08:52 / 01.12.2018
4 934

Шовқинли товуш сигналидаги яширин маълумотни топиш услуби яратилди

Шовқинли товуш сигналидаги яширин маълумотни топиш услуби яратилди
Мичиган университети тадқиқотчилари товуш тўлқинларининг частоталарига ишлов бериш орқали акустик майдонларда жам бўлган яширин маълумотларни ошкор этиш услубини топишди.

Бу услуб сонар ва эхолокация тизимларининг океандаги "душман" сигналларини аниқлаш қобилиятини кучайтиради. Шунингдек, у ер остидаги табиий ресурсларни аниқлашда ва тиббиётда ишлатиладиган қурилмаларда қўлланиши мумкин.

"Акустик майдонлар ўзида тушунилганидан кўпроқ маълумот сақлайди", – дейди Мичиган университети профессори Дэвид Доулинг (David Dowling).

Кўзингиз юмуқ ҳолда бўлса-да, шовқинсиз муҳитда нормал овозда гапираётган одамнинг қаердалигини (координатасини) аниқлаш қийин иш эмас. Чунки овоз частотаси одам эшитиши учун илмий жиҳатдан "қулай" ҳолатда. Энди тасаввур қилинг, сиз кўзингиз юмуқ ҳолатда жуда шовқинли хонадасиз. Бундай ҳолатда овозга қараб нима қаердалигини аниқлаш қийинлашади. Чунки овозлар частотаси "қоришиб" кетади. Сув ости ва устида юрувчи кемаларга ўрнатилган сонар қабул қилиш қурилмалари худди шундай муаммога дуч келади. Денгиз флотларида душман кемаларининг координатасини аниқлаш жуда муҳим. Сонар тизимлар чегараланган диапазондаги сигнални регистрация қилишга мўлжалланган. Диапазондан ташқаридаги товушлар уларни чалкаштиради. Шундай ҳолатда душман кемаси борлиги аниқланади, аммо унинг координатаси топилмайди.

“Менинг жамоам топган услуб ҳар қандай шовқинли сигналдан фойдали маълумотни чиқариш имконини беради“, – дейди Доулинг. Унинг бу тадқиқоти АҚШнинг денгиз кучлари (U.S. Navy) томонидан молиялаштирилган.

Товуш ёзиб оладиган микрофон худди одам қулоғи бажаргандек вазифани бажаради. Яъни товуш амплитудасининг вақт бўйича қандай ўзгариши қайд этилади. "Фуре алмаштиришлари" номли математик ҳисоблаш усули ёрдамида товуш амплитудасининг вақт бўйича ўзгаришини товуш амплитудасининг частота бўйича ўзгаришига айлантирса бўлади. Ёзиб олинган товуш частоталарга таржима қилинганидан кейин, Доулинг услубидан фойдаланиш мумкин. Унинг тадқиқотлари товуш таркибидаги иккита частотани олиб, уларнинг йиғиндиси ва айирмасини ҳисоблаш орқали ёзиб олинган товушдаги яширин маълумотни топиш мумкинлигини кўрсатмоқда.

"Шу услубни денгиз кемаларидаги сезувчи қурилма ёрдамида ёзиб олинган сигналга қўллаб, душман кемаларининг координатасини осонгина аниқлаш мумкин, – дейди тадқиқот муаллифи. – Бу услуб нафақат ҳарбий соҳаларда, балки бошқа соҳаларда ҳам фойдали бўлиши мумкин. Тиббиётни олайлик, ундан одам танасида чуқурроқ жойлашган органлар ҳақида маълумот олишда фойдаланса бўлади. Бундан ташқари, ер остидаги табиий ресурслар жойини аниқлашда ҳам услуб қўл келиши мумкин".

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Шовқинли товуш сигналидаги яширин маълумотни топиш услуби яратилди