез оёққа эҳтиёж туғилиши эҳтимоли ҳам истисно этилмаяпти. Шунингдек, яқинда у қўлида ҳам жарроҳлик амалиёти ўтказгани қайд этилган.

Шунга қарамасдан, манбаларга кўра, Хоманаий онгли ҳолатда ва вазиятни назорат қилиб бормоқда. Бироқ айрим стратегик қарорларни қабул қилиш ваколатини у ҳарбий раҳбарлар ва генералларга юклаган. Бу эса мамлакат бошқарувида вақтинчалик ички тақсимот юзага келганини англатиши мумкин.

Эътиборлиси, Олий раҳбар ҳозирча жамоатчиликка аудио ёки видео мурожаатлар билан чиқишни истамаяпти. Бунга сабаб сифатида унинг “заиф ёки кучсиз кўринишни хоҳламаслиги” кўрсатилмоқда. 8 март куни лавозимга киришганидан буён у асосан ёзма баёнотлар билан чекланиб, улар оммавий ахборот воситалари орқали тарқатилмоқда.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги эса Хоманаийнинг омма олдида пайдо бўлиши учун маълум вақт талаб этилишини маълум қилди. Бу эса унинг соғлиги тўлиқ тикланишига ҳали вақт кераклигини кўрсатади.

Айни пайтда халқаро майдонда ҳам турли баёнотлар янграмоқда. Жумладан, Доналд Трамп Эрон етакчисининг тирик ёки йўқлиги ҳақида шубҳали фикр билдирган. Бу каби изоҳлар эса ахборот майдонида турли тахмин ва муҳокамаларни янада кучайтирмоқда.

Эслатиб ўтиш жоиз, Можтаба Хоманаий лавозимга киришишидан аввал унинг отаси Али Хоманаий Эроннинг Олий раҳбари сифатида фаолият юритган эди. У ҳам айнан шу 28 февраль куни содир бўлган ҳужум оқибатида ҳалок бўлгани маълум қилинган.

Ҳозирча расмий маълумотлар чекланган бўлса-да, Эрон раҳбарияти атрофидаги вазият халқаро сиёсий муҳитда жиддий қизиқиш уйғотмоқда. Кейинги кунларда янги маълумотлар пайдо бўлиши кутилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Можтаба Хоманаийнинг жароҳати ва саломатлиги ҳақида саволлар кўпайди