08:55 / 30.07.2019
3 272

Президентлар етишиб чиқадиган даргоҳ. Дунёдаги энг қудратли сиёсий идора фаолиятига назар

Президентлар етишиб чиқадиган даргоҳ. Дунёдаги энг қудратли сиёсий идора фаолиятига назар
АҚШ ташқи сиёсат маҳкамаси – Давлат департаменти ташкил этилганига роппа-роса 230 йил бўлди. Мамлакатнинг биринчи президенти Жорж Вашингтон 1789 йил 27 июлда илк федерал муассаса – Ташқи ишлар департаментига асос солди. Орадан бироз муддат ўтиб, муассаса номи Давлат департаменти дея ўзгартирилди. Дастлаб бир неча ўн чоғли ходим фаолият юритган маҳкама йиллар мобайнида кенгайиб, 75 минг кишини иш билан таъминловчи улкан тузилмага, сайёрамизнинг энг қудратли идорасига айланди.

Ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғи
Давлат департаментини бошқа мамлакатлар ташқи ишлар вазирлиги билан муқояса қилиш мумкин. Аммо департамент оддий вазирлик кўра каттароқ ваколатларга эга. Департамент раҳбари – давлат котиби мамлакат ижроия ҳокимиятида биринчи рақамли мансабдор саналади. Қўшма Штатлар қонунчилигига кўра, президент ўз вазифасини бажара олмай қолган тақдирда унинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган мансабдорлар рўйхати тузилган. Ушбу рўйхатда давлат котиби вице-президент, вакиллари палатаси ҳамда сенат раисларидан кейин тўртинчи ўринда қайд этилган.

АҚШ давлат котиби ҳали Яқин Шарқда, ҳали Лотин Америкасида, ҳали Жануби-шарқий Осиёда низоларга қозилик қилаётганини кўрамиз. Дарҳақиқат, у бутун дунёда мамлакат ташқи сиёсатининг юзи саналади.

АҚШ жаҳоннинг юзлаб мамлакатида дипломатик ваколатхоналарга эга. Улар фаолиятига айнан департамент бошчилик қилади. Бундан ташқари, виза, иммиграция масалалари, хорижий давлатларга ёрдам дастурлари ҳам департамент зиммасида. Ташқи сиёсат маҳкамаси дипломатик масалалардан ташқари ядро контрабандаси, терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш, гуманитар инқирозларни бартараф этиш билан шуғулланади.

Вашингтон демокртик қадриятларни тарғиб этиш ва ҳимоя қилиш борасида қизғин фаолият олиб бориши маълум. Хусусан, департаметнинг демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат бюроси ҳар йили 196 мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари ҳолати ҳақида қарийб 5000 саҳифали ҳисобот эълон қилади. Қолаверса, конгрессга дунёдаги диний эркинлик ҳолати юзасидан йиллик ҳисобот тақдим этади.

Ўтган XX аср Давлат департаменти учун ютуқ ва ютқизиқларга бой юзйиллик бўлди. АҚШ Иккинчи жаҳон урушидан кейин БМТ асосчиларидан бири, Хавфсизлик кенгаши доимий аъзоси сифатида нафақат мазкур халқаро тузилма, глобал тартиб-қоидаларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этди.

Давлат департаменти вакиллари Корея яримороли, Вьетнам, Яқин Шарқ, Болқон, Лотин Америкасидаги зиддиятларни ҳал этишда қатнашиб, гоҳ олқиш олди, гоҳида эса танқидларга кўмилди...

Мустақиллик оталари бошлаб берган анъана
Президент Жорж Вашингтон 1789 йили ташқи сиёсат маҳкамасига асос солар экан, унга яқин сафдоши ва масладоши Томас Жефферсонни раҳбар қилиб тайинлайди. Мустақиллик декларацияси муаллифи ва Қўшма Штатлар давлатчилиги оталарида бири саналган Т.Жефферсон илк давлат котиби сифатида мамлакат ташқи сиёсати ва дипломатия тартиб-таомилларини ишлаб чиқишда жонбозлик кўрсатди.

Ўтган йиллар давомида департаментга казо-казо зотлар раҳбарлик қилди. Дастлаб давлат котиби лавозимида фаолият юритган Томас Жефферсон, Жеймс Мэдисон, Жеймс Монро каби арбоблар кейинроқ АҚШ президентлигига сайланди.

Дипломатлик фаолияти узоқ йиллар давомида асосан эркаклар касб-кори деб баҳолангани маълум. Аммо бизнинг давримизга келиб ушбу қараш таҳрирга учради. Яқин тарих мобайнида АҚШ давлат котиби лавозимида Мадлен Олбрайт (1997-2001), Кондолиза Райс (2005-2009), Ҳиллари Клинтон (2009-2013) каби аёл арбоблар фаолият юритгани фикримиз далилидир.

Давлат департаментига 2018 йил 26 апрелдан буён Майк Помпео раҳбарлик қилиб келмоқда. Мамлакатнинг етмишинчи давлат котиби ҳарб майдонларига аскар юбориш сиёсатидан воз кечиб, зиддиятларни музокаралар йўли билан ҳал этишни бош мақсади деб эълон қилган.

Эмас осон бу майдон ичра турмоқ
Ташқи сиёсат маҳкамасини мажозий маънода «давлат ичидаги давлат» деб аташ мумкин. Идора бир йилда ўнлаб ривожланаётган мамлакат даромадидан кўпроқ маблағ сарфлайди. 2015 йилда Давлат департаменти бюджети қарийб 66 миллиард долларни ташкил этган.

Дунё бўйлаб АҚШни тамсил этиш, унинг манфаатини ҳимоя қилиш катта обрў эканига шубҳа йўқ. Айни чоқда, ушбу фаолият хийла хатарли ҳамдир.

1979 йили АҚШ дипломатияси тарихида йирик инқироз рўй берди. 4 ноябрда эронлик талабалар Теҳрондаги АҚШ элчихонаси биносини эгаллаб, у ердаги дипломатларни гаровга олди. Дипломатлар 444 кундан кейин, машаққатли музокаралардан кейингина гаровдан озод қилинди.

1979 йилда АҚШнинг Афғонистондаги элчи Адольф Дабс хизмат вазифасини бажариш чоғи ўлдирилди.

2012 йил 11 сентябрда АҚШнинг Ливиядаги элчи Кристофер Стивенс Бенғозидаги Америка элчихонасига уюштирилган ҳужумда ҳалок бўлди…

Баландпарвоз гап бўлиб туюлса-да, дипломатликни машаққатли, айни чоқда, шарафли фаолият деб аташ мумкин. Қанчалик хатарли бўлмасин, америкалик юз минглаб ёшлар ушбу идорада ишлашни орзу қилади. Business Week нашри Давлат департаментини энг талабгир, «бозори чаққон» идоралар рўйхатига киритган.

АҚШ ташқи сиёсатининг бузрукларидан бири Збигнев Бжезинский машҳур «Буюк шахмат тахтаси» китобида «Дунёдаги бирор давлат ҳарбий, иқтисодий, технологик ва маданий жабҳаларда Америкага тенглаша олмайди», деб ёзган эди. Давлат департаменти 230 йиллик фаолияти давомида бешинчи жабҳа – ташқи сиёсат ва дипломатия борасида ҳам мамлакатни пешқадамлик қилишга интилиб келмоқда. Бунга нечоғли эришилгани – алоҳида мавзу...

Собир Салим

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Президентлар етишиб чиқадиган даргоҳ. Дунёдаги энг қудратли сиёсий идора фаолиятига назар