date
views 2 322

Дунёдаги вазият: Касалланиш ҳолатлари сони 2 миллионга яқинлашмоқда, Британияда қўрқинчли статистика

Дунёдаги вазият: Касалланиш ҳолатлари сони 2 миллионга яқинлашмоқда, Британияда қўрқинчли статистика
Фото: EPA/Vostock-photo
Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, дунёда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари икки миллионга яқинлашмоқда. Айни вақтда АҚШ эпидемия маркази бўлиб турибди, Қўшма Штатларда зарарланиш ҳолатлари сони 600 мингдан ошган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Европада касаллик тарқалиши темпи пасая бошлагани ҳақида маълум қилган; қитъадаги айрим давлатлар карантин чораларини юмшатишни бошлаган.

Сўнгги маълумотларга кўра, дунёда вирусдан зарарланиш билан боғлиқ ҳолатлар сони 1 млн 988 мингдан ошди, 125,6 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган, соғайганлар сони 466 мингдан ошган.

Нью-Йорк губернатори Эндрю Куомо президент Трампнинг қатор штатларда карантинни бекор қилиш нияти ҳақида айтган фикрларига кескин муносабат билдириб, АҚШ президенти «мутлақ» ваколатга эгалик қилмоқчилигини айтиб ўтди.

«Мен президент нима ҳақида гапирганини тушунмадим. Бизда конституция бор. Конституцияда бизда қирол йўқ дейилган. «Мен бутун мамлакат устида ҳукмронлик қила оламан, чунки мен президентман», дейиш – ҳаддан ошишдан бошқа нарса эмас. Бу қиролларга хос одат. Бизда Жорж Вашингтон деган қирол бўлмаган, президент Жорж Вашингтон бўлган», деди Куомо Today Show ток-шоуси эфирида.

Нью-Йорк штатида, душанба кунги маълумотларга кўра пандемиядан 671 киши вафот этган. Куомо ҳар куни ўртача 2 минг нафардан бемор шифохоналарга олиб келинаётганини айтган. АҚШда шу вақтгача Covid-19’дан ҳалок бўлганлар сони 25,2 мингга етган.

Британия: ҳар бешинчи ўлим
Ўтган ҳафта охиридаги маълумотларга кўра, Англия ва Уэльсда рўй берган ҳар бешинчи ўлим Covid-19 билан боғлиқ эди. Британиянинг бу икки ҳудудида ўтган ҳафтада жами 16 минг ўлим қайд этилган ва бу ҳолатларнинг 3475таси коронавирус туфайли рўй берган.

Британияликлар уйда қолишга чақирилмоқда / GETTY IMAGES
Ҳозирда Буюк Британияда вирусдан зарарланганлар сони 93,8 мингдан, вафот этганлар сони 12,1 мингдан (бу статистика Шотландия ва Шимолий Ирландияни ҳам ўз ичига олади) ошди.

Ой бошида Британияда Covid-19’дан ўлим даражаси ҳозиргидан камроқ эди. 3 апрель куни ўша ҳафтадаги кунлик ўлим кўрсаткичи бўйича рекорд қайд этилганди - 569 ўлим. Ўшандан буён кунлик ўлимлар сони кундан-кунга узлуксиз ўсиб келмоқда: 9 апрель куни 980 киши вафот этди, 14 апрель куни 778 ўлим ҳақида маълум қилинди.

16 минг ўлим - бу бир ҳафтада қайд этилган энг юқори ўлим кўрсаткичидир. Миллий статистика бюроси вакили Ник Страйпнинг сўзларига кўра, бунгача одатда йилнинг бу мавсумида мамлакатда бир ҳафтада ўртача 10 минг ўлим қайд этиларди.

Страйп рақамларни «жуда муҳим» ва «анормал» деба атаган, шу билан биргаликда, у бу ортиқча 6 минг ўлимнинг фақат ярми коронавирус ҳиссасига тўғри келишини қайд этган.

Буюк Британия бюджет жавобгарлиги бошқармаси (OBR) прогнозларига кўра, бу кварталда мамлакат иқтисодиёти 35 фоизга қисқаради.
Бундай прогноз мамлакатдаги жорий карантин уч ойга чўзилиши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда берилган. OBR барча чекловлар бекор қилинганидан кейин иқтисодиёт ўсиши тиклана бошлашини қайд этган.

Халқаро валюта жамғармаси эса сешанба куни пандемия Буюк Британия иқтисодиётида сўнгги юз йилликдаги энг чуқур рецесиясини юзага келтириши мумкинлигини билдирган.

Европа: «мунозарали картина»
Европанинг баъзи қисмларида касаллик тарқалиши секинлаша бошлади, айрим давлатларда кўтарилиш чўққисидан ўтилгани айтилди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти расмийси Маргарет Ҳаррис эса шошилмасликка чақирмоқда.

Австрияда айрим дўконлар очилди, кўчада ниқоб тақиб юриш мажбурий / AFP
«Европадаги картина умумий эмас. Биз аввалига касаллик кенг тарқалган Испания ва Италияда касаллик тарқалиши секинлаша бошлаганини кузатмоқдамиз. Лекин бошқа давлатларда, масалан, Туркия ва Буюк Британияда ўсиш давом этмоқда.

Агар дунёдаги вазият ҳақида гапирадиган бўлсак, касалланиш ҳолатларининг 90 фоизи Европа ва АҚШ ҳиссасига тўғри келади», деган Ҳаррис.
У касаллик тарқалиши чўққиси ҳали олдинда эканини, вакцина эса бир йилгача тайёр бўлмаслигини айтиб ўтган.

Бу ҳафта бошида Европанинг бир қатор давлатлари карантин чораларини бекор қилишни бошлади.
Душанба куни Испания ҳукумати қурувчилар, заводлар ишчилари ва яна масофадан туриб ишлаё олмайдиган бир неча тоифадаги ишчи ходимларга ишга қайтишга рухсат берди.

Испания соғлиқни сақлаш вазирлиги 14 апрель куни 576та ўлим ҳолати рўй берганини маълум қилди. Шу вақтгача мамлакатда 18056 киши коронавирус қурбони бўлди.

Италия ва Австрияда ҳам карантин чоралари юмшатилди, бу мамлакатларда озиқ-овқат маҳсулотларидан бошқа маҳсулотлар сотиладиган дўконларнинг бир қисми очилди. Хусусан, Италияда китоб дўконлари, кирхоналар, кимёвий тозалаш хоналари ва болалар учун кийимлар сотиладиган дўконлар фаолияти тикланди.

Италиядаги бир қанча ихтисослашган компаниялар ҳам ишни қайта бошладий, хусусан, электроника ва қоғоз ишлаб чиқарувчи корхоналар. Шу билан биргаликда, иш жойларида қатъий гигиена қоидаларига амал қилинмоқда, айрим ҳудудларда қатъий карантин чоралари сақланиб қолмоқда.

Қўшни Австрияда 400 квадрат метрдан кичик майдондаги дўконлар фаолиятига рухсат берилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) сешанба куни карантин чораларини қисман бекор қилаётган давлатлар учун олтита тавсия чиқарди.

Унга кўра, давлатлар чекловларни олиб ташлашдан олдин бир қатор чораларга амал қилинганига ишонч ҳосил қилиши керак. Хусусан, ҳукумат вируснинг одамдан одамга юқишини, касалланиш бўйича вазиятни назорат қила олиши лозим. Соғлиқни сақлаш тизими вируснинг янги тарқалишига тайёр туриши, ҳар бир Covid-19 ҳолатини аниқлаш, текшириш, изоляция қилиш ва даволаш имкониятига эга бўлиши, аҳоли эса вирус хавфи ҳақида тўла хабардор қилиниши керак.

Шу билан биргаликда одамларга ҳамон уйда қолиш тавсия этилмоқда.

Россияда ўсиш давом этмоқда, Тбилисининг ёпилиши ва Ҳиндистонда оғир ҳафта
Россияда ўтган кунда Covid-19га чалиниш билан боғлиқ яна 2774 ҳолат қайд этилди, 22 бемор вафот этди. Москвада - 1 489, Москва областида 460, Санкт-Петербургда - 121, Комида - 97 ҳолат қайд этилган. Россияда жами ҳолатлар сони 21 102га етган, қурбонлар сони - 170 нафарни ташкил этмоқда.

Москвада қатъий карантин давом этмоқда / EPA
Грузия бош вазири Георгий Гахария коронавирус пандемияси муносабати билан ҳукумат фавқулодда ҳолатни 10 майгача узайтиришини маълум қилди.

15 апрель кунидан кечки соат тўққиздан Кутаиси, Тбилиси, Батуми ва Рустави шаҳарларида кўчага чиқиш тақиқланади. Гахариянинг сўзларига кўра, ҳозирда эпидемия қачон чўққисидан ўтишини айтиб бўлмайди.

Сўнгги бир кунда Грузияда коронавирус юқтирган 24 киши аниқланди. Мамлакатда шу вақтгача қайд этилган ҳолатлар сони 296тага етди, 3 киши вафот этган.

Сербиянинг Ниш шаҳрида полиция қариялар уйи директорини қўлга олди, бу ерда яшовчиларнинг 170 нафарида вирус аниқланган. Раҳбар қариялар уйида карантин қоидаларига амал қилинмагани учун айбланмоқда: бу ерга қариндошларнинг ташрифига рухсат берилган ва кекса кишилар кўчага чиқишига йўл қўйилган. Эндиликда унга 12 йиллик қамоқ жазоси таҳдид солмоқда.

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди томонидан 24 март куни эълон қилинган қатъий карантин чоралари 3 майга қадар узайтирилди. Модининг сўзларига кўра, бу қарор штатлар ҳукуматлари билан келишилган ҳолда қабул қилинган, у фуқароларни карантин чораларига қатъий амал қилишга чақирган.

Унинг қўшимча қилишича, яқин вақтлар ичида айрим ҳудудларда карантин чоралари янада кучайтирилиши мумкин. Шу билан биргаликда, вирус ўчоғига айланмаган ҳудудларда карантин чоралари юмшатилади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Дунёдаги вазият: Касалланиш ҳолатлари сони 2 миллионга яқинлашмоқда, Британияда қўрқинчли статистика