09:48 / 03.04.2020
2 403

Трампнинг твити нефть бозорининг «оёғини осмондан қилди». Гап нимада?

Трампнинг твити нефть бозорининг «оёғини осмондан қилди». Гап нимада?
ALEXEI ANDRONOV/TASS
Пайшанба куни нефть нархи савдоларда жиддий ўса бошлади. Brent тоифасидаги нефть бир баррели учун 30 доллардан ошди. Бу нарх камида 20 фоизга ўсди деганидир.

«Ҳозиргина дўстим Муҳаммад бин Салмон билан гаплашдим, Россия президенти Путин билан ҳам. Умид қиламан, улар нефть ишлаб чиқариш ҳажмини кунига 10 миллион баррелдан камайтиришади, балки кўпроқдир. Агар шундай бўлса, нефть бозори учун жуда яхши бўлади», деб ёзди АҚШ президенти Дональд Трамп твиттердаги саҳифасида.

Трампнинг бу пости биржаларда «қора олтин» нархи кескин ўзгаришига сабаб бўлди. Brent туркумидаги нефтнинг бир баррели нархи 46,7 фоизгача кўтарилиб 36,29 долларга етди. Бу вақтинчалик ҳолатми? Нефть бозорини қандай ўзгаришлар кутмоқда?

Нега Россия нефти қимматлашмади?
Brent 46 фоизгача қимматлагач, кейин аста-секин пастлашни бошлади. Ҳозир бу турдаги нефтнинг 1 баррели 29,91 доллардан сотилмоқда. 34,86 фоизгача қимматлаб 27,39 долларга кўтарилган WTI туркумидаги нефть кейинроқ 25,04 доллардан сотила бошланди. Аммо негадир Россиянинг Urals маркасидаги нефти нархи ўзгаришсиз қолди.

Ғарбий Европа биржалардаги 1 апрель савдоларида Urals маркасидаги бир баррель нефть учун 10,5 доллардан таклиф қилинаётганди. Brent нархи 40 фоиз ошганидан кейин ҳам Urals нархи ўзгаришсиз қолди. Бу ажабланарли ҳолат, чунки доим Brent ортидан Россия нефтининг нархи ҳам кўтариларди.

Россия нефтни режадагидан 4 баробар арзон сотмоқда
Ҳозир Россия учун нефть қазиб олиш ва уни харидорга етказиб бериш зарарга айланиб қолди. Россияда нефть қазиб олиш ва уни харидорга етказиб бериш харажатлари унинг нархи бир баррелга 15 доллар бўлганида ҳам ўзини оқламайди. Нефтчилар тили билан айтганда, Urals ҳозир «салбий экспорт нархи»да сотилмоқда. Россия йил бошидаги бюджет тақсимотида нефтни камида 42,4 доллардан сотишни мўлжаллаган, аммо ҳозир тўрт баравар камига сотишга мажбур. Россия бюджети Urals маркасидаги нефтнинг бир баррели 15 долларга тушганидаёқ зарар кўра бошлаган эди.

Бугун нефть нархи арзонлашишининг асосий сабаби дунё бўйлаб коронавирус пандемияси тарқалиши даврида талабнинг кескин пасайиши ҳисобланади. Бундай пайтда содир бўладиган ҳар қандай кутилмаган ҳолат нархлар кескин ўзгаришига сабаб бўлади. Нархни эса талаб ва таклиф эркин кўринадиган хомашё биржаларидаги харидор белгилайди.

Бозор иштирокчилари – мамлакатлар ва компаниялар маълум бир миқдордаги нефтни етказиб бериш бўйича ўзаро фючерс шартномаларини тузади. Фючерс шартномасини тузиш камдан-кам ҳолларда нефтни тўғридан-тўғри етказиб беришга олиб келади: томонлар фақат нарх ва шартномани бажариш санасини келишиб олади.

Маҳсулотнинг бошқа параметрлари – миқдори, сифати, уни етказиб бериш муддати олдиндан маълум. Яъни, харидорлар ҳозирги вақтда фақат нарх бўйича савдолашмоқда, маҳсулотни етказиб бериш одатдаги йўналиши бўйича давом этади.

2 апрель куни OPEC ва унга аъзо бўлмаган давлатларнинг қўшма йиғилишида нефть қазиб олиш ҳажмини қисқартириш ҳақида битим имзолангач, дунё биржаларида нефть нархи сезиларли ошди. Трампнинг баёноти эса жараённи тезлаштириб юборди.

Энг катта нарх ўсиши Brent маркасида кузатилди ва унинг нархи 1 апрелдаги нархга қараганда 46 фоиз ўсди. Бу сармоядорлар «оғзаки аралашув» деб атайдиган ҳаракатлар таъсири остида рўй берди.

Freedom Finance таҳлилчиси Евгений Миронюк нефть нархи кўтарилганини шундай изоҳлади: «Биринчидан, Россия «ОРЕС+» қўшма гуруҳини тарк этганидан кейин нефть қазиб олиш ҳажмини кўпайтирмасликка қарор қилди. Иккинчидан, Хитой ҳар доим бозорда нарх тушиб кетса, қўшимча захиралар учун арзонроқ нефть сотиб олишга киришади. Учинчидан, АҚШ Россия ва Саудия Арабистони ўртасида ишлаб чиқаришни қисқартириш бўйича музокараларда иштирок этиш ниятида эди, амалда шундай бўлди ҳам.

Бундан ташқари, Brent нархининг кўтарилишига Дональд Трампнинг 2 апрелда нефтчилар билан режалаштирилган учрашувини кутиш ҳам таъсир қилди. Унда АҚШ президенти нефть саноатини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларни эълон қилиши тахмин қилинган эди», деб вазиятни тушунтирди таҳлилчи.

Нима учун Brent нархи сезиларли кўтарилганда Россиянинг Urals маркасидаги нефть нархи ўзгаришсиз қолди? Гап шундаки, Brent тасодифан нефть бозорининг эталони бўлиб қолмаган. Нефтнинг бир неча маркалари мавжудлиги сабаб бошқа маркаларнинг нархи маълум нисбатларда стандартларнинг нархига мослаштирилади. Масалан, Urals одатда Brent’дан 4-5 доллар арзон юради ва бу нархлар чегирмаси деб аталади.

Яна бир иқтисодий таҳлилчи Антон Покатович нефть нархлари ҳақида қуйидаги фикрда: «Urals нефтининг нархи Brent’дан фарқли ўлароқ нефть бозоридаги ҳақиқий вазиятни баҳолаш учун кўпроқ мос келади. Нефть бозорида таъминотга шай турган катта захира шакллангани учун Urals бренди котировкаларининг салбий динамикасини кўряпмиз.

Urals нархларининг тикланишини талаб билан боғлиқ вазият сезиларли даражада яхшиланишни бошлаганда ёки экспорт қилувчилар нефть қазиб олишни сезиларли даражада қисқартириш бўйича келишувга эришгандан кейингина кўрамиз». Яъни, таҳлилчининг фикрича, Urals бозордаги асл ҳолатни кўрсатади ва унинг нархи кимнингдир оғзаки гапи сабаб эмас, аниқ шартномалар имзолангач ўзгаради.

«Нефть бозоридаги бундай салбий нарх шароитида, бизнинг ҳисоб-китобларимиз бўйича бюджет тақчиллиги Россия ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 2,5-3 фоизини ташкил қилиши мумкин. Бу йил нефть ва газ даромадлари 30-40 фоизга камаяди. Нефть нархи арзонлашиши Россия нефтни қайта ишлаш саноатига босимни янада оширади: нефть компаниялари бюджетга тўловларни кўпайтиради. Бензин нархлари эса «қўлбола бошқарув» билан тартибга солинади. Эҳтимол, ҳукумат истеъмолчилар учун нархлар ошиб кетмаслигини ўйлаб нефть соҳаси ишчиларига ёрдамни кучайтиради», дейди Покатович нефть нархининг Россия ички бозорига таъсири ҳақида.

Покатовичнинг фикрича, Россияда нефть нархларини назорат қиладиган рубль курси апрель ойида бир доллар учун 77-81 рубль атрофида бўлиб туради. Бу эса Россия иқтисодиёти учун жуда ёмон.

Россия ва Саудия қазиб олишни камайтириш бўйича келишувга эришмаган
Трампнинг гапидан сўнг кўпчилик Россия ва Саудия нефть қазиб олиш кунлик ҳажмини 10 миллион баррелгача қисқартириши ҳақида келишувга эришади деб ўйлаганди, аммо ҳозирча бундай бўлгани йўқ. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковдан Путин бу борада Саудия валиаҳд шаҳзодаси билан гаплашгани ёки йўқлиги ҳақида сўрашди: «Йўқ, бундай суҳбат бўлмади», деди Песков қисқагина қилиб.

Нефт нега қимматлашганди?
Нефть февраль ойи охирида қимматлашни бошлади. Масалан, 20 февраль куни биржада 1 баррель Brent 50 доллардан сотилаётганди. Март ойи охирида эса бу турдаги нефть нархи 22 долларгача тушиб кетди. Россия нефти 10 долларгача арзонлади.

Бунга асосий сабаб, шубҳасиз, коронавирус пандемияси бўлди. Бутун дунёда саноатнинг деярли тўхтаб қолгани нефтга эҳтиёжни камайтирди. Хитойнинг ўзи нефть бозоридаги жуда катта хомашёни сотиб оларди. Январданоқ «ёпилишни бошлаган» Хитой бозорни вақтинча тарк этгани нархларга табиий равишда таъсир қилди.

Нефть нархининг пасайишига яна бир сабаб (балки асосийдир) Россия ва Саудиянинг қайсарларча ҳаракат қилиб келиша олмагани бўлди. ОРЕС йиғилишида Саудия нефть ишлаб чиқариш ҳажмини камайтиришни, шу билан бозордаги нархни стабил ушлаб туришни таклиф қилди. Ташкилот иштирокчилари бунга рози бўлишди, лекин Саудия ОРЕС аъзоси бўлмаган бошқа йирик ишлаб чиқарувчи Россия билан келиша олмади.

Россия нефть ишлаб чиқаришни камайтириш таклифини қабул қилмади. Бунга жавобан Саудия Россияга кескин зарба йўллади ва мижозларига чегирмалар асосида нефть сотишни бошлади. Оқибатда нефть бозорида хомашё ҳаддан ташқари кўпайиб кетди ва бу нарх пасайишига олиб келди. Саудия энди ўзининг зарари кўзига кўринмай нефть қазиб олиш ҳажмини кўпайтиришда давом этди. Худди 1986 йилда бўлгани каби...

Ўшанда ҳам Саудия аввалига нефть қазиб олишни камайтиришни таклиф қилган, СССР кўнмаган, кейин Саудия ишлаб чиқаришни кескин ошириб, собиқ иттифоқ иқтисодиётини издан чиқарганди. Охир-оқибат нефть 10 долларгача арзонлаб, кўп ўтмай иттифоқ парчаланганди.

Россия АҚШга зарба бермоқчими?
Financial Times нашрининг тахминича, Россия қайсарларча нефть қазиб олиш ҳажмини камайтирмаслик орқали АҚШ нефть компанияларига зарба беришга қарор қилган. Бу гапда ҳам жон бор, чунки АҚШда нефть арзонлашидан аллақачон илк қурбон бор: Whiting Petroleum Corp компанияси банкрот бўлди.

Reuters’нинг ёзишича, АҚШдаги кўплаб нефть корхоналари молиявий қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Bloomberg эса банкротлик АҚШдаги 70 фоиз нефтга боғлик корхоналарнинг бошига тушиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трампнинг твити нефть бозорининг «оёғини осмондан қилди». Гап нимада?