date

Ваҳший қотиллик:Қозоғистонда рашк фожиаси тўрт фарзандни етим қолдирди

Ваҳший қотиллик:Қозоғистонда рашк фожиаси тўрт фарзандни етим қолдирди

Қозоғистоннинг Туркистон вилояти, Қорамурт қишлоғида ҳаммани титратган ваҳший қотиллик содир бўлди. Расмий маълумотларга кўра, 45 ёшли эркак 14 йилдан бери бирга яшаб келган рафиқасини рашк туфайли шафқатсизларча ўлдирган. Шундан сўнг эса у ўз жонига қасд қилган.

Энг даҳшатли жиҳати — эрталаб мактабга тайёрланаётган 13 ёшли қизалоқ ўз онасининг қонга беланган жасадига дуч келган. Аёлнинг танаси уй ҳовлисида ётган бўлиб, шунчалик калтакланган эдики, қариндошлари уни дарҳол таний олишмаган. Қизалоқнинг қичқириғидан қўшнилар уйга югуриб келиб, даҳшатли манзарага гувоҳ бўлишган.

Тез орада отанинг жасади ҳам топилди. Маълум бўлишича, у ҳожатхонада ўзини осган ва ўзининг сўнгги аудиёзувини қолдирган. Ушбу ёзувда эркак хотинини хиёнатда гумон қилиб, рашк туфайли қотиллик содир этганини айтган.

Яқинлари таъкидлашича, жанжал кечаси бошланган ва эрталабгача давом этган. Эркакнинг доимий иши бўлмаган, рафиқаси эса туғруқ таътилида уйда бўлган. Улар тўрт фарзандни тарбиялаб келаётган эдилар. Каттаси 13 ёшда, кенжаси эса 3 ёшда. Болалардан бири ногиронлиги сабабли махсус парваришга муҳтож.

Ҳозирда полиция тергов ҳаракатларини олиб бормоқда. Туркистон вилояти ички ишлар бошқармаси дастлабки маълумотларни тасдиқлаб, «маҳаллий эркак турмуш ўртоғига оғир тан жароҳатлари етказган, аёл шу сабабли вафот этган. Шундан сўнг у аудиёзув қолдириб, ўз жонига қасд қилган» дея маълум қилди.

Фожиадан кейин болалар вақтинча болалар уйига жойлаштирилди. Ҳозирда уларнинг келгусида қайси қариндошлари қамқовлигига олиниши масаласи кўриб чиқилмоқда. Қўшнилар ва яқинлари бу оиланинг моддий аҳволи оғир бўлганини, эркакда иш йўқлигини ва оилада мунтазам жанжаллар кузатилганини айтишмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ваҳший қотиллик:Қозоғистонда рашк фожиаси тўрт фарзандни етим қолдирди