18:48 / 23.07.2019
6 002

Google’да ишлаётган ўзбек йигити нима учун Ўзбекистонга қайтмоқчи эмас?

Google’да ишлаётган ўзбек йигити нима учун Ўзбекистонга қайтмоқчи эмас?
Фото: «Дарё»
Google жаҳондаги энг йирик, даромади катта компаниялардан бири ҳисобланади. Ҳозирда компанияда 100 мингдан ортиқ дастурчилар фаолият юритади. Google’га ишга кириш учун ҳар йили 3 миллион одам резюме жўнатади. Бироқ уларнинг 6000 нафаригина ишга олинади.

Хўш, Google ўз ходимларини қандай критериялар асосида танлаб олади? Ишга кириш учун нима қилиш керак? Улар йилига қанча ойлик маош олади?

Айни пайтда Google’да дастурчи бўлиб ишлаб келаётган ўзбекистонлик Шерали Обидов бу ҳақда «Дарё»га батафсил сўзлаб берди.

Шерали Обидов Наманган вилоятида туғилган. У 26 ёшда. 2016 йилда Westminster университетини тамомлаб, Маҳариши менежмент олийгоҳига магистратурага қабул қилинган. Айни пайтда Google компаниясида дастурчи бўлиб фаолият юритмоқда.

Мен ўзимни дунёдаги энг муваффақиятли инсонлардан бири деб биламан. Сабаби болаликда ният қилган барча мақсадларимга эришдим. Истаган олийгоҳимда таҳсил олдим. Айни пайтда жаҳондаги энг йирик компания Google’да ишлаяпман. Қисқа қилиб айтганда, Америкада ўзим истаган ҳаётни қурдим. Бироқ ортга назар ташлайдиган бўлсам, буларнинг ҳеч бири осонликча содир бўлмади. Келинг, ҳаммасини бошидан батафсил айтиб бера қолай…

Очиғи, дастлаб дастурчиликни кўп даромад келтирувчи соҳа бўлгани учун танлаганман. Аммо кейинчалик ишимдан завқ ола бошладим, яъни бу йўналишда ўз «мен»имни топдим. Ва ўша пайтдаёқ, энг кучли дастурчи бўлиб, дунёдаги энг йирик компания Google’да ишлайман деб олдимга мақсад қўйдим. Бунинг учун мен энг яхши мутахассислардан таҳсил олиб, ўз устимда кўп ишлашим ва, албатта, Америкада яшашим кераклигини билардим. Шунинг учун 2016 йилда Тошкентдаги Westminster олийгоҳини тамомлаб, Америкага магистратура босқичига ҳужжатларимни топширдим.

Маълумот учун: Америкадаги барча олий таълим муассасаларига магистратура учун бир хил ҳужжат, яъни 6,5—7 баллдан кам бўлмаган IELTS сертификати, recommendation letter (Тавсиянома), CВ (объективка, маълумотнома), motivatsion letter (мотивация хати) ҳамда бакалавр дипломингизнинг таржимаси керак бўлади. Имтиҳонлар ҳам бир-бирига ўхшаш.

Масалан, Westminsterда ўқиганим учун инглиз тилидан тест топширмаганман. Фақатгина йўналишим, яъни информатика бўйича онлайн суҳбатдан ўтганман. Бироз вақт сўнг почтамга Маҳариши менежмент университетига ўқишга қабул қилинганим тўғрисида мактуб келди. Мен эса барча нарсаларимни йиғиштириб, мақсадларим сари йўл олдим.

Фото: «Дарё»


Америка сеҳрли диёрми?
Илк бор Америкага келган пайтимда унинг ҳеч қанақа сеҳрини ҳис қилмаганман. Кўп жиҳатлари ёқмаган. Масалан, овқатлари қандайдир бемаза, гўё сунъийдек туюларди. Ҳеч тановул қилгим келмасди. Оиламни, Ўзбекистонни соғинардим. Кейинроқ Калифорнияга кўчдим. Бу ерда IT соҳасида ишлайдиган мигрантлар, дўстларим бор эди. Ёлғиз эмаслигимгами ва ёки ўзбек ресторанлари борлиги учунми, билмайман, хуллас шаҳар менга жуда ёқди. Бу ернинг овқатларига ҳам кўникиб кетдим. Бундан ташқари табиати чиройли, ҳордиқ чиқарадиган хушманзара масканлари жуда кўп. Бироқ уй ва ижара нархларининг қимматлиги ҳалигача ёқмайди.

Фото: «Дарё»

Мен Америкада хусусий олийгоҳда ўқиганман. Факультетимда кўплаб халқаро талабалар таҳсил оларди. Бу ерда магистратура биринчи йилини университетни бориб, иккинчи йилдан эса онлайн тарзда ўқиш мумкин. Контракт йилига 20 минг доллар атрофида. 2-босқичдан ишлаганим учун бу суммани тўлаш муаммо бўлмаган.

Хусусий олийгоҳларнинг яхши тарафи улар сизга нафақат соҳангизга оид билимлар, балки ишга кириш пайтида суҳбатда ўзини қандай тутиш, саволларга жавоб бериш, умуман сизнинг ишга жойлашишингиз учун муҳим бўлган кўникмаларни ҳам беради. Бундан ташқари университет маъмурияти сиз ҳақингизда тавсифнома ёзиб, Америкадаги бир қатор йирик компанияларга тавсия ҳам қилади.

Ўзим ҳам биринчи босқичда университетга келиб таҳсил олдим. Иккинчи йилдан онлайн ўқиш имкониятидан фойдаланиб, Чикагодаги SPINS компаниясида дастурчи бўлиб ишладим. Энг муҳими, Google’га жойлашишимда ҳам устозларимнинг берган билимлари жуда қўл келган.

Фото: «Дарё»


Жангчи курашга тўймайди
2017 йилда биринчи марта Google’га ҳужжатларимни топширганман, нимагадир мени рад этишди. Бироқ «Жангчи курашга тўймайди» деганларидек, ортга чекинмай ўз устимда тинимсиз ишлайвердим. Бир йил давомида фақат соҳамга оид тенгламалар, масалалар ишладим. Бироз вақт ўтиб, яна бир марта уриниб кўрдим. Қувонарлиси, иккинчи бор уринишим бесамар кетмади.

Бир неча босқичлардан муваффақиятли ўтганимдан сўнг, компания мени суҳбатга чақирди. Бу жуда ката гап эди. Чунки бу ерга ҳар йили миллионлаб одамлар резюме жўнатади. Улар ҳам бир қанча критериялардан ўтади, ҳаммаси ҳам суҳбатга чақирилавермайди. Шундан сўнг суҳбатга астойдил тайёргарлик кўрдим. Боиси бу ишга киришда энг муҳим босқич ҳисобланарди. Суҳбатда иш берувчи истаган саволини бериши, сизни синаши мумкин.

Хуллас, ҳар томонлама яхшилаб тайёрландим. Билмадим шунинг учунми, интервью кўнгилдагидек ўтди. Асосан соҳамга оид масалалар берилди, уларни ишлаб бердим. Келажакдаги режаларим борасида суҳбатлашдим. Қисқа қилиб айтганда, компаниядагилар менинг техник билимим ва тил билиш даражамни синовдан ўтказди. Ҳаммаси кутганимдек бўлди. Бир неча ойдан кейин мен Google компаниясида иш бошладим. Хоҳловчилар ишга қандай кирганлигим ҳақида батафсил блог-постимдан ўқишлари мумкин.

Фото: «Дарё»


Google’га борганимдан сўнг...
Тўғрисини айтсам, авваллари ўзимни кучли дастурчи деб ҳисоблардим. Аммо Google’га келганимдан сўнг, соҳамда менданда билимли ёшларни кўриб, қойил қолганман. Улар ҳар бир ишни чин кўнгилдан қунт билан бажаради. Компания ҳам бунга жавобан ходимларига яхши ғамхўрлик қилади. Улар учун барча керакли шароитларни яратиб берган: 3 маҳал текин овқат ва керак бўлса турар жойингизгача моддий жиҳатдан кўмаклашади.

Ойликлар ҳақида тўхталиб ўтадиган бўлсам, Google дастурчиларга энг баланд маош тўловчи компания ҳисобланади. Бу ерда IT соҳаси вакиллари техник даражасига қараб ҳақ олади. Компанияда 10 та даража бўлса мен 4-поғонадаман. Ойлик ҳам шунга қараб ошиб бораверади. Масалан, мени level’имдаги (даражамдаги) дастурчилар йилига 150 мингдан 200 минг долларгача ойлик маош олади.

Фото: «Дарё»

Бироқ ходимлардан талаб қилинадиган иш сифати ҳам шунга яраша. Тўғрисини айцам, бошида бироз қийналдим. Боиси мен билмаган йўналишларда топшириқлар бериларди. Масалан, оддий қилиб тушунтирадиган бўлсам, тасаввур қилинг сиз инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қиладиган таржимонсиз. Бироқ Google’да сизнинг қайси тилни билишингиз ёки билмаслигингизга қараб вазифа берилмайди. Сиз француз тилидан ўзбек тилига ёки немис тилидан ўзбек тилига таржима қилишингиз керак. Бу ерда сиз у тилни биласизми-билмайсизми фарқи йўқ. Сиз таржимонсиз, қила олишингиз шарт. Агар билмасангиз, ўрганишингиз учун сизга вақт ажратилади. Берилган муддат ичида мукаммал ўрганишингиз керак. Яъни билмаслигингиз сизни топшириқлардан озод қилмайди.

Фото: «Дарё»

Юқорида айтганимдек, Google’да жуда кучли дастурчилар ишлайди. Мен ҳар доим жамоада биринчи бўлишга ҳаракат қилганман. Лекин бу ерда ҳамкасбларимдан тажрибам ва билимим камроқ эди. Улар билан тенглашиш учун дам олишдан, уйқумдан кечиб тинимсиз ҳаракат қила бошладим. Бошида қийин бўлди, лекин ўргандим. Ўзингиздан кучли инсонлар билан ишлашнинг бир яхши томони доим чархланиб борасиз. Ва ниҳоят бир неча ойдан сўнг, уларга етиб олдим. Энди берилган топшириқларни бемалол бажара оламан. Ўзимга бўлган ишончим ҳам янада ошди.

Google’даги ҳаёт
Компаниядаги муҳит бизнинг Ўзбекистондаги шароитдан анча фарқ қилади. Таққослаб бўлмайди, очиғи. Бировни биров билан иши йўқ. Бу ерда Ўзбекистондагидай ҳамкасблар ишдан кейин чойхонага бормайди. Оиласи, режалари ҳақида гаплашиб ўтирмайди, яъни ўзбеклардай меҳр-оқибат йўқ. Фақатгина иш борасида суҳбатлашади. Кейин америкаликлар кўпроқ оила аъзолари билан дам оладилар. Фақат тушликка чиққанда баъзан шахсий масалалар ҳақида ҳам суҳбатлашиш мумкин.

Фото: «Дарё»

Маслаҳатлар
Бирор касбни танлолмай турган ёшларга дастурчиликни тавсия қиламан. Сабаби IT соҳасида диплом, маълумот сўралмайди. Сиз ишингизни мукаммал билсангиз бўлди. Чунки ўзим ҳам яхши ўқимаганман, фақат дастурлаш билан шуғулланганман. Бундан ташқари маоши баланд соҳа. Кейин мендан аксарият одамлар «дастурчиликка қизиқаман фақат ёшим 30 ёки 35 да бу касбни танлашимга кеч бўлмадими?», деб сўрайди. Яна бир яхши томони соҳада ёшингизнинг фарқи йўқ. 30 ёшдан ошгандан сўнг ҳам ўрганиб, карерасини бошлаган одамларни биламан. Демоқчи бўлганим, дастурчилик билан шуғулланишга ҳеч қачон кеч эмас.

Фото: «Дарё»

Ёшларга тавсиям, ҳар қачон энг зўри бўлишга интилинг. Чунки яхши ҳаётни хоҳлаяпсизми, унга ўзингиз ҳам шунга лойиқ бўлишингиз шарт. Дастурчи бўласизми ёки ўқитувчи, шифокор ҳатто оддий сартарош, аҳамиятсиз, ишингизни зўр билсангиз, кучлиси бўлсангиз, ҳамиша яхши пул топасиз. Кучли кадр ҳар жойда қадрланади. Ишда ҳам ҳаётда ҳам керакли ва севимли бўласиз. Бироқ унутмангки, ҳеч нарса осонликча бўлмайди. Одам қулай ҳудуддан чиқиб, меҳнат қилмагунича бирор муваффақиятга эришмайди.

Бошқа касблар каби IT соҳасининг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бисёр. Масалан, сиз доимо замон билан ҳамнафас бўлиб, тинимсиз ўз устингизда ишлашингиз лозим. Ўрганишдан тўхтасангиз, бир жойда қотиб қоласиз. Дастурчиликнинг бирор бир чўққиси, марраси йўқ. У тинимсиз меҳнатни, изланишни талаб қилади.

Яна бир ҳолат Ўзбекистонда жуда кучли дастурчилар кўп, бироқ инглиз тилини билмайди. Мени чет тилларини яхши билганим кўп муваффақиятларимга эшик очган. Шунинг учун сиз ҳозирдан пойдеворни мустаҳкамланг. Хорижий тилларни, айниқса инглиз тилини мукаммал ўрганинг.

Фото: «Дарё»

Ҳаётда барчаси ўзингизга боғлиқ! Оғир ҳаёт сизга жуда зўр мотивация бўлиши мумкин. Яъни сиз қилаётган ишингизнинг ортидан катта даромад топасиз. Ва шу аснода нафақат сизнинг, балки оилангизнинг, яқинларингизнинг ҳаёти ўзгаради. Ота-онангиз, опа-сингилларингизнинг орзу, ниятларини рўёбга чиқариш имкони бўлади. Мен ҳам жуда кўп қийинчиликларни бошдан кечирдим. Бироқ ҳозир ўзим истаган ҳаётга эгаман.

Яна бир муҳим маслаҳатим таваккал қилишдан, хато қилишдан қўрқманг. Умрингизни узайтиролмайсиз, бироқ уни мазмунли, чиройли қилишингиз мумкин. Албатта, фаровон ҳаёт эса яхши касб эгаси бўлиб, тинимсиз меҳнат қилиш эвазига келади. Ҳеч қачон ўз устингизда ишлашдан тўхтаманг.

Режаларим ҳақида
Америка ҳаётимни, қарашларимни бутунлай ўзгартириб юборган. Бир йил ичида мақсадларим ҳам янгиланди. Сабаби одам бир чўққини забт этса, яна бошқаси сари интилавераркан. Ҳали бери Ўзбекистонга қайтмоқчи эмасман. Чунки бу ерда амалга оширишим керак бўлган режаларим жуда кўп. Шу боис яна бир неча йил Google’да фаолиятимни давом эттирмоқчиман. Моддий аҳволимни мустаҳкамлаб, етарли маблағ тўплаганимдан сўнг, ўз бизнесимни бошлайман. Балки кейин бошқа давлатга кўчиб кетарман, билмадим. Лекин ҳозирча шу ҳаёт тарзимда давом этаман.
Хонзодабегим Аъзамова

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Google’да ишлаётган ўзбек йигити нима учун Ўзбекистонга қайтмоқчи эмас?