Афғонистонда Энергетика ва сув хўжалиги вазирлигининг юқори мартабали маслаҳатчиси Фаруқ Аъзам аёлларни зилзиладан зарар кўрган Кунар вилоятига ҳамшира сифатида юборишни таклиф қилганидан кейин ҳибсга олинди. Бу ҳақда Afghanistan International ахборот манбаси маълумот тарқатди.
Хабарларга кўра, унинг қўлга олиниши “Толибон” етакчиси Хибатуллоҳ Охундзода буйруғи билан амалга оширилган. Ҳозирда Фаруқ Аъзам Кобулдаги махсус назорат идорасида сақланаётгани ва иши ҳарбий судга юборилгани айтилмоқда.
Фаруқ Аъзам ижтимоий тармоқларда чиқиш қилиб, аёллар таълими ва уларнинг тиббиёт соҳасида иштирокини қатъий ҳимоя қилган эди. Унинг сўзларига кўра, Мета платформасида у аёл ҳамшираларни Кунарга юбориш кераклигини таъкидлаган. Бу орқали у аёлларнинг жамиятдаги ролини янада муҳим ва керакли эканини кўрсатишни мақсад қилган.
Шунингдек, у Афғонистон ичида ва хорижда фаолият юритаётган аёл соғлиқни сақлаш мутахассисларини зилзиладан жабрланган аҳолига ёрдам беришга чақирган.
“Биздаги билимли ва тажрибали аёллар ўзларининг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш учун ташаббус кўрсатишга ва қурбонлик қилишга тайёрми? Агар тайёр бўлса — айнан ҳозир шунинг энг муносиб вақти”, — деб ёзган эди маслаҳатчи.
Бу воқеа Афғонистонда аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги иштироки ва уларнинг ҳуқуқларига муносабат борасидаги кескин вазиятни яна бир бор очиқ-ойдин намоён қилди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!