Булғор қалампири (сладкий перец) — ўзининг ранг-баранглиги, ширин таъми ва бебаҳо фойдаси билан барча ошхоналарнинг севимли сабзавотидир. Уни салатдан тортиб гўштли таомларгача қўшиш мумкин. Аммо кўпчилик билмайдиган жиҳати шундаки, қалампирнинг ранги ҳам унинг таркибидаги витамин ва минераллар билан боғлиқ.
Қизил қалампир
Қизил қалампир А витамини ва ликопенга жуда бой. Ликопен — кучли антиоксидант бўлиб, ҳужайраларни эркин радикаллардан ҳимоя қилади, саратон хавфини камайтиради. Қизил қалампирдаги А витамини кўз саломатлиги ва терига ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек, у юрак-қон томир тизимини қувватлантиради.
Сариқ қалампир
Сариқ қалампир “иммунитет қалқони” деб ҳам аталади. Унинг таркибида С витамини жуда кўп — ҳатто лимондан ҳам кўпроқ! Бир дона сариқ қалампир инсоннинг кунлик С витамини эҳтиёжига яқин қийматни таъминлайди. Бу эса шамоллаш ва вирусли касалликлардан ҳимоя қилишда муҳим. Шунингдек, сариқ қалампир стрессни камайтиради ва чарчоқни йўқотади.
Яшил қалампир
Яшил қалампир — организмни “тозаловчи” сабзавот. Унда фолий кислота, Е витамини ва турли антиоксидантлар бор. Улар асаб тизимини мувозанатда ушлайди, қон айланишини яхшилайди, жигар ва буйрак фаолиятини қувватлайди. Шунингдек, яшил қалампир овқат ҳазм қилишни енгиллаштиради.
Қизил, сариқ ва яшил қалампирни доимий равишда истеъмол қилиш иммунитетни кучайтиради, тери ва соч саломатлигини сақлайди, организмга янги куч ва энергия бахш этади.
Бундан ташқари, булғор қалампири калорияси жуда паст (100 граммда атиги 25-30 ккал), шунинг учун ортиқча вазндан қўрқмасдан истеъмол қилиш мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!