20:25 / 04.10.2019
4 451

Туркияда рўмолга тақиқ: қандай бошланди, қандай тугади?

Туркияда рўмолга тақиқ: қандай бошланди, қандай тугади?
Бир вақтлар Туркиядаги расмий ташкилот ва идорaларда рўмолга қарши жиддий тақиқлар ўрнатилган эди. Яқин-яқингача рўмолли бўлгани сабабли кўплаб талаба қизлар университетларда таълим ололмас, давлат идораларида ишлолмасди. Туркиядаги тақиқлар 1990-йилларнинг иккинчи ярмида авжига чиқди. 2000-йилларнинг бошида ҳукуматни қўлига олган консерватив “Адолат ва тараққиёт” партияси бу тақиқларни бирданига бекор қила олмади. Ҳаттоки 2007 йилда “Адолат ва тараққиёт” партиясининг президентликка номзоди Абдуллоҳ Гулнинг рафиқаси рўмолли бўлгани туфайли ҳарбийлар норозилик мактуби ёзганди.

Тўлақонли демократияга эришиш, халқ ва ҳукумат ўртасида ишончсизлик келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида Туркияда рўмол тақиқи 2013 йилда расман бекор қилинди.

Муаммонинг бошланиши
Туркия Республикаси ташкил топиши билан тайёрланган биринчи конституцияда расмий равишда рўмолга тақиқ бўлмаган, аммо давлат ишларида рўмоли билан ишлаган биронта ҳам аёл йўқ эди. Рўмолга қўйилган норасмий тақиқларни муҳокама қилиш 1960-йилларда университетларда рўмолли қизларнинг кўпайиши билан кун тартибига чиқа бошлаган.

Туркияда рўмол тақиқининг икки юксалиш даври бор: 1980 йилдаги давлат тўнтариши ва 1997 йилдаги ҳарбийларнинг ҳукумат ишларига аралашиши.

1980 йил 12 сентябрдаги давлат тўнтариши
Юқори лавозимдаги ҳарбийлар амалга оширган тўнтаришдан кейин чиқарилган ва 31 йил амалда бўлган “Жамоат жойларида кийиниш ва кўриниш назорати” сабабли рўмолли аёллар давлат идораларида ишлай олишмади.

1980 йилда Туркиянинг Миллий хавфсизлик кенгаши тузган Вазирлар ҳайъати эълон қилган “Жамоат жойларида ва идораларда ишловчиларнинг ташқи кўриниши ҳақида”ги фармоннинг 5-моддасида жамоат жойларида аёлларнинг бошлари доим очиқ бўлиши керак деб белгиланган. Шундан кейин Халқ таълими вазирлиги ва Олий таълим вазирлиги ҳам шунга ўхшаш буйруқ чиқарди.

1997 йил 28 февраль инқирози
1997 йилнинг илк ойларидан ҳарбийларнинг сиёсий ишларга турли йўллар билан аралашиши натижасида “28 февраль инқирози” юзага келди. Бу Туркияда рўмолга бўлган таъқиқнинг энг чўққига чиққан йили ҳисобланади. Ўша йили ташкил қилинган Миллий хавфсизлик кенгаши аксил ҳукумат ҳаракатларга қарши 18 моддадан иборат қарор қабул қилди. Қарорнинг энг бошида бўлган ва аёвсиз равишда амалга оширилган модда туфайли жамоат жойларида рўмолга қарши бетиним курашилди.

Туркияда рўмолга қарши курашиш 1998 йилнинг 23 февралида, ўша вақтдаги Истанбул университети ректорининг рўмолни тақиқлаш қарори билан жиддийлашди. Ўша йили университетда рўмолли талабаларнинг сони бир неча мингга етганди. Бу қизлар ўқишга келганларида университет ходимлари уларни ичкарига киритмади ва тушунтириш хоналарида рўмолларини ечишга мажбурлади. Ечмаганлар устидан судга мурожаат қилинди. Талаба қизларнинг олдида икки йўл қолган эди: ё рўмолларини ечиб олий таълимни давом эттириш ёки ечмасдан ўқишдан ҳайдалиш.

Баъзилар рўмолларини истамаган ҳолда ечиб, парик кийган ҳолда ўқишни давом эттиришди. Моддий имкониятлари яхши бўлган рўмолли қизлар чет элда ўқиш учун кета бошлашди.

Парламентдаги биринчи рўмолли аёл

1997 йил 28 февралда ҳарбийларнинг талаби билан ҳокимиятдан узоқлаштирилган “Фаровонлик” партияси “аксилҳукумат ҳаракатларнинг маркази” бўлишда айбланиб Конституцион суд қарорига биноан беркитилгач, “Фазилат” партияси номи билан қайта очилди ва ўз ишини давом эттирди. 1999 йилдаги сайловларда биринчи рўмолли депутат Марва Қовоқчи “Фазилат” партиясидан сайланди. Аммо Марва Қовоқчининг Туркия Буюк Миллат Мажлисига (парламент) кириши Туркияда янги рўмол инқирозини келтириб чиқарди. Ўша вақтдаги Туркия бош вазири Марва Қовоқчига қарши чиқди ва унинг ҳайдаб юборилишини истади. Марва Қовоқчи депутатлик қасамёдини қабул қилолмади ва кейинчалик турли айбловлар билан Туркия фуқаролигидан чиқариб юборилди.

Тақиқни бекор қилиш учун илк қадамлар
2002 йилдаги сайловда “Адолат ва тараққиёт” партияси ҳокимиятга келиши билан рўмол тақиқига оний ўзгартиришлар киритилмади. Рўмол ҳамон нозик масала эди. Амалда бу тақиққа нисбатан бироз юмшаш бўлса ҳам, қонуний ўзгартириш кузатилмади. Юқори маҳкамаларнинг қарорлари ҳам бу борада ўзига хос тўсиқ бўлди. 2007 йилда университетларда рўмолли қизларнинг таълим олиши учун йўл очилди: Олий таълим вазирининг ректорларга берган топшириғи асосида рўмолга бўлган чеклов олиб ташланди.


Демократияга йўл
Туркияда давлат ишчилари учун рўмол тақиқини бекор қилиниши эса Ражаб Тоййиб Эрдоған нинг 2013 йил 1 октябрь куни эълон қилган “Демократлашишга қадам” фармони билан бўлди. “Жамоат жойларида ва идораларда ишловчиларнинг ташқи кўриниши ҳақида”ги фармоннинг 5-моддасига ўзгартириш киритилиши билан, чекланган ҳукмлар тугатилди.

Аскарлар, хавфсизлик ходимлари ва прокурорлар бу ишларнинг ташқарисида ушлаб турилди. Аёл адвокатларнинг қонун чиқарувчи орган томонидан белгиланган қуроллар доирасида рўмол ўрамаслиги борасидаги амалиёт суд томонидан бекор қилинди.

Парламентдаги ечим
Расмий идора ва ташкилотларда рўмол тақиқи бекор қилинганидан қисқа вақт кейин муаммо парламентда ҳам ҳал бўлди. Ҳаждан қайтганидан кейин рўмолларини ечмаслигини эълон қилган 4 депутат аёл 2013 йил 31 октябрь куни парламентдаги мажлисда қатнашди. Бу эса ҳеч ким томонидан салбий қарши олинмади.


Сўнгги сўз ўрнида
Туркияда рўмолга қарши ўнлаб йиллар давомида бесамар кураш олиб борилди, давлатнинг қанчадан-қанча ресурслари ана шу беҳуда кураш учун сарфланди. Чунки бу кураш халқнинг асосий қисмининг эътиқодига қарши қаратилган эди. Бир ҳовуч секуляр бошқарувчилар узоқ йиллар давомида халқнинг хоҳиш-истагини инобатга олишни истамади ва алал-оқибат енгилди. Чунки инсонларнинг қалбидан имон-эътиқодини суғуриб олишнинг иложи бўлмади. Бугунги Туркияда рўмолли аёлларни турли ишларда ва лавозимларда кўриш мумкин. Улар орасида ўқитувчилар-у адвокатлар, профессорлар-у олималар, ҳокимлар-у вазирлар бор. Бу ҳолат мамлакатнинг тараққиётига тўсиқ бўлаётгани йўқ.

Абдуллатиф АДҲАМОВ

Манба: Sof.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Туркияда рўмолга тақиқ: қандай бошланди, қандай тугади?