Мянмада оғирлиги 11 минг карат бўлган ноёб ёқут топилди

Фото: Мянма ахборот вазирлиги
Мянмада оғирлиги 11 минг карат ёки 2,2 килограмм бўлган ноёб ёқут топилди. Бу ҳақда мамлакат ахборот вазирлиги маълум қилди.
Қимматбаҳо тош Мандалай яқинидаги Могок туманида аниқланган. Ушбу ҳудуд Мянманинг асосий қимматбаҳо тошлар қазиб олинадиган марказларидан бири ҳисобланади.
Мутахассислар фикрича, янги топилган ёқут сифати ва ранги жиҳатидан аввалги кўплаб тошлардан устун ҳисобланади. Айрим экспертлар уни 1996 йилда топилган 21,45 минг каратли машҳур ёқутдан ҳам қимматроқ бўлиши мумкинлигини айтмоқда.
Тош тўқ қизил ранг ва сарғиш тусга эга бўлиб, шишасимон ялтироқлиги билан ажралиб туради. Шунингдек, у ҳозирча ишлов берилмаган ҳолда сақланаётгани маълум қилинди.
Ҳозирча ёқутнинг аниқ қиймати очиқланмаган. Уни ким топгани ҳақида ҳам расмий маълумот берилмаган.
Мянма дунё бозорида нефрит ва бошқа қимматбаҳо тошларнинг йирик етказиб берувчиларидан бири саналади. Шу билан бирга, мамлакатда қимматбаҳо тошлар билан боғлиқ қора бозор ҳам мавжудлиги айтилмоқда.
Маълумот учун, 2015 йилда Женевада бўлиб ўтган Sotheby’s аукционида 25,59 каратли ёқут 30,33 миллион долларга сотилган эди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!