Инсоният яралибдики, кимдир кимнидир чув тушириш пайида бўлади. Бунинг уддасидан чиққан шоввозлар шу қадар кўпки, улар ҳақида ҳикоя қилиб тугатиб бўлмайди. Эрамиздан аввалги 246 йилдаёқ қўлёзмаларни «эскиртириб», қадимий пергамент асарлар сифатида сотган қаллоблар фош этилган. Баъзан фирибгарларнинг қилмишлари оммага ошкор бўлмай қолади, боплаб кетган устомон-ку сирини бермаслиги тайин, лекин чув тушганлар ҳам кўпинча тилини тишлашга мажбур бўлади. Шу тариқа тарих ғилдираги неча-неча фирибларни ортда қолдиргандир… Биз бугун маълум бўлган энг машҳур фирибгарликлар ўнлигини эътиборингизга ҳавола этамиз.
10-ўрин. Жамиятнинг энг юқори қатлами томонидан уюштирилган фириблар ичида Филиппин президенти Маркос ва унинг хотини Имельда биринчи ўринни эгаллашган. Филиппинда бўлиб ўтган президентлик сайловида Маркос алдов йўли билан ютиб чиққанлиги тўғрисида хабарлар тарқалиши биланоқ президент жаноблари ва Имельда хоним давлатга тегишли 860 миллион долларни олганча самолётга чиқиб ғойиб бўладилар.
9-ўрин. 1966 йилда Канада портида бир фирибгар ўғри сохта ҳужжатлар билан бутун бошли кемани ўғирлаб кетади. Бу жиноят бир киши томонидан ўғирланган энг йирик буюм сифатида ҳам тарихда қолган.
8-ўрин. 1989 йилда Италиянинг Дель Лаворо миллий банки сохта ҳужжатлар туфайли 5 миллиард доллардан айрилади.
7-ўрин. Меъморлик соҳасидаги энг йирик фирибгарлик 1961 йилда авлиё Игнасио черкови қурилишида амалга оширилган деб ҳисобланади. Черков устига катта қубба қурилиши мўлжалланган, лекин бунинг учун ажратилган маблағ ноинсоф қурувчилар томонидан «еб» юборилгани учун иш ўлда-жўлда қолиб кетганди. Шундай бўлса-да, руҳонийлар муаммони вақтинча хаспўшлашнинг уддасидан чиқдилар. Рассомлар черков шифтига қуббанинг суратини шунчалик усталик билан чизадиларки, анча вақтгача қубба сохталиги сезилмайди.
6-ўрин: 1983 йилда «Тайм» ва «Штерн» газеталари бир вақтда Ҳитлернинг кундаликларини чоп этадилар. Кейинчалик маълум бўлишича, ҳар икки кундалик сохта бўлиб чиқди. Шундай бўлса-да, нашрлар ўз ададини анча ошириб оладилар.
5-ўрин. Рассом Том Картинг 30 йил давомида тасвирий санъат соҳасининг билимдонларини чув тушириб келган. У ўзи чизган суратларни буюк рассомларнинг асари дея яхшигина пулларди. Фириб тасодифан очилиб қолди. Кимдир Картингнинг устахонасида Микеланжело «қаламига мансуб» тугалланмаган суратни кўриб қолганди.
4-ўрин. 1911 йилда да Винчининг машҳур «Мона Лиза» асари ўғирлаб кетилди ва дунё бўйлаб унинг сохта нусхалари пайдо бўла бошлади. Ўша ажойиб даврларда энг камида олти нафар америкалик санъат ишқибози «ҳақиқий» «Жоконда» учун 3 миллион доллардан пул тўлашган. Дарвоқе, ҳалига қадар ҳақиқий «Мона Лиза» ўғирлаб кетилган, Луврдаги сурат сохта деган фикрлар юради.
3-ўрин. 1921 йилда фирибгар Оскар Хартцелл машҳур денгиз қароқчиси Фрэнсис Дрейкнинг ҳаёт бўлган авлодлари билан бирма-бир учрашиб чиқади ва боболаридан қолган жуда катта меросни қўлга киритиш имкониятидан фойдаланиш кераклигини шипшитиб қўяди. У меросга даъвогарлардан керакли ҳужжатларни расмийлаштириш учун яхшигина пул ундиради ва... табиийки, изсиз ғойиб бўлади.
2-ўрин. Артур Фергюсон исмли бир кимса америкалик машҳур банкир Тексанни боплаб алдаганига нима дейсиз. У 1 миллион доллар эвазига Вашингтондаги Оқ уйни бир йилга ижарага олиб беришни ваъда қилади. Фергюсон банкирни Америка ҳукумати шу йўл билан президент ва унинг оиласига сарфланадиган маблағни иқтисод қилиш ниятида эканига ишонтирганди.
1-ўрин. 1925 йилда чех миллатига мансуб Виктор Люстиг амалга оширган фириб ҳаммасидан ошиб тушган ва муносиб тарзда тарихдаги қаллобликлар ичида биринчи ўринни эгаллаган. Люстиг Эйфел минорасини темир-терсак йиғувчиларга шу ҳолида пуллаб юборади. Энг қизиғи, у бу операцияни бир йилда икки марта амалга оширишга муваффақ бўлади.
Келинг, энг машҳур қаллоб сифатида тарихга кирган бу инсон ҳақида алоҳида ҳикоя қилайлик
Графлар авлодига мансуб Виктор Люстиг 1890 йилда Чехиянинг Хостин шаҳрида дунёга келади. Ўқувчилик чоғларидаёқ у чех, инглиз, француз, немис ва итальян тилларида бемалол сўзлаша оларди. Мактабни тугатганидан сўнг Виктор Европа бўйлаб саёҳатга чиқади ва ўша даврда қиморнинг маркази бўлган Парижда қўним топади. Бу шаҳарда у қартабозликни шу даражада мукаммал эгаллайдики, ютиб олган пуллари бутун умрига етарди. Лекин буюк ишларни мўлжаллаган Люстиг борига қаноат қиладиганлар тоифасидан эмасди. У кўҳна қитъа ва янги дунё деб ҳам номланувчи Америка ўртасида қатновчи круиз лайнерларида қатнай бошлайди ва йўл-йўлакай қиморнинг ортидан бойларни шилиб олаверади.
1920 йилда Люстиг Америкага кўчиб келади ва нари борса икки йил ичида ўнлаб банклар ва юзлаб шахсларни турли йўллар билан юз минглаб пулларга туширади. Ўз фирибларида 45 та тахаллусдан фойдаланган Люстигни 50 марта ҳибсга оладилар. Лекин ҳар сафар аниқ далиллар йўқлиги туфайли у сувдан қуруқ чиқар, ўрнига беайб бечоралар панжара ортига равона бўлишарди.
1926 йилда Чикагонинг энг машҳур гангстерларидан бирининг олдига яхши кийинган бир киши кириб келади ва ўзини граф Виктор Люстиг деб таништиради. У гангстердан 50 минг доллар қарз сўрайди ва бу пулни 2 ой ичида икки баробар қилиб қайтаришни ваъда қилади. Ўзини алдашга ҳеч кимнинг юраги дов бермаслигини яхши билган гангстер шартта пулни санаб беради. Люстиг бу пулларни Чикаго банкидаги сейфлардан бирига жойлайди ва хотиржамлик билан Нью-Йоркка равона бўлади. Люстиг пулни кўпайтиришга ҳаракат ҳам қилмайди. Муддат тугаганидан сўнг у пулни олиб гангстернинг олдига келиб, қийин аҳволга тушиб қолганини айтади ва режаси амалга ошмаганидан узр сўраб, 50 мингни қайтариб беради. Гангстер унга шундай дейди: «Мен 100 минг доллар олишни ёки ҳеч вақосиз қолишни кутгандим. Сиз эса пулимни қайтариб бердингиз... Шубҳасиз, сиз ҳалол одам экансиз. Мен ҳозирги кунда ҳалол одамлар қолмаган деб юрардим. Муаммолар гирдобидан чиқишингиз учун мен сизга 5 минг доллар ҳадя қиламан!». Люстиг бу ерда ҳеч қандай қаллоблик қилмагандек туюлар. Лекин гангтсернинг ишончига кириб, мана шу 5000 долларга эга бўлиш Люстигнинг асл мақсади эди.
Бироқ Люстиг гангстер билан боғлиқ воқеа орқали эмас, Эйфел минорасини сотиш орқали оламшумул шуҳратга эришган. 1925 йилнинг майида у яна бир қаллоб ошнаси Дэн Коллинс билан Парижга ташриф буюради. Маҳаллий газеталарни титкилаб ўтираркан, бир мақолага кўзи тушади. Унда Эйфел минораси жуда хароб аҳволга келиб қолганлиги, минорани таъмирлашдан кўра бузиб ташлаш арзонга тушиши, ҳукумат шу масала устида бош қотираётгани тўғрисида ёзилганди. Люстигнинг мияси яшин тезлигида ишлаб кетади ва тез орада ажойиб режа тузади. Биринчи навбатда қалбаки ҳужжатлар ясовчи таниши орқали ўзига ишонч ёрлиғи тайёрлатиб олади.
Ҳаммаси тинчлигини билган фирибгар яна Парижга қайтади ва худди олдингидек Эйфелни иккинчи марта пуллайди.
Фото: «Pikabu.ru»
Фото: «Pikabu.ru»
Кейин металлом билан шуғулланувчи йирик тадбиркорларга расмий хатлар йўллайди. Уларни қимматбаҳо меҳмонхонага таклиф қилган Люстиг ўзини Почта ва телеграф министрининг ўринбосари деб таништиради. Тадбиркорларга у Эйфел минораси 1889 йилда Жаҳон кўргазмаси учун вақтинча бир экспонат сифатида қурилганлигини, ҳозир ҳукумат уни бузиб, металлом сифатида сотиш ниятида эканлигини айтади ва уларни ёпиқ аукционга таклиф этади. Люстиг тадбиркорларга Эйфел минорасини жуда яхши кўрувчи Париж оммасида норозилик ўйғотмаслик учун бу ишларни қаттиқ сир тутиш лозимлигини уқтиради. Орадан тўрт кун ўтиб тадбиркорлар кимошди савдосида қатнашиш учун ариза топширадилар. Лекин Люстигни кимошди қизиқтирмас, у ўзининг ўлжасини мўлжаллаб бўлганди. Бу Андре Пуассон исмли тадбиркор эди. Люстиг гап орасида Пуассонга кимошди савдосида ютиши мумкинлигини қистириб ўтади. Тагдор гапларни яхши тушунадиган Пуассон ишни узил-кесил ҳал қилиб қўйиш учун фирибгарга пора сифатида пулга тўла чемоданни топширади. Дэн Коллинс ва Люстиг шу ондаёқ Австрияга жўнаб кетишади ва Пуассоннинг пулларига маза қилиб яшай бошлайдилар. Чув тушганини англаган Пуассон қип-қизил аҳмоқдек кўринмаслик учун дардини ичига ютади.
Ҳаммаси тинчлигини билган фирибгар яна Парижга қайтади ва худди олдингидек Эйфелни иккинчи марта пуллайди. Лекин бу сафар алданган америкалик бизнесмен полицияга мурожаат қилади. Люстигнинг фириби газеталарда чоп этилиб, бутун Европада катта шов-шувга сабаб бўлади. Фирибгар Америкага қочиб кетади.
1935 йилнинг декабрида граф Люстиг қўлга тушади ва қалбаки доллар ясаганликда айбланиб 15 йилга, бир ой олдин қамоқдан қочганлиги учун 5 йилга кесилиб кетади. Уни Сан-Франциско яқинидаги машҳур «Алькатрас» қамоқхонасига жўнатишади. Энг машҳур фирибгар 1947 йилда шу ерда зотилжамдан вафот этади. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?