15:08 / 14.02.2020
3 217

Суриядаги эскалация: Россия ва Туркия янги зиддият ёқасидами?

Суриядаги эскалация: Россия ва Туркия янги зиддият ёқасидами?
Фото: Getty Images
Февраль ойи бошида Суриянинг Идлиб провинциясидаги вазият чўғ ола бошлади. Шу ҳафтанинг душанба куни Асад армияси берган артиллерия зарбалари оқибатида турк ҳарбийлари ҳалок бўлди. Туркиядагилар нафақат жавоб зарбаси қайтаришни, балки Россия билан муносабатларни қайта кўриб чиқишни ҳам талаб қила бошлашди.
Би-би-си юзага келган вазият Анқара ва Москва ўртасидаги кенг кўламли можарога олиб келиши эҳтимолини кўриб чиққан.

Нима бўлмоқда?
Президент Башар Асад бошқарувидаги Сурия армияси ўтган йил декабрида Эрон таъсиридаги кучлар билан биргаликда мамлакат шимоли-ғарбидаги Идлиб вилоятига юриш бошлаган. Бу Туркиянинг жиддий хавотирларига сабаб бўлган.

Биринчидан, Идлиб Туркия учун стратегик жиҳатдан муҳим ҳудуд ҳисобланади. Анқара бу ҳудудни ўз таъсири остида бўлиши керак деб ҳисоблайди. 2017 йилдаги Сочи келишувига кўра, Идлибда ҳарбийлардан холи зона ташкил этилиши, бу келишувга риоя этилиши оғир техникалар билан жиҳозланган туркларнинг ҳарбий постлари назорат қилиши керак эди.

Сурия шимолида кучлар тақсимоти
Январь ойи охири ва февраль ойи бошида Сурия армиясининг Идлибда қайтариб олиш учун олиб борган ҳарбий ҳаракатлари вақтида туркиялик ҳарбийлар ҳалок бўлишди. Агар энди Анқара Идлибдаги позицияларини бой берса, ўз уйида Эрдўғаннинг репутациясига жиддий зарар етади.

Туркиядагилар Асаднинг юриши Россия иштирокисиз кечмаётганига амин / GETTY IMAGES
Иккинчидан, Идлиб устига юриш давомида Асад кучлари нафақат террорчиларга, балки Туркия томонидан қўллаб-қувватланадиган мухолифатчиларга ҳам зарба бермоқда.

Туркиялик ҳарбий мутахассислар томонидан ўқитилган ва Туркия томонидан қуроллантирилган бўлинмалар «Миллий армия»га бирлашган (аввал улар «Озод Сурия армияси» эди). Анқара «Миллий армия» билан иттифоқдан воз кечолмайди, улар Туркияга курд отрядлари ва радикал кучларга қарши курашда ёрдам бериб келмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, сўнгги кунларда Сурияда 14 нафар туркиялик ҳарбий ҳалок бўлган. Эрдўған агар Идлибда яна бир турк аскари жабрланса, Анқара Сурия кучларига «ҳар қаёқда» жавоб зарбалари беришини маълум қилган.

Туркия президенти ҳатто ультиматум қўйган: февраль ойи охиригача Россия томонидан қўлланаётган Асад кучлари Идлибдан чекиниши ва туркларнинг постлари атрофидан кетиши керак.

«Ҳалокат ёқасида»

Ҳудуди у қадар катта бўлмаган Идлибда Суриянинг турли чеккаларидан келган 3-4 миллион қочқин яшамоқда
Анқарани ташвишлантираётган яна бир жиҳат - қочқинлар билан боғлиқ вазиятдир.

Эрдўған Сурия ва Россияни Идлибда қасддан тинч аҳолига зарбалар беришда айблаган. Унинг сўзларига кўра, Россия ёрдамида Асад ҳарбийлари «Идлибнинг бегуноҳ ва ҳимоясиз аҳлини Туркия томонга ҳайдамоқда». Бу эса Туркиянинг Сурия билан чегарасида гуманитар фалокатга олиб келиши мумкин.

Гап шундаки, Идлибда қочқинларнинг улкан оқими пайдо бўлган. Гуманитар ташкилотларнинг маълумотларига кўра, провинцияда айни вақтда 3,5 млн атрофидаги одам бошпанасиз қолган. Суриянинг турли жойларидан Асад кучлари назорати остида яшашни истамаган минглаб одамлар Идлибга оқиб келиши давом этмоқда.

БМТ маълумотларига кўра, 2019 йил декабридан буён, Асад армияси Идлибга юриш бошлагач, ҳудуддаги ярим миллиондан ортиқ киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Қочқинлар лагерлари тўлиб-тошган. Туркия ҳукумати бошқа қочқин қабул қила олмаслигини билдирган.

Декабрь ойидан буён 600 минг киши бошпаналарини тарк этишга мажбур бўлди / AFP
Туркиянинг огоҳлантиришича, худди 2015 йилда бўлгани каби Европага қочқинларнинг янги оқими ёпирилиши мумкин. Ўшанда Европа Иттифоқи давлатлари Яқин Шарқдан ноқонуний муҳожирлар оқимини назорат қила олмай қолганди.

Ўзаро зиддият рўй берадими?

Туркия Идлибга яна 12 минг ҳарбийсини жойлаштириб бўлди / ANADOLU AGENCY
Суриядаги зиддият бўйича туркум китоблар муаллифи, таҳлилчи Жозеф Даэрнинг фикрича, Суриядаги режим билан кенг кўламли тўқнашув юзага келадиган бўлса устунлик Туркия томонида бўлади. Аммо, шунга қарамасдан, Туркия, афтидан Россия билан муносабатлари яна совуқлашишини истамайди ва вазият кескинлашишидан қочишга уринмоқда.

«Москва - Дамашқни исталган вақтда жиловлай оладиган ва Асаднинг Туркияга қарши режаларини тўхтата оладиган ягона ўйинчидир. Ғарб давлатлари томонидан яккалантириб қўйилаётган Туркия ҳам Россия билан яхши алоқалар сақланиб қолинишини истайди», - дея қайд этади профессор Даэр.

Би-би-сининг Туркия хизмати бўйича журналисти Гокседефнинг қайд этишича, Туркия ва Россия муносабатларидаги кескинлашув шу даражага етганки, буни 2015 йилдаги воқеаларга тенглаштириш мумкин, ўшанда турк ҳарбийлари Россиянинг қирувчи самолётини уриб туширганди. Аммо Анқара ўша воқеадан катта сабоқ олган.

Россиянинг Туркиядаги элчиси Алексей Ерхов Идлибдаги кескинлашув ортидан унга турли таҳдидлар кела бошлаганини маълум қилган. Россиянинг аввалги элчиси Андрей Карлов 2016 йил декабрида Анқарада отиб ўлдирилганди.

«Бир томондан, Эрдўған ички сиёсат майдонида очко йўқотишни истамайди. Аммо шу билан биргаликда, Россия билан муҳим иқтисодий муносабатлари бузилишига ҳам рози бўла олмайди. Шу йил бошида Туркия ва Россия президентлари Россия табиий газини Туркия ҳудуди орқали Жанубий Европага ташувчи TurkStream газ қувурини очиб беришганди.

Башар Асад армияси аскарлари / Getty Images
Вазиятдан чиқиш йўли ягона - сиёсий масалаларни музокаралар орқали ҳал қилиш. Ҳарбий муаммолар эса - гибрид урушлар воситасида ҳал этилади. Суриядаги низонинг барча иштирокчилари ҳудудда ўз таъсирида ҳаракатланадиган отрядларга эга», - дея қайд этади журналист.

Москва томонга қатор танқидлар билдираётгани билан президент Эрдўған айни вақтда Сурияда ўзаро душман томонларда турган Туркия ва Россия тушунмовчиликни тинч йўл билан ҳал этишга уриниши кераклигини таъкидламоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Суриядаги эскалация: Россия ва Туркия янги зиддият ёқасидами?