Эртага, 18 сентябрь куни, Ер сайёрасига 2025 йилдаги энг йирик астероидлардан бири яқинлашиши кутилмоқда. Бу ҳақда Қуёш астрономияси лабораторияси расмий хабар берди.
Лаборатория маълумотига кўра, “2025 FA22” номли астероид эртага, 18 сентябр куни, Ердан Ой орбитасининг диаметридан бироз кенгроқ масофада ўтиб, сайёрага Тошкент вақти билан соат 12:00 атрофида энг яқин нуқтага етади. Ушбу космик объектнинг ўртача диаметри 166 метр, узунлиги эса 290 метрни ташкил этади. Масса жиҳатдан эса у, “Челябинск” метеоритидан тахминан 1000 марта катта ҳисобланади.
Россия Фанлар академиясининг Космик тадқиқотлар институти олимлари фикрича, бу 2025 йилда сайёрадан миллион километрдан камроқ масофада ўтадиган энг йирик ва диққатга сазовор космик объект ҳисобланади. Шу билан бирга, Ер учун хавфли жисмлар рўйхатига киритилган кўпчилик астероидларда бўлгани каби, бу объектнинг сайёра билан тўқнашув эҳтимоли жуда паст. Олимлар шуни ҳам таъкидлашича, астероид ҳаракатини телескоп орқали аниқ кузатиш деярли имконсиз.
Академик астрофизиклар таъкидлашича, “Тўқнашув эҳтимоли амалий жиҳатдан нолга тенг, чунки қандай ҳолатлар комбинацияси астероид орбитасини қисқа вақт ичида тубдан ўзгартириши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин”. Бу эса аҳоли ва олимлар учун қўрқувсиз кузатиш имконини яратади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 PM номли, диаметри 50 метр бўлган астероиднинг Ер яқинидан ўтиши ҳақида ҳам маълумот берилган эди. Бу каби кузатувлар орқали космик объектлар ҳаракатини аниқлаш ва Ер хавфсизлигини баҳолаш имкони кенгаймоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!