07:07 / 19.12.2019
4 039

Уйғурлар – туркийлар юрагидаги яра...

Уйғурлар – туркийлар юрагидаги яра...
Суҳбатдошим уйғур халқининг миллатпарвар вакили Тӯхтирӯзи Усул ҳозир Германияда сиёсий муҳожиротда яшамоқда. У Шарқий Туркистоннинг Хӯтан вилояти, Лоб туманида туғилган. Шарқий Туркистондаги хитойларнинг уйғурларга оид сиёсатига қарши дадил курашгани боис таъқиб ва босимларга учраб, мамлакатни тарк этишга мажбур бӯлган.

– Тӯхтирӯзи ака, Шарқий Туркистонда яшовчи уйғурлар ва бошқа оз сонли халқлар масаласи бугун энг ташвишли, муаммоли масалалардан бири бӯлиб турибди. Ғарб матбуоти ва Ғарб давлатларида уйғурлар масаласи бетиним ёритилаётган бир пайтда туркий тилли давлатлар раҳбарларининг Шарқий Туркистондаги хунрезликларга нисбатан беписанд муносабатда бӯлаётгани сабабини нималар билан изоҳлайсиз?
– Ҳақиқатан, сиз айтаётганингиздек, ҳозир уйғур халқи оғир кунларни бошдан кечирмоқда. Ҳозирги кунда Европа ва Америкадаги давлатлар билан бирга бошқа ғарб давлатлари ҳам уйғурлар аҳволига эътибор қаратаётгани қувонарли ҳол. Улар уйғурларнинг ҳақ-ҳуқуқлари учун астойдил курашмоқдалар, миллатдошларимизнинг аянчли тақдирига қонуний йӯллар билан барҳам бериш чораларини илгари сурмоқдалар.

Бироқ мусулмонлар дунёси, жумладан, бизга яқин қардош ва қариндош бӯлган Ӯрта Осиё давлатларидан ҳеч қандай садо чиқмаётгани мени доим умидсизлантиради. Менимча, туркий тилли давлатларнинг Хитойдаги жамлоқларда қийналаётган қариндошлари учун ҳимояга отланмасликларига Ӯрта Осиёдаги давлатларнинг Хитойдан қарздор бӯлиб қолганлиги асосий сабаблардан бири.

Хитой Ӯрта Осиёдаги давлатларни пулли ёрдам кӯрсатиш, қарз, кредит бериш орқали назорат қилади. Бундан ташқари, Ӯрта Осиёдаги давлатларда саноат, ишлаб чиқариш яхши ривожланмаган, шу боисдан мазкур давлатлар кундалик маиший буюмлардан то кийим-кечакларгача бӯлган нарсаларни Хитойдан сотиб олишади. Шу сабабли улар Хитой ҳукумати олдида тили қисиқ кӯйга тушиб қолган.

– Бугунги кунда Хитой ҳукумати томонидан ташкил этилган жамлоқларда бир миллионга яқин, айрим манбаларда эса бир миллиондан ҳам кӯп жигарларимиз сақланаётгани ҳақида гапирилмоқда. Расмий Пекин жамлоқларда сақланаётган маҳбуслар ҳақида гапираркан, уларга касб ӯргатилаётгани, маънавий сабоқ берилаётганини айтишмоқда. Бу борада Сизнинг фикрингиз қандай? Хитой ҳукуматининг баёноти нечоғли тӯғри? Жамлоқларда қолаётганлар ичида сизнинг танишларингиз ҳам борми?
– Халқаро матбуотларда бугунги кунда бир милиондан уч милионгача уйғур, қозоқ ва қирғизлар билан бирга бошқа туркий тилли халқларни жамлоқларга қамаб, уларни эркинликларидан маҳрум қилаётгани айтилмоқда.
Мен она ватанимдан тақдир тақозоси билан 2014 йилнинг декабрида айрилганман. Ӯз юртимда яшаётган пайтимда жамлоқлар бӯлмаган эди, шу боис жамлоқларнинг қандай жой эканлигини аниқ-таниқ билмайман.

Аммо интернетда тарқалаётган хабарлар ҳамда ана шундай кӯнгилсиз ҳолатлар гувоҳи бӯлган ва бӯлаётган уйғурларнинг сӯзларига қараганда, у жой Хитой ҳукумати айтаётган касб-ҳунарлар ӯргатадиган масканлар эмас. Чунки у ерда сақланаётган юртдошларимизнинг уйларига қайтишга, қариндошлари билан кӯришишга рухсат берилмайди. Бундан ташқари, ҳар доим жисмоний, руҳий таъқибларга учрайди.
Мен 2015 йилда бир йилга яқин Туркияда яшадим. Туркияга келганимдан кӯп ӯтмай ватанимдаги қариндош-уруғлар ва дӯстларим билан алоқам узилди.

Улардан хабар олиш, алоқада бӯлишнинг иложи бӯлмай қолди. Афсуски, алоқани ҳозиргача тиклай олмаяпман. Ҳатто уларнинг тирик, ҳаёт эканликларини ҳам билолмаяпман. Хӯтанлик уйғурлар ва бошқа йӯллар орқали билганим шуки, менинг укам ва аммам ҳамда аммамнинг ӯғли Хитой жамлоқларида қамоқда сақланмоқда. Айтишларича, укамни мен чет элга кетганим учун қамашган. Унга агар аканг юртга қайтиб келмаса унинг ӯрнига сени тутқунликка оламиз деб қамашган. Аммамни эса доимий равишда диний урф-одатларимизни бажариб келганлиги учун қамоққа олишгани ҳақида тахминлар бор. Бундан ташқари, ҳозирги кунда бутун дунёга тарқалган расмлардан бирида мен танийдиган уч киши бор.
Улар Азиз ҳожи, Абдулла дурадгор ва Али қорилардир. Улардан Азиз ҳожи ва Али қорилар ниҳоятда бадавлат инсон бӯлганлар. Уларнинг бирор касб ӯрганишга эҳтиёжлари ҳам йӯқ.

– Шарқий Туркистонда уйғур тилининг келажаги ҳақида нималар дея оласиз? Бугун, уйғур адабиёти, маданияти, санъати, урф-одати, анъанасига эътибор қандай?
– Она Ватанимизда уйғур адабиёти ва уйғур тили 90-йиллардан олдин анча тараққий топган. У пайтларда университетларда ҳам дарслар уйғур тилида ӯқитиларди. 1990-йилдан кейин СССР парчалангач, Қозоғистон ва Ӯзбекистон каби туркий халқларнинг мустақилликка эришиши Хитой ҳукуматини қаттиқ ларзага солди. Улар Ӯрта Осиёда мустақилликка эришган, уйғурларга энг яқин қариндош бӯлган халқларнинг мустақиллигидан руҳланган уйғурлар ҳам мустақилликка эришиш учун ҳаракат қилишидан қаттиқ қӯрқишган.

Буни чуқур англаган Хитой ҳукумати дастлабки қадамини уйғурларни ассимиляция қилиш, уйғур тилини университетлардан чиқириб ташлашдан бошлашди. Мен фақат уйғур тилида ӯқиганман, мендан кейин мактабга борган аммамнинг фарзандлари "икки тилли маориф" деган номларда безатилган уйғур-хитой тили аралаш мактабларда таҳсил олишди. Бир неча йил олдин уйғур тарихига оид китобларнинг ҳаммасини сотиш таъқиқланди ва илгари сотилган китобларни ҳам йиғиштириб олишди.

Бугунги кунга келиб, гарчи уйғур санъати хитой санъати таъсирига учраган бӯлса ҳам ҳозирча йӯқолиб кетиши мумкин эмас. Чунки ЮНЕСКО томонидан уйғурларнинг ӯн икки мақоми дунёда эътироф этилди. Бундай аҳволда Хитой ӯн икки мақом каби уйғур санъатини таъқиқласа, дунё аҳли олдида ӯзларининг мустабид эканликларини том маънода фош қилиб қӯяди.
Уйғур тили ҳеч қачон йӯқолиб кетмайдими, деган саволингизга келсак, бу яқин 100 йил ичида тилимизнинг йӯқолиб кетиши асло мумкин эмас.

Чунки ватанимизда яшаётган 70 фоиз уйғурлар фақат уйғур тилидаги мактабларни тугатган. Табиийки, улар ӯз она тилимизни фарзандларига ҳам ӯргатишади. Уйғур маданияти ҳам яқин йилларда йӯқолиб кетиши мумкин эмас. Чунки хитойлар ӯзларининг маданиятини ҳар қандай йӯллар
билан зӯравонларча сингдиришга уринса ҳам, барибир биз уйғурлар маданиятимизни ҳимоя қилиш йӯлида дадил одимлайверамиз. Чунки инсонда қаршилашиш психикаси бӯлади, маданият, тил бир кишига мажбуран ӯргатиладиган нарсалар эмас, уни инсоннинг ӯзи ӯз ихтиёри билан қабул қилади.

– Тӯхтирӯзи ака, самимий суҳбатингиз учун катта раҳмат. Илоҳим уйғур қардошларимизга ӯз она юртида эмин-эркин, мустақил давлат ӯлароқ яшаш шукуҳи ва бахти тез орада насиб этсин!

Суҳбатдош: Рӯзибой Азимий

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Уйғурлар – туркийлар юрагидаги яра...