Непалда туризм соҳасида улкан суғурта фирибгарлиги фош этилди

Непалда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Ҳимолай туризми тарихидаги энг катта молиявий жиноятлардан бирини очиб берди. Гидлар, вертолёт операторлари ва тиббиёт муассасалари ходимларидан иборат 32 нафар шахс катта миқдордаги суғурта маблағларини ноқонуний йўл билан ўзлаштирганликда гумон қилинмоқда.
Непал Марказий тергов бюроси маълумотига кўра, мазкур жиноий схема 2022–2025 йиллар давомида асосан Эверест маршрути ва бошқа машҳур треккинг йўналишларида амалга оширилган. Ушбу даврда қарийб 4800 нафар хорижий сайёҳ ушбу фирибгарлик қурбонига айлангани айтилмоқда.
Тергов маълумотларига кўра, жиноятчилар асосан яхши суғурта полисига эга бўлган сайёҳларни танлаб олган. Айниқса, вертолёт орқали эвакуация хизматлари қамраб олинган туристлар уларнинг асосий “нишони” бўлган. Гидлар турли баҳоналар билан туристларнинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақида вазият яратишга уринган.
Айрим ҳолатларда сайёҳларга берилган овқат ёки ичимликларга муайян таъсир қилувчи моддалар қўшилгани, ёки юқори дозада дори воситалари берилгани ҳақида гумонлар билдирилган. Бу эса кўнгил айниши, ич бузилиши ва тоғ касаллигига ўхшаш аломатларни юзага келтирган. Натижада “шошилинч тиббий ҳолат” деган баҳона билан эвакуация жараёни бошланган.
Шундан сўнг схема қуйидагича давом этган: вертолёт чақирилиб, бир рейс бир нечта суғурта ҳодисалари сифатида расмийлаштирилган, сохта тиббий хулосалар тайёрланган ва туристлар Катмандудаги шифохоналарга асоссиз равишда ётқизилган. Бу орқали катта миқдордаги маблағлар суғурта компанияларидан ундирилган.
Масалан, Mountain Rescue Service компанияси якка ўзи 171 та сохта эвакуацияни амалга ошириб, 10,3 миллион долларлик ҳисоб тақдим этган. Умумий зарар эса 20 миллион доллардан ошгани қайд этилмоқда.
Шу билан бирга, оммавий ахборот воситаларида тарқалган “заҳарлаш” ҳақидаги сенсацион хабарларга қарамасдан, расмий идоралар бу ҳолатни ҳали тасдиқламаган. Терговчилар асосий далил сифатида молиявий ҳужжатлар, қалбаки маълумотномалар ва гувоҳлар кўрсатмаларини келтирмоқда.
Ушбу можаро мамлакат туризм соҳаси нуфузига жиддий таъсир кўрсатди. Халқаро суғурта компаниялари Непалдаги треккинг сафарлари учун полис шартларини қайта кўриб чиқишни бошлаган. Мутахассислар бу ҳолатни нафақат иқтисодий, балки миллий имиджга ҳам катта зарба деб баҳоламоқда.
Айни вақтда 11 нафар гумонланувчи ҳибсга олинган, қолганлари қидирувга берилган. Тергов жараёнлари давом этмоқда ва яқин кунларда янги тафсилотлар ошкор бўлиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!