22:13 / 25.09.2018
4 809

Россиянинг Сурияга С-300 зенит-ракетали мажмуани етказиб бериши нимани англатади?

Россиянинг Сурияга С-300 зенит-ракетали мажмуани етказиб бериши нимани англатади?

Расмий Москванинг Дамашққа С-300 зенит-ракетали комплекслар етказиб бериш тўғрисидаги қарори Сурия ҳукуматига муҳим объектларни муҳофазалаш, шунингдек, Исроил ва бошқа бир қатор Ғарб давлатлари ҳарбий самолётлари Сурия бўйлаб зарбалар бериш имкониятларини чеклаш мақсадини ифодалайди.

24 сентябрь куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу маълум қилдики, Россия икки ҳафта мобайнида суриялик ҳарбийларга С-300 зенит-ракетали мажмуасини етказиб беради.

Бу Латакияда уриб туширилган Ил-20 га жавоб чораси сифатида кўрилмоқда.

Шойгунинг сўзларига кўра, Россия 2013 йилда Исроилнинг илтимоси билан Сурияга С-300 мажмуасини етказиб беришни тўхтатган эди. Шойгу «бугун вазият ўзгаргани, бунга эса Россия айбдор эмаслиги»ни қайд этиб ўтди.

У 17 сентябрь куни Россиянинг Ил-20 самолёти Хмеймим авиабазасига қайтиб келиш чоғида уриб туширилгани, унинг бортидаги 15 нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлганини эслатиб ўтди. У Ил-20 самолёти худди шу вақтда Суриянинг ғарбий қирғоқларига ҳужум қилган Исроилнинг F-16 самолётлари туфайли зарбага йўлиққанини такрорлади. Вазирнинг сўзларига кўра, бу воқеа Россияни Сурияда терроризмга қарши курашаётган россиялик ҳарбийларни ҳимоя қилишга қаратилган чораларни кўришга ундади.

«Аминмизки, ушбу чоралар «қизиган бошлар»ни совитади ва бизнинг ҳарбий хизматчиларимиз учун хавф туғдирувчи бемулоҳаза хатти-ҳаракатлардан тияди. Акс ҳолда, юзага келаётган ҳолатга мувофиқ чора кўришга мажбур бўламиз», деган у.

Исроилнинг бу қарорга муносабати, бу қарор Россия ва Исроил муносабатларига қандай таъсир этиши масаласи ҳозирча очиқ қолмоқда. Ҳозирча Исроилнинг Москвадаги элчихонаси бу борада изоҳ бермаяпти. Аммо шу йилнинг апрель ойидаёқ Исроил мудофаа вазири Авигдор Либерман агар Сурия Исроилга қарши С-300 зенит-ракетали мажмуаларини қўллайдиган бўлса, бу қуроллар йўқ қилиниши ҳақида огоҳлантирганди.

РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков сурияликларга зенит-ракетали мажмуалар етказиб берилишидан мақсад учинчи давлатга қарши ҳаракатлар эмас, Суриядаги россиялик ҳарбийлар хавфсизлигини таъминлаш эканини қайд этиб ўтди.

Ҳарбий мунозаралардан дипломатик музокараларга

Мудофаа бўйича Федерация кенгаши қўмитаси аъзоси Франц Клинцевичнинг ҳисоблашича, С-300 етказиб берилиши ортидан Сурияда Исроил қуролли кучлари ва Россия ҳарбийлари ўртасида тўқнашув келиб чиқиши эҳтимоли йўқ.

«Бундай мажмуага эга бўлган давлат ўз ҳудудидаги объектлар - тинч аҳоли ва ҳарбийларини авиация ҳужумидан муҳофаза эта олади», деган у. Унинг сўзларига кўра, «C-300 етказиб берилиши мавжуд тарангликни юмшатиб, томонларни дипломатик йўлга ундайди».

РФ ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов ҳам C-300 мажмуаси етказиб берилиши Россия ва Исроил муносабатларини бузмаслигига ишонч билдирган. Унинг сўзларига кўра, бу қарор «Россия ва Суриянинг суверен ҳуқуқи».

Нормалар ва ҳуқуққа зид эмас

Истеъфодаги генерал-полковник, ҳарбий эксперт Леонид Ивашовнинг сўзларига кўра, C-300 мажмуаси етказиб берилиши қарори шуни англатадики, Сурия ҳудудларининг асосий қисмида ҳамда Ўрта Ер денгизининг акваториясида «агрессиядан холи хавфсиз ҳудуд» барпо этилади.

Ивашовнинг сўзларига кўра, «бундай ҳудуд ташкил этиш Россиянинг ва Суриянинг ҳуқуқи бўлиб, бу қарор ҳалқаро ҳуқуқ нормаларига зид келмайди». «Бу ҳаракат АҚШ, Исроил ва халқаро коалиция таркибида Сурияда ҳарбий амалиётлар ўтказиб келаётган бир қатор Ғарб давлатларининг кескин қаршилигига учрайди», деб ҳисобламоқда у.

Исроил ва Ғарб давлатларига сигнал

«Бу Москванинг шунчаки бир ҳарбий қадами эмас, бу ҳарбий-сиёсий чорадир. Биринчидан, бу Башар Асад армиясига мамлакат ҳудудини ноқонуний ҳаво ҳужумларидан ҳимоя қилишда қўшимча ишонч бағишлайди. Иккинчидан, бу америкаликларга ва коалиция таркибидаги бошқа ҳамкорларига Сурия ҳаво ҳудудига кириш тақиқланишини англатади», деган «Интерфакс» билан суҳбатда ҳарбий зиддиятлар ва геостратегик прогнозлаш бўйича эксперт, профессор Евгений Никитенко.

Унинг сўзларига кўра, Дамашққа C-300 зенит-ракетали мажмуани етказиб бериш шунчаки Сурия ҳудудига берилиши мумкин бўлган зарбаларни тўсишга эмас, «ҳукуматнинг мамлакат ҳудуди устидан назоратни таъминлаши»га хизмат қилади. «Бу шунчаки зенит-ракетали мажмуа эмас, балки Суриянинг иқтисодий тикланиши ва хавфсизлиги кафолатидир», деган эксперт.

АҚШ ва Канада ҳарбий-сиёсий тадқиқотлар институти раҳбари Владимир Батюк ҳам Сурияга С-300 етказиб берилишини «америкаликларга кучни кўрсатиб қўйиш» сифатида баҳоламоқда. У С-300 - қудратли ҳаво ҳужумидан мудофаа мажмуаси экани, «бу мажмуа америкаликларни Сурияга ҳужум қилишидан аввал яхшилаб ўйлаб кўришга ундаши»ни айтиб ўтган.

У «шу вақтгача Сурия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимида бўлган қуроллар эскиргани, Россиянинг Ил-20 самолётини адашиб уриб туширган С-200 Собиқ Иттифоқ даврида олиб келингани»ни қайд этиб ўтган.

Экспертлар С-300 етказиб берилишини Исроил ва Ғарбнинг бошқа қудратли давлатларига Россия томонидан берилган сигнал - Россия бундан кейин Сурия ҳаво кенгликларини назорат қилмоқчи эканини англатиш сифатида баҳолашган.

С-300 Сурияни «ўқ ўтказмас» қилиб қўя олмайди

Ҳарбий эксперт Николай Сурковнинг айтишича, бу мажмуани олгач, Сурия «мутлақо мукаммал ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига эга бўлиб қолмайди». Аммо ҳужум қилувчи томон кенг кўламли амалиётда натижага эришиши учун янада кўпроқ ҳарбий кемалар ва ҳарбий самолётларни ҳаракатга келтириши зарур бўлади.

Экспертнинг қайд этишича, С-300 Сурия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими имкониятларини кардинал даражада оширади, аммо мамлакатнинг барча ҳудудларини ҳаво ҳужумларидан ҳимоя қила олмайди. «Муҳим жиҳати шундаки, Сурияга бундай мажмуалардан қанча етказиб берилади ва суриялик ҳарбийлар уни ўзлаштириши учун қанча вақт керак бўлади? Техникани қабул қилиш бошқа иш, уни жанговар ҳолатга келтириш ва қўллашни ўрганиш бошқа иш. Шуни англаш керакки, С-300 мамлакатнинг бутун ҳудуди ҳимояси учун эмас, айрим объектлар ҳимояси учундир», деган эксперт.

Мудофаа ва хавфсизлик бўйича Федерация кенгаши қўмитаси раиси Виктор Бондарев эса Сурияга С-300 батареялари жойлаштирилиши Россиянинг Хмеймимдаги ҳарбий базаси хавфсизлигини мустаҳкамлашини таъкидлаб ўтган. У Сурияга бир нечта батарея етказиб берилиши мумкинлигини истисно этмаган.

Исроил янада сезгир бўлиши талаб этилади

Дамашққа С-300 етказиб берилиши Сурия ҳудудида эронпараст кучларга қарши амалиётлар ўтказиб келаётган исроиллик ҳарбийларнинг тактикалари ўзгаришига олиб келади. Эндиликда исроилликлар янада эҳтиёткорроқ бўлиб, радиоэлектрон тизимларини янада сезгирроқ қилиб такомиллаштиришлари талаб этилади.

«Зиддият келиб чиқиш эҳтимоли юқори эмас, аммо бу қарор Россиянинг Исроил билан муносабатларини мураккаблаштириши тайин. Мен вазият қуролли қарама-қаршиликкача етиб бормаслигига умид қиламан. Аммо суриялик ҳарбийлар Россия етказиб берган мажмуа билан исроиллик учувчиларни уриб туширишса, Исроил бу мажмуаларни ва улар жойлашган базаларни ўққа тутади», деган ҳарбий эксперт Алексей Арбатов.

«Қоидаларни Россия белгилаб беради»

Москванинг Дамашққа С-300 етказиб бериш бўйича қарори Сурияга қарши йирик ҳарбий амалиёт бошлашга ҳозирлик кўраётган Исроилни тийиб туришга қаратилган. Аммо бу қарор Россия-Исроил муносабатларига жиддий зарар етказмайди, деб ҳисобламоқда Ташқи сиёсат ва Мудофаа бўйича кенгаш президиуми раиси Федор Лукьянов.

«Бир томондан Исроилга аниқ сигнал йўлланди. Бошқа томондан, ҳеч ким Исроил билан эришилган юқори даражадаги муносабатларга зарар етказилиши мумкинлигига қизиқмади», деган у.

Унинг фикр билдиришича, бу қарордан мақсад «қоидаларни Россия белгилашини Исроилга англатиб қўйиш»дан иборат.

Кўп нарсани ўзгартирмайдиган енгил жавоб

Яна бир ҳарбий эксперт Дмитрий Марьясиснинг фикр билдиришича, Москванинг қарори Исроилнинг Эрон қўлловидаги кучларга қарши Суриядаги амалиётларига жиддий таъсир этмайди.

«Менимча, бу исроилликлар учун жуда енгил жавоб бўлди. Бу тўғридан-тўғри Исроилнинг ўзига таъсир кўрсатмайди. Исроиллик ҳарбийлар ўз нишонларига зарба бериш йўлини топа олишади», деган у.

Унинг сўзларига кўра, «Москванинг Сурияга С-300 етказиб бериш бўйича қабул қилган қарори ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб қаралса, эҳтимоллар орасида энг кучсиз қарор бўлди».

Унинг фикрича, Россия-Исроил муносабатларида инқирозли ҳолат кузатилмайди. «Ил-20 воқеасидан кейин Россия Мудофаа вазирлиги айбловлари ортидан Исроил бундан қатъийроқ реакция кутганди», дея қайд этади эксперт.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россиянинг Сурияга С-300 зенит-ракетали мажмуани етказиб бериши нимани англатади?