23:50 / 29.09.2018
4 002

Галилео Галилейнинг йўқолган мактублари топилди

Галилео Галилейнинг йўқолган мактублари топилди
Буюк итальян олими Галилейнинг гелиоцентризм назариясини ёқлаши, Коперникнинг фикрларини маъқуллаши акс этган илк мактублари Лондон кутубхонаси архивидан тасодифан топиб олинди.

Галилей замонида бировнинг бошқа одамга йўллаган хатларини очиб ўқиш, нусха кўчириш ва тарқатиш айб саналмаган. Айниқса, олимларнинг бир-бирига йўллаган мактублари катта қизиқиш билан кўпайтирилиб, бошқа олимлар ўртасида тарқатиларди. Илмий мақолалар эълон қилинадиган даврий журнал ва газеталар бўлмаган ҳамда олимлар турли конференцияларга йиғилмаган ўша замонларда хатларни кўпайтириб тарқатиш замоннинг энг долзарб илмий масалаларидан бохабар бўлиб боришнинг салкам ягона усули бўлган.

1613 йилнинг қишида Галилей кўп йиллик дўсти, математик олим Кастеллига етти саҳифали мактуб йўллайди. Унда Галилей биринчи марта Коперникнинг гелиоцентрик назарияси ҳақ экани ҳақидаги мулоҳазаларини билдирганди. Айнан ўшанда Галилей “Ер Қуёш атрофида айланади” деб аниқ-тиниқ ёзган ҳамда урғуни черковнинг бу борадаги таълимоти янглиш эканига қаратган.

Маълумот учун: гелиоцентризм — Қуёш тизими марказида Ер эмас, Қуёш жойлашгани ҳақидаги назария. Аристотель замонидан буён фанда бунинг терси бўлмиш геоцентризм ҳукмрон эди. Гелиоцентрик қарашлар антик даврда Пифагор мактаби намояндалари томонидан илгари сурилганига қарамай, назариянинг Европа фанида ҳукмрон мавқега эга бўлиши польшалик астроном Николай Коперник билан боғлиқ.

Ушбу мактуб Кастеллига етиб боришидан аввал, одатга кўра, кўпайтирилган ва тарқатилган. Хатнинг нусхаларидан бири Николло Лорини исмли роҳибнинг қўлига келиб тушган. Лорини Галилейни ҳам черков таълимотига қарши исён чиқармоқда, деб айблаган ва у ўзидаги хат нусхасини Римга, Папа ҳузурига юборган. Яъни, бечора Галилейни инквизиция суди олдида жавоб беришга ҳамда умрининг сўнги йилларини зиндон ва уй қамоғида ўтказишига мажбур қилган ўша айблов айнан шу хат туфайли юзага келган эди.

Ҳа, ўрта асрлар католик черкови хурофотга берилган ва бидъатпараст бўлган. Натижада "Ер Қуёшнинг атрофида айланади" деган ғоя тарафдори бўлгани учун Ватикан Галилейни уч йил қийноққа солиб суд қилди. Суд якунида Папа Урбан VIII ёзиб берган тазарруни уч йилгача ҳафтасига етти мартадан ўқиш шарти билан гулханда ёқиш жазосини қамоқ жазосига алмаштирган. Инквизиция қийноқларига чидай олмаган Галилей ўзини оқлаш учун Кастеллига ёзган мактубини роҳиб Лорини атай ўзгартирган ва туҳмат уюштирган, деганди ҳам. Афсуски, Галилейнинг ўша мактуби нусхасини Ватикан ҳанузгача махфий архивда сақлайди.

Мактубнинг Лондонда топилган асл нусхаси черков ва илм-фан ўртасидаги кўп асрлик тортишувлардан бирига чек қўйди. Маълум бўлишича, Галилей аслида ўша мактубда ҳақиқатан ҳам Коперник ғоялари ҳақ эканини очиқчасига эътироф этмаган. Балки бу ғоялар тўғри эканига ишонишга мойиллиги борлигини силлиққина билдириб ўтган. Боз устига, хатдаги кўплаб тузатишлар олимнинг черковга нисбатан билдирган кескин фикрларини бошқатдан, юмшоқроқ тарзда ифодалашга уринганини кўрсатмоқда. Яъни, олим черков ва, айниқса, унинг хурофотга берилган монахлари билан ўчакишмоқчи бўлмаган. Шунга қарамай, у умрининг сўнгги йилларини уй қамоғида ўтказишга мажбур бўлди. Ватикан эса олимнинг бўйнига қўйилган айбловларни фақат 1992 йилга келибгина олиб ташлади. Ўшанда Папа Иоанн Павел II Ватиканнинг 1633 йилги инквизиция суди хато қарор чиқарганини расман тан олган ва Галилей реабилитация қилинганини эълон қилган эди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Галилео Галилейнинг йўқолган мактублари топилди