15:58 / 13.10.2018
24 143

«Усмонийлар империяси тарихи» туркумидан: «Султон Сулаймоннинг отбоқар куёви»

«Усмонийлар империяси тарихи» туркумидан: «Султон Сулаймоннинг отбоқар куёви»
Рустам пошша… Бу образ «Муҳташам юз йил» кўп қисмли телевизион сериалда ҳам кенг қамровда очиб берилган. Тарихда эса Рустам ҳали болалигида Хорватиядан Туркияга келиб қолган, ажойиб кунларнинг бирида султон Сулаймонга бош отбоқар сифатида ёлланган шахс сифатида таърифланган. Тарихчилар қолдирган маълумотлар ҳақиқат эди. Бу шахс етимликнинг барча қалтис, ўнқир-чўнқир кўчаларига кириб чиққан.

Кўча ҳаёти уни совуққон, шафқатсиз, олғир, олчоқ, ўз мақсади йўлида одам ўлдиришдан ҳам тап тортмайдиган бир маразга айлантирган. Ҳаёт экан-да, оддий отбоқардан усмонийлар империясининг бош вазирига айланиши мумкинлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмаган. Аммо бу ҳақиқат. Рустам пошша отбоқарлик пайтидаёқ султон Сулаймоннинг энг содиқ қулларидан бири сифатида назарга тушди. Хуррам султоннинг бекитиқча «ўйин»ларида бош «қаҳрамон»га айланди. Хуррам не иш буюрмасин, кутилганидан ҳам аълороқ адо эта олди. Қарабсизки, ажойиб кунларнинг бирида отбоқарнинг елкасига офтоб тегди. 1539 йили султон Сулаймон ёлғиз қизи Меҳримоҳни худди шу отбоқарга узатишни маъқул кўрди.

Тўғри, Меҳримоҳ билан Рустамнинг ёши ўртасида жуда катта фарқ бор эди. Лекин у пайтларда ҳатто шоҳлар ҳам қиз боланинг кўнглига қараб ўтирмасди. Хуррам султон ўзининг хавфли душманларидан ўч олишда Рустам жуда асқотишини олдиндан кўра билди ва Сулаймоншоҳни бу никоҳга розилик билдиришга кўндирди. Умуман, Сулаймоншоҳнинг ўзи ҳам бу қулга нисбатан беэътибор эмасди. Унинг росмана садоқат билан хизмат қилиши султонга маъқул тушганди. Шундай қилиб, Меҳримоҳдек отасининг яккаю-ягона, суюкли қизи бош отбоқарга никоҳлаб қўйилди.

Шу баҳонада Хуррам султон ва Рустам ўртасидаги иттифоқ мустаҳкамланди. Унинг мақсади қандай қилиб бўлмасин, Рустам иштирокида Сулаймоннинг тўнғич ўғли Мустафони ўлдириб, ўз ўғилларига империя тахтини нақд қилиб қўйиш, Рустамнинг нияти эса султонга куёв бўлиш баҳонасида бойиб кетиш эди. Ва икковлари ҳам ёвуз ниятларига ета олишди. Кунларнинг бирида султон Сулаймон тўнғич ўғли Мустафони қатл эттирди. Рустам эса тўйдан кейиноқ юқори лавозимга эга чиққанди. Порахўрлик натижасида бойиб кетди. Кечагина отбоқарлик қилган хорватлар боласи энди империянинг энг бадавлат пошшаларидан бирига айланди. Ҳали Мустафо қатл этилмай туриб, султон Сулаймон уни бош вазир лавозимига тайинлади.

Бироқ Мустафонинг тарафдорлари қатлда Рустам пошшанинг қўли борлигини билишарди. Ҳарбийлар тўсатдан қўзғолон кўтарди. Қўзғолончилар султондан Рустамни бош вазир лавозимидан олиб ташлашни талаб қила бошлади. Султон Сулаймон вазият чигаллаша бораётганини сезди ва вақтинчага бўлса-да, Рустамни бош вазир лавозимидан бўшатди. Орадан бир йил ўтиб эса, қайнонаси Хуррам султон уни яна шу лавозимга қайта тайинланишини таъминлади. Шундай қилиб Рустам то ўлимига қадар бош вазир лавозимида фаолият юритди. Порахўрлик, бойлик тўплаш амали ҳам қайта жонланди…

Султон Сулаймон Хуррамдан туғилган марҳум ўғли Меҳмеднинг хотирасини абадийлаштириш ниятида меъмор Синанга алоҳида мавзолей бунё этишни буюрганди. Мавзолей мачитдан, мадрасадан иборат ажойиб комплекс сифатида қад кўтарди. Рустам ҳам ўлимидан сўнг ўз мавзолейига эга бўлиш ниятида қанча пул кетмасин, Меҳмед мавзолейининг шундоқ ёнига саккиз бурчакли ажойиб бино бунёд эттирди. Бу мавзолей ўрта асрнинг энг қиммат комплекси сифатида тилга тушди. Рустам ниятига етди. Ўлимидан сўнг уни худди ўша мавзолейга дафн этишди.

Эслатиб ўтамиз, Рустам пошша танасига сув йиғилиши туфайли оламдан ўтган.
Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Усмонийлар империяси тарихи» туркумидан: «Султон Сулаймоннинг отбоқар куёви»