23:21 / 21.03.2020
3 890

Исаак Ньютон оммавий эпидемия сабабли берилган таътилда энг буюк назарияларини яратган

Исаак Ньютон оммавий эпидемия сабабли берилган таътилда энг буюк назарияларини яратган

1665-1666-йилларда Лондонда ўлат тарқайди. Одамлар орасида оммавий касалланиш бошланади. Бу даврлар тарихга “Лондондаги Буюк ўлат” номи билан кирган. Буюк ўлат даврида Лондоннинг чорак қисми (25%) ўлатдан қирилиб кетган. Ўлат тарқаган йили машҳур олим Исаак Ньютон Кембрижнинг Тринитй коллежида 22 ёшли оддий талаба эди. Ўша пайтда ҳам ҳукумат эпидемия тарқалишининг олдини олиш учун одамларни оммавий йиғилишини чеклаган. Кембриж университети ҳам талабаларни уйига жўнатган ва талабалар уйида мустақил ўқишни давом эттирган.

Ньютон оиласининг Вулсторп мулкида жойлашган уйига қайтади ва 1 йилдан ортиқроқ давр мобайнида ўқитувчиларнинг ёрдамисиз ушбу уйда мустақил таҳсил олишни давом эттиради. Ньютон уйида ўқиган айнан шу йил кейинчалик унинг “мўъжизалар йили” деган ном олган. Чунки Ньютон айнан шу даврда, уйида мустақил ўрганиш давомида энг машҳур назарияларини яратган.

Биринчидан, у Кембрижда ўрганишни бошлаган математик масалалар устида ишлашни давом эттиради. Ушбу масалалар юзасидан ёзган илмий ишлари кейинчалик математик анализ фанининг шаклланишида асослардан бири бўлиб хизмат қилади.

Иккинчидан, қуёшли кунларнинг бирида дераза ва бошқа нур тушадиган барча ерларни беркитиб, хонасини қоп-қоронғу қилиб олади. Сўнг деразани беркитиб турган пардадан кичик тешик очиб, шу тешикдан тушаётган нур йўлини шиша призма билан тўсади. Призманинг биринчи томонидан ўтган нур унинг иккинчи томонидан турли хил ранглар кўринишда (камалак каби) тарқалади. Айнан шу тажриба Ньютоннинг оптика соҳасидаги назарияларининг яратилишига туртки бўлади.

Учинчидан, Бутун олам тортишиш қонуни ҳақидаги фикрлари ҳам айнан шу йиллари вужудга келади. Ньютон олма дарахти остида бўлган пайти бошига олма тушгани ва шундан Бутун олам тортишиш қонунига асос солгани ҳақидаги ҳикояни эшитган бўлсангиз керак? Боғда айланиб юрганида олмаларнинг дарахтдан қулаб тушишини кузатади. Ва унинг хаёлига “олманинг ерга қулашига сабаб бўлувчи тортишиш кучининг амал қилиш масофаси Ердан маълум узоқлик билангина чекланмасдан, анча узоқ масофаларда ҳам амал қилса-чи? Масалан, Ойгача бўлган масофада”, – деган фикр келиб қолади. Шу фикр кейинчалик Бутун олам тортишиш қонунининг кашф этилишига сабаб бўлади.

Буюк ўлат даври тугагач, 1667 йили Ньютон уйда ўрганганлари асосида ишлаб чиқилган назариялари ва шу назариялар ҳақида ёзилган илмий ишлари билан университетга қайтади. 6 ой ичида Ньютон университетнинг аъзосига айланади, 2 йилдан кейин эса профессор даражасига эришади.

Хабарингиз бор бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам таълим муассасалари ёпилди. Ўқиш йўқ, энди маза қилиб ухлайман ёки кўролмай юрган сериалларимни кўриб ташлайман демай, мустақил ўрганиш ва тажриба ўтказишга, илгари ўйлаб юрган, лекин амалга ошириш учун вақт тополмай юрган ишларингизга вақт сарфлашингиз учун айни муддао. Ажаб эмас, уйдаги мустақил ўрганишлардан кейин сиз ҳам Ньютонга ўхшаб келажакда машҳур бўлиб кетувчи назарияларни яратсангиз.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исаак Ньютон оммавий эпидемия сабабли берилган таътилда энг буюк назарияларини яратган