16:30 / 03.10.2018
3 553

Тартарлардан янгиликлар: Шинжон (3-қисм)

Тартарлардан янгиликлар: Шинжон (3-қисм)
Бу сафар мен ўз машинамда саёҳат қилаётган эдим, лекин Хитойга кириш ўн беш йил аввалгидан қийинроқ бўлди. Кириш учун рухсатни ярим йил кутдим – уни фақатгина лицензияли Хитой сайёҳлик фирмаси бериши мумкин экан. Чегарада бизни телефон рақами менга аввалроқ жўнатилган гид кутиб олиши керак эди. Уйғур гидга хорижий рақамдан қўнғироқ қилиш ҳозирги шароитда мумкин эмас, бироқ Хитойнинг қатъий қонунларини ҳам айланиб ўтиш мумкин – агентлик менга чегарачилардан телефон сўраб туришни маслаҳат берди.

Хитой нефти ва газининг катта қисми айнан Шинжонда қазиб олинади, айнан мазкур ҳудуд орқали Россиядан Хитойга ёқилғи олиб келинади, бироқ энг асосийси, Шинжон “Бир камар ва бир йўл” лойиҳасида марказий боғловчи ҳалқа вазифасини ўтайди. Ушбу глобал инфратузилмавий ташаббус Хитой, Яқин Шарқ ва Европа бозорларини бир-бири билан боғлаши лозим. Шу туфайли қолоқ ҳудудга улкан маблағлар оқиб кела бошлади. Ўз ҳудудидаги йўл тармоғини Европа стандартларига мослаган Хитой қўшниларидаги қурилишни субсидиялашни бошлади – янги темир йўл Шинжонни Қирғизистон ва Ўзбекистон билан боғлаши кутилмоқда. Ҳозирча поездлар қатнамаяпти, лекин аввал мен ўтган йўлда яхшигина асфальт пайдо бўлибди.

Довондаги бостирма ҳам энди йўқ. Янги қирғиз постида уйқусираган аскарнинг ўрнида замонавий қурол-яроғли бутун бошли отряд турибди. 2014 йилда чегара яқинида тўқнашув содир бўлган, чегарадан ўтган 11 нафар уйғур ва қирғизистонлик бир аскар ҳалок бўлган эди. Чегарабузарларда ўқотар қурол йўқ эди, лекин ҳар бирининг ёнидан Қуръон, компас, пичоқ, арқон ва кафан чиқди. Қирғиз ҳукумати ва Хитой комиссияси бу нарсалар туфайли ўлдирилганларни террорчи гуруҳ аъзоси деб топди, чегарада назоратни кучайтиришга қарор қилинди.

Хитой томонида фақатгина шлагбаум янги эди. Совуқ юзли аскар юзларимизни телефонда суратга олди ва паспорт рақамларимизни компьютерга киритди. Эллик метр нарида кейинги тўсиқда бешта ҳарбий машинамизни синчиклаб текширди. Улар яна паспортларимизни текширишди ва яна бизни суратга олишди. Кейинги йигирма дақиқада биз учта ўтиш пунктидан ва камида ўнта видеокамерадан ўтдик. Навбатдаги тўсиқда оқ қўлқопли қўриқчи бизни автоматик дарвозали улкан замонавий бинога жўнатди. Унинг ичи сканер ва рентгенлар билан тўла экан – янги, ялтироқ, худди тиббий жиҳозларга ўхшайди.

Гид – спорт либоси кийган семиз уйғур шу ерда кутиб турган экан. У айбдорона табассум билан текширув шунчаки бошланғич эканини тушунтирди – биз ҳар бири икки одимдан тўрт одимгача бўлган уч босқичли назоратдан ўтишимиз керак экан. Аввалига чегарачилар телефонларимизни текшириб, бетараф ҳудудда олинган суратларни ўчиришди. Кейин юкларимиз рентгендан ўтди. Китоблар ва қайдлар алоҳида текширилди, айниқса, Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги чегаралашга бағишланган “Озодлик ва ярим тун” номли китоб алоҳида шубҳага сабаб бўлди. Текширувчилар рация орқали бошлиқлари билан боғланиб, “озодлик” сўзи мусодара учун асос бўла олмаслигини аниқлаштириб олишди.

Кейин машинани рентген учун боксга киритишди. Тасвирлар шу жойнинг ўзида эмас, бир ярим минг километр нарида – Урумчидаги таҳлил марказида кўриб чиқилиши туфайли жавобни бир соат кутишимизга тўғри келди. Ҳар сафар рентген нурланиши кучи туфайли боксда радиацион хавфсизлик белгиси ёнар ва сирена узоқ чийиллар, бироқ ҳеч ким бунга эътибор бермас эди.

Божхона текширувидан кейин ҳарбийларнинг текшируви бошланди – формали одамлар барча компьютерларга видеофайллар, фотосуратлар, алоқалар рўйхати ва матнларни сканирлайдиган махсус мосламани тақишди. Улар хариталарни, кишиларни ва исмларни қидиришар эди. Менинг эски ноутбукимга Mobile Hunter деб ёзилган мосламани тақиб бўлмади, шунинг учун расмларни битталаб кўриб чиқишди. Мен эски уйғур танишларимнинг расмлари чиқиб қолишдан хавотир олдим, бироқ аскарлар уқувсиз бўлгани учун на уларни, на Тибет ҳақидаги фотоархивни топа олишди. Мен қўрқиб кетгандим – Хитойга саёҳатларим давомида ҳеч қачон бундай текширувга дуч келмаганман.

Ёнимизда текширувдан ўтаётган сайёҳларнинг телефонига ҳарбийлар JingWang Weishi деб аталувчи, Шинжонда мусулмонларни таъқиб қилиш учун ишлатиладиган махсус иловани ўрнатишди. JingWang полицияга қурилманинг идентификаторини, унинг модели ва эгасининг рақамини узатади, пировардида келиб тушаётган барча маълумот мониторинг қилинади ва давлатнинг нуқтаи назарида хавфли ҳисобланувчи контент аниқланади. Мен бу илова ҳақида аввал эшитгандим, бироқ шунчаки миш-миш деб ўйлагандим. Чегарадан беш соат кейин бу иловани ўрнатиш яқиндан бошлаб Шинжондаги барча уйғурлар учун мажбурий бўлганидан хабар топдим. Ўзимнинг телефонимни эса яширишга муваффақ бўлдим.

Ҳарбийлар текширувидан кейин 140 километр нарида паспорт назоратидан ўтишимиз кераклигини айтишди.

Йўлни таниб бўлмас эди – ажойиб янги шоссе тоннелларга мунтазам шўнғир ва дарёларни Осиёда аввал ҳеч кўрилмаган кўприқлар орқали кесиб ўтар эди. Қизиғи, йўлда деярли ҳаракат йўқ эди, фақатгина бир жойда машинани кутилмаганда туялар – Ипак йўлида юрган икки ўркачли жониворларнинг авлодлари ўраб олди. Улар “Юлдузлар жанги”даги роботларга ўхшаб машинанинг тепасида бироз тургач, металл тўсиқлардан осонгина ўтиб, саҳро томон чопиб кетди.

Бир неча километрдан кейин ҳар сафар ҳаракатланиш камералар томонидан қайд этиларди. Уларнинг кўзи битта, лекин кўпинча уч-бешталаб ўрнатилган эди. Камералар нафақат машиналарнинг рақамини, ҳайдовчиларнинг юзини ҳам қайд этар эди. Кечқурунлари объективларнинг устида қарши томондан келадиган машинанинг чироғидан ҳам баттар кўр қиладиган прожекторлар ёнарди. Навбатдаги назоратдан ўтар эканман, йўл кўра олиш учун кўзларимни қўлим билан тўсдим. Бу ҳаракатим эътиборсиз қолмади – ўша заҳотиёқ тўртта камеранинг бари ёрқин бўлиб ёнди.

Ҳар 20-30 километрда оғир пўлат шлагбаумли ва танкни тўхтатишга қодир тўсиқли блогпостлар ўрнатилган. Уйғур автобусларининг йўловчилари турникетлар олдида тизилишиб олган, юзни сканер қиладиган бўлмага, кейин эса сканерлаш натижаси пластик идентификация карточкаси билан солиштириладиган дарчага боришар эди. Кўпчиликдан мобил телефонини Mobile Hunterга улаш ёки шунчаки паролини киритиб, полициячига бериш сўралар эди. Одамлар одатга биноан узун навбатга тизилган, бундан постларнинг ҳар бирида уларнинг тепасидан камералар кузатар эди. Мен энди фақатгина кексалар соқол қўяётганини сездим.
Давоми бор...

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Тартарлардан янгиликлар: Шинжон (3-қисм)