«Орзуларим ва болалигимни ўғирладингиз» — Швециялик қизалоқ дунё сиёсатчиларини сафсатабозликда айблади

  • 25 сентябрь 2019, 21:36
  • 857
  • Дунё
  • «Орзуларим ва болалигимни ўғирладингиз» — Швециялик қизалоқ дунё сиёсатчиларини сафсатабозликда айблади
    Швециялик иқлим ўзгаришига қарши кураш фаоли, 16 ёшли Грета Тунберг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбарида туриб дунё раҳбарларини иқлим ўзгаришига қарши курашишга қодир эмасликда ва унинг «болалигини ўғирлашда» айблади.

    «Бунга қандай ҳаддингиз сиғди?»
    «Буларнинг бари нотўғри. Мен бу ерда бўлмаслигим керак эди. Океаннинг нариги томонидаги мактабга қайтишим керак. Бас, сизлар биз ёшларга умид билан мурожаат қиляпсизлар. Бунга қандай ҳаддингиз сиғди? Сизлар қуруқ сўзларингиз билан орзуларим ва болалигимни ўғирладингиз. Янаям мен омадлилардан бириман. Одамлар азобланяпти, одамлар ўляпти. Бутун бошли экотизимлар барбод бўляпти. Биз оммавий қирилишнинг бошланишида турибмиз. Сизлар эса фақат пуллар ҳақида гапирасизлар ва ўсаётган иқтисодиёт ҳақида эртаклар айтасизлар. Бунга қандай ҳаддингиз сиғяпти?», деди у БМТнинг иқлим масалаларига бағишланган саммитида.

    Саммит вақтида Грета йўлакда АҚШ президенти Дональд Трампни учратиб қолди. Трамп саммитга 15 дақиқа кечикиб келди ва Тунбергнинг нутқини эшитмади. Трамп экологик муаммоларга эътиборсиз қарайди ва АҚШ унинг ташаббуси билан иқлим бўйича Париж келишувидан чиқиб кетган.

    Йўлакдаги тасодифий учрашув чоғида Гретанинг юз ифодаси қандай ўзгариб кетганлиги тасвирланган сурат ҳамда у ва Трамп тасвирланган гиф-сурат тармоқларда тарқалиб, мемларга айланиб кетди.

    Энг ёш иқлим ҳимоячиси
    Грета Тунберг 2003 йил 3 январда туғилган. У 11 ёшида оғир тушкунликни бошидан кечирган, унда Аспегер синдроми (жамият билан муносабатда қийналиш), селектив мутизм (маълум вазиятларда гапириш қобилиятини йўқотиш) аниқланган.

    Грета 8 ёшидан буён экология муаммоси билан шуғулланиб келади.

    Тунберг ўтган йил августида Стокгольмдаги парламент биноси олдида «мактаб иш ташлаши» бошлаганидан сўнг омма эътиборига тушди. У ҳар жума куни парламент олдида туриб сиёсатчиларни атрофга заҳарли моддалар чиқаришни қисқартириш бўйича Париж шартномасини бажаришга чақирди.

    Февраль охирида Тунберг Берлинда ўтказган намойишда 4 мингга яқин ёшлар иштирок этди. У БМТнинг иқлим масалалари бўйича конференцияси ва Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумига таклиф этилди. Швецияда Тунбергни «йил аёли» деб эътироф этишди.

    Швециялик ва норвегиялик сиёсатчилар Грета Тунбергни экологик ҳаракатга қўшган ҳиссаси учун тинчлик бўйича Нобель мукофотига номзод этиб кўрсатишди.

    Швециялик депутатлар Йенс Ҳольм ва Хокан Свеннелинг ҳамда норвегиялик парламент вакиллари Фредди Андре Овстегорд, Мона Фагерос ва Ларс Халтбреккен ана шундай ташаббус билан чиқишди.

    «Грета бошлаган ҳаракат бутун сайёрамиз иши учун муҳим ҳисса ҳисобланади», — дея қайд этди Овстегорд.

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » «Орзуларим ва болалигимни ўғирладингиз» — Швециялик қизалоқ дунё сиёсатчиларини сафсатабозликда айблади