07:40 / 07.09.2019
2 394

«Брексит» учун «жанг». Борис Жонсон қиролликнинг асосий муаммосини ҳал қила оладими?

«Брексит» учун «жанг». Борис Жонсон қиролликнинг асосий муаммосини ҳал қила оладими?
3 сенятбрь куни Британия парламенти кичик таътилдан сўнг ўз фаолиятини тиклади. Таътилдан қайтган парламент ўз ишини янги сайланган бош вазирнинг имкониятларини чеклаш билан бошлади. «Брексит»ни бир ёқлик қилиш учун ҳукумат раҳбарлигига сайланган Борис Жонсон ўзи хоҳлаганидек «кескин брексит»ни қўллай олмайдиган бўлди, чунки парламент буни чеклаб қўйди.

Парламент 328 га 301 нисбат билан ҳукуматдан парламентнинг кун тартибни белгилаш ҳуқуқини олиб ташлашни ёқлаб овоз берди. Бу парламентга Европа Иттифоқидан бирданига чиқиб кетиш, яъни «кескин Брексит»ни чеклаш борасида қонун чиқариш имконини беради. Борис Жонсон эса парламентга таҳдид қилишга ҳам улгурди. У депутатлар «Брексит»ни яна ортга сурадиган бўлишса, муддатидан аввал парламент сайловларини бошлашга ваъда берди.

Британия тарихида кўплаб инқирозлар бўлган, аммо ВВС’нинг ёзишича, бу қадар чигал ҳолат аввал кузатилмаган: ҳукумат қарор қабул қилиши керак (яъни «Брексит» борасида), аммо мустақил қарор қабул қила олмайди. Парламент ҳукуматдан қарор қабул қилиш ҳуқуқини олиб қўймоқчи. Бош вазирни парламентда кўпчилик қўлламаяпти, судлар парламент фаолиятини тўхтатишнинг қонунийлигини ўрганмоқда, «бонус»ига Шотландия ва Шимолий Ирландия мустақиллик учун референдумга тайёрланмоқда. Британия Европа Иттифоқидан тезроқ чиқиб кетиш ўрнига ўзининг ички можаролари билан ўралашиб қолган. Хуллас, ҳаммаси боши берк кўчага кириб қолган.

Британия 31 октябрь куни Европа Иттифоқидан чиқиб кетиши керак, бу чиқиш қай тартибда амалга ошиши эса ҳамон аниқ эмас. Агар кўпчилик янги муддат учун овоз берса, бош вазир навбатдан ташқари парламент сайловларига «старт бериши» мумкин. Қиролликнинг Европа Иттифоқида қолиши бўйича қайта референдум ўтказиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Борис Жонсоннинг айтгани бўлса, 31 октябрь куни қироллик ЕИни ҳеч қандай келишувсиз тарк этади ва «кескин Брексит» амалга ошади. Бу ҳолатда Европа Иттифоқи Бирлашган Қиролликдан ҳаққини талаб қилишни бошлайди. Яъни, Британия ҳар қанақасига катта харажатлар остонасида турибди.

Борис Жонсон имкон борича Европа Иттифоқидан «мулойимроқ» (ҳамма келишувларда бир тўхтамга келиб) чиқиб кетишни хоҳламоқда, аммо бундай бўлмаса, Жонсон «кескин Брексит» амалга ошишига эришмоқчи. Энг қизиғи, парламент Жонсон бу ишни қила олмаслиги учун махсус қонун чиқармоқчи (ҳавас қиларли даражада демократия ва қонун устуворлиги, шундай эмасми?).

Британия парламентида Жонсонга қарши «исён» кўтарилган деса ҳам бўлади. Бош вазир «Брексит»ни секинлаштираётган бундай исёнкорларни овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилмоқчи, аммо бош вазирнинг рақиблари чекинмоқчи эмас. Консерваторларнинг ичида ҳам бош вазирга қаршилар кўплигини инобатга олсак, Жонсон ҳукумат раҳбарлиги номидан қуруқ қолиши ҳам ҳеч гап эмас.

Жонсон парламентнинг «Брексит»ни ортга суриши мумкинлигига шундай муносабат билдирди: «Агар парламент Европа Иттифоқидан чиқишни қўллаб овоз берса, 17 октябрдаги йиғилишга ким боришини халқнинг ўзи ҳал қилсин». Британиянинг 31 октябрда Европа Иттифоқидан чиқиш-чиқмаслиги 17 октябрдаги йиғилишда ҳал бўлади ва Жонсон ўша йиғилишдан 3 кун олдин навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказишни таклиф қилмоқда. Бу ақлга сиғдириш қийин бўлган масала аслида.

Аммо навбатдан ташқари сайловлар учун Жамоатчилик палатаси аъзоларининг учдан икки қисми бу қарорни қўллаб овоз бериши керак. Масалан, мухолифатчи лейбористлар партияси раҳбари Жереми Корбин аввал «Брексит» кечиктирилгани ҳақидаги қарор имзоланганини кўриб, кейин сайловларга розилик бермоқчи. Бош вазир эса айнан ўша муддат кечикмаслиги учун сайлов ўтказмоқчи. Буёғи тухум олдин пайдо бўлганми ёки товуқми деган азалий саволнинг жавобига ўхшаш ҳолат.

Юқорида судлар ҳақида айтгандик. Эдинбургдаги Шотландия олий фуқаролик суди Жонсоннинг парламент фаолиятини тўхтатиш борасидаги қарори қонунийми ёки йўқлиги борасида ишни кўриб чиқишни бошлади. Унда иккала — жамоатчилик ва лордлар палатасидан 75 депутат қатнашмоқда. Худди шу ишни Лондон олий суди ва Белфаст суди ҳам кўради.

Парламент фаолиятини тўхтатиш жуда ноодатий қарор ва судлар учун ҳам бу янгилик. Аслида бундай қарорни қиролича қабул қилиши мумкин. Даъвогар депутатлар эса монархнинг қарорига қарши эмас, аксинча улар бош вазирнинг парламентни тарқатиб юбориш билан таҳдид қилишини қораламоқда. Жонсон ҳукуматнинг янги ҳаракат йўналишини белгилаш учун вақт сўради ва бу нормал ҳолат. Аммо депутатлар ваколати жуда кенг бўлган бош вазир бу паузани қандай қилиб парламентни «Брексит» масаласида ҳал қилувчи қарорни қабул қилиш ҳуқуқидан маҳрум этиш учун олганини айтишмоқда. Судлар қандай қарор чиқариши ҳам, чиқарилган қарорнинг оқибати нима бўлиши ҳам аниқ эмас.

Хуллас, Британия ҳамон ўз тарихидаги энг тушунарсиз бошқотирма бўлган «Брексит»ни бир ёқлик қила олмаяпти...

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Брексит» учун «жанг». Борис Жонсон қиролликнинг асосий муаммосини ҳал қила оладими?