Эр хотинига қайноқ сув сепиб, изсиз қочиб кетди

Ўш шаҳрида яшовчи Зарнибо исмли аёл турмуш ўртоғи томонидан шафқатсиз ҳужумга учраганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, эркак аёлнинг юзига икки маротаба қайноқ сув сепиб, ҳодисадан сўнг Ўзбекистон ҳудудига қочиб кетган. У бу ҳақда шаҳар ҳокими билан учрашувда айтиб ўтган.
Мазкур воқеа жорий йилнинг 9 март куни содир бўлган. Оғир тан жароҳатлари олган аёл 27 кун давомида шифохонада даволанишга мажбур бўлган. Унга кўра, бу вақт ичида турмуш ўртоғи ёки унинг қариндошлари томонидан ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаган.
Аёлнинг билдиришича, у Қирғизистон Ички ишлар бошқармасига бир неча бор мурожаат қилган. Масъуллар ишни назоратга олишга ваъда берган бўлсада, гумонланувчи ҳанузгача ушланмаган.
Шаҳар ИИБ раҳбари эса ҳолатдан хабардор эканини билдириб, гумонланувчини тез орада қўлга олиш ва уни мамлакатга қайтариш чораларини кўришаётганини маълум қилган.
Ҳозирда ушбу воқеа юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!