date
views 4 881

Билл Гейтс: Миллиардерларнинг нима кераги бор?

Билл Гейтс: Миллиардерларнинг нима кераги бор?
Бутун дунё бўйлаб чап радикал сиёсатчилар ҳаддан зиёд бадавлат ишбилармонлар бойлигининг муайян қисмини қўлга киритиб, улардан қутулиш ҳақида орзу қилишади. Бироқ бундай бўладиган бўлса, филантропия ва хайрия билан ким шуғулланади? Forbes шу ҳақидаги мақоласи билан бўлишди.

Ўтмиш ва келажакда сайёранинг энг бадавлат кишиси (Жефф Безос турмуш ўртоғи билан расман ажрашгач, шундай бўлади) Билл Гейтс уни ўтган асрнинг энг бой кишисига айлантирган ўз темир мантиғини бажонидил намойиш этади, ҳатто муҳокама мавзуси унинг ўзи ёки миллиардер ҳамкасблари бўлса ҳам...

"Шуниси қизиқки, одамларни биринчи марта "Миллиардерларнинг нима кераги бор? Ҳашамат учун солиқ солиниши керакми?" каби саволлар ўйлантирмоқда. Бу баҳс-мунозаралар учун ажойиб мавзу".

Гейтснинг бу сўзлари яқиндагина Америка тарихидаги биринчи миллиардер-президент яшовчи Trump Tower'дан атиги бир даҳа нарида янгради. "Фикримча, мерос учун солиқ солиниши керак ва эҳтимол, ҳозиргидан-да юқори. Бу масалада Forbes рўйхатидаги аксарият миллиардерлар Уоррен Баффет билан мени қўллайди, деб ўйламайман - биз бу ерда ўзимизга ўзимиз зарар қиляпмиз, - дейди Гейтс. - Шунинг учун капитал ва мулк солиққа солиниши керак ёки керак эмаслигига доир кўп баҳс-мунозаралар олиб борилмоқда".

Миллиардерлар масаласига доир қатъий ёндашувга келадиган бўлсак, бу борада Гейтс шундай дейди: "Дунёда миллиардерлар қолмаслиги кераклигига оид ғоя бор, - буни ҳақиқатда ҳаётга татбиқ этадиган бўлсангиз, йўқотганингиздан кўпини топа олмайсиз, деб қўрқаман".

Келинг, Гейтснинг хайрияга ўнлаб миллион маблағ сарфлаётганига эътибор қаратайлик - у ва турмуш ўртоғи Мелинда Гейтс жаҳондаги энг йирик хайрия жамғармасига эга. Гейтс ва Баффетларнинг ҳадя қасамини инобатга олайлик. Гейтснинг прогрессив солиқ тизимидан конфискацион солиқ тизимига ўтиш, умуман олганда, фаровонлик ва инновациялар ривожига камроқ ижобий таъсир кўрсатишига оид адолатли фикрини ҳисобга оламиз. Билл ва Мелинда тизимли равишда шу каби масалаларни тадқиқ қилишмоқда.

"Бир инсон ҳаётини сақлаб қолаётганингиз 1 миллион тежаётганингизга қараганда каттароқ таассурот қолдиради", - дейди Гейтс. - Ажойиб!"

Бундай дунёқараш Гейтсларнинг ҳар йиллик хатида ўз аксини топади. Бир қараганда, бу Гейтсларнинг тўққиз иқрорига асосланган филантропик кузатувлар ўз ифодасини топган мурожаатдир. Аслида эса - барча хайрияпарварлар учун муаммоларни ечиш эмас, уларнинг олдини олишга бўлган чақириқдир.

Гейтслар Becoming A Man (BAM) - ноқобил оилалардан чиққан ўсмир-мактаб ўқувчиларига агрессияга қарши курашишга ёрдам берувчи жамоавий дастур ҳақида ёзишади. Пекиндаги антисанитария муаммоларини ҳал қилишга йўналтирилган келажак ҳожатхоналарини ишлаб чиқишга илҳом бахш этаётган "ҳожатхона ярмаркаси" тўғрисида ёзишади. Улар ёш авлоди глобал меҳнат бозорини ўзгартиришга хавф солаётган Африкага қандай куч ва вақт сарфлашаётгани ҳам қайд этишади.

Бу ташаббусларнинг бари бир нарсага бориб тақалади. Гейтс айтганидек, улар "янги ғоялар" ёки "ноёб назариялар" илинжида, бу концепциялар амалда иш беришига оид исботлар излашади: "Ечим топиб, унинг кўламини кенгайтиришни истаганингиздагина, қоидага кўра, давлат маблағи юзага келади".

Вашингтон ҳатто энг оддий сиёсатни ҳам амалга ошира олмаслигига оид далил муаммоларни ечиш йўлидаги жиддий тўсиқ ҳисобланади. Хорижий кўмакни олайлик. Маршалл режаси давридан буён Америка харажатларининг 1 фоиздан камроғини мунтазам равишда ижобий ROI (инвестицияларнинг қопланиш кўрсаткичи) таъминлаган - ҳаётий муҳим аҳамиятга эга бўлган барқарорлик ва ҳалокатли касалликларга қарши курашни қўллаб-қувватлаш нуқтаи назаридан. Конгресс Трампнинг хорижий ёрдам ҳажмини қисқартиришга доир таклифларини рад этган бўлса-да, Гейтс ҳануз хавотирда: "Буни асло рад этиш керак эмас - айниқса ички сиёсатдаги баҳс-мунозалар ва кимларнингдир "Хорижий мамлакатларга ёрдам - бўлмағур иш, бизга ундан фойда борми, ахир?" дейдиган одамлар борлигини инобатга оладиган бўлсак".

Сиёсий кўрлик — глобал муаммо. Гейтс таълим соҳасида ҳам тўсиқларга дуч келди: "Бирор нимага эришмоқчи бўлганингизда доим сиёсатга йўлиқасиз. Бу барчасини мураккаблаштиради". Оддий мисол: Тарихчи Диана Равич Гейтснинг умумтаълим стандартларига қарши курашини танқид қилган.

Бадавлат кишиларнинг глобал муаммоларни ечишга ҳаракат қилиши кўпинча салбий акс садо келтириб чиқаради, дея тан олади Гейтс. Бу, масалан, "Нима учун сиз кун тартибини шакллантиришда иштирок этишингиз керак экан?" қабилидаги гапларда ўз ифодасини топади.

Дарҳақиқат, нима учун миллиардерлар бизнинг қандай муаммоларга қарши курашишимиз кераклигини ҳал қилиши керак?

"Филантропиянинг мавжудлигига сабаб шуки, ҳукумат биз истагандек инновацион бўлишга ва таваккал қилишга тайёр эмас. Хусусий бизнесда тажрибага эга бўлган кишилар эса яхши жамоаларни тўплаб, янгича ёндашувларни синовдан ўтказа олади, - дея изоҳ беради Гейтс. - Филантропия айнан шу иш билан шуғулланади".

Гейтслар жуфтлиги замонавий сиёсий етакчилар катта эҳтимол билан "барчасини дафн қилувчи" соҳаларда ташаббус билдириб, таваккал қилади. Билл Гейтс ядровий қуролнинг кенг тарқалиши билан боғлиқ муаммодан хавотирда - унинг ҳамкасби Баффет шу йўналишда фаолият юритади. У пандемияларга қарши курашга жуда катта миқдорда ва иқлим ўзгаришига қарши кураш учун ундан бироз камроқ пул ажратади, унинг Breakthrough Energy Ventures фонди иқлим ўзгаришига қарши 1 миллиард доллар йўналтирган.

Бу орада эса уфқда инновациялар натижасида юзага келган янги хавф - сунъий интеллект пайдо бўлди. "Узоқ истиқболда сунъий интеллект жиддий муаммога айланади", - дея тахмин қилади Гейтс.

Шуниси диққатга сазоворки, Гейтс ижтимоий тармоқларга нисбатан бундай фикрда эмас. Ўтган аср "фарзанди" бўлган Гейтс федерал ҳукумат Microsoft'нинг монополистик ҳаракати дея баҳолаган муаммога бирор киши дуч келганми ёки йўқлигидан ҳайрон, у бугунги куннинг "мўъжизавий фарзанди" бўлган Марк Цукербергга ҳамдард, зеро инвестор Рожер Макнейми яқинда Facebook'ни демократияни бузишда айблади.

"Рожер айтган гаплар мутлақо адолатсиз ва қисман шафқатсиз, - дейди Гейтс. - Улар Маркни барчасида айблашмоқда. Шуни айтмоқчиманки, Трамп Facebook шарофати билан сайлангани йўқ. Улар "фильтрлар пуфаги" дейишмоқда. Буларнинг бари ижтимоий поляризация... Келинг, аниқлик киритамиз. Мен ўзим истаган нарсаларни ўқишим мумкин, мен "ўнг" радиони тинглайман, Fox News'ни кўраман. Сиз Facebook'ни йўқ қиляпсиз, аммо мен барибир ўз "фильтрлар пуфагим"да яшайвераман. "Фильтрлар пуфаги" - менинг Facebook'даги профилим муаммоси эмас, мен "Ҳой, Марк, уйғон ва муаммони ҳал қилиб бер", дея олмайман. Рожер Макнеймида бу муаммони ҳал қилиш учун ҳеч қандай амалий ечим йўқ".

"Бундай вазиятга тушиш оғир, - дейди у Цукербергга ҳамдардлик билан. - Мен ҳам бир марта шунга ўхшаш вазиятда қолганман. Бироқ менинг ҳолатимда бутун бир жамият қилаётган ишимнинг яхши ё ёмонлигини ҳал қилмаган, гап Microsoft'нинг суд можаролари ҳақида бўлган".


Қандай бўлмасин, ҳатто йирик хайриялардан кейин ҳам молиявий ҳолати 100 миллиард долларни ташкил қилаётган Билл Гейтс филантропияни эзгуликка қўл уриш йўлидаги ҳаётий муҳим аҳамиятга эга бўлган иш сифатида кўради. Унинг фикрича, танқидчиларнинг бари эртами индин бунинг тўғри эканини англаб етади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Билл Гейтс: Миллиардерларнинг нима кераги бор?