date
views 2 242

Дунёдаги вазият: Австралия текширув талаб қилмоқда, Италия ва Испанияда пасайиш

Дунёдаги вазият: Австралия текширув талаб қилмоқда, Италия ва Испанияда пасайиш
Фото: AFP
Дунёда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари 2,4 миллионга яқинлашди, 163 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган, соғайиб шифохонадан жавоб берилганлар сони 613 мингдан кўпроқ. Италия ва Германияда янги зарарланиш ҳолатлари ва ўлим ҳолатлари ўсиши сезиларли даражада секинлашди,
Испанияда болаларнинг кўчага чиқишига тақиқлар бекор қилина бошлади, Россияда эса кунлик зарарланганлар сони икки баробар ошди - мамлакатда вирус юқтирганлар сони 42 мингдан ошди ва Россия энди бу борада юқори ўнликка кириб олди.

Шифохоналардаги беморлар сони кўплиги бўйича дунёда АҚШ етакчилик қилмоқда, зарарланиш ҳолатларининг энг кўп қисми Нью-Йорк штатига тўғри келади. АҚШда пандемия бошланганидан буён 748 мингдан ортиқ кишига коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган (240 мингдан ортиғи Нью-Йорк штатида), 40 мингга яқин киши коронавирус қурбонига айланган.

BBC рус хизмати коронавирус пандемияси билан боғлиқ сўнгги маълумотларни келтиради.

Россияда 19 апрель куни 6060 кишида вирус аниқланди ва жами зарарланиш ҳолатлари сони 42 853тага етди. Беморларнинг 361 нафари вафот этган, 3291 киши соғайган. Зарарланганларнинг ярмидан кўпроғи Москвада қайд этилган. Россия президенти Владимир Путин якшанба куни диндорларни Пасха байрами билан табриклади ва коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият тўлиқлигича давлат назоратида эканига ишонч билдирди. Президент пандемияга қарши кураш қўшимча ресурслар ва захираларни талаб этишини қайд этган. «Бизда етарли захиралар бор. Улардан фойдаланамиз», деган у.

Италия ҳукумати якшанба куни ўтган бир кунда 433 киши вафот этганини маълум қилди - бу сўнгги ҳафтадаги энг паст кунлик кўрсаткичдир.

Испанияда ҳам коронавирус беморлари орасида ўлимлар сони камаймоқда, якшанба куни бу ерда 410 бемор вафоти ҳақида маълум қилинди. Бир кун олдин Испания шифохоналарида коронавирус ташхиси қўйилган 482 киши оламдан ўтганди, март ойи охирида кунлик ўлимлар сони 900дан ошганди.

Испания коронавирус қурбонлари сони 20 мингдан ошган учинчи мамлакатдир, бундан юқорироқ кўрсаткичлар АҚШ ва Италияда қайд этилган. Мамлакат бош вазири Педро Санчес шу кунларда карантин чоралари 9 майга қадар узайтирилгани ҳақида эълон қилди, лекин мамлакатда карантин чоралари ҳафта бошидан буён юмшатиб келинмоқда. Ҳафта бошида каталонияликлар ҳукумати Мадриднинг қарорига бўйсунишдан бош тортганди.

Испаниянинг бошқа ҳудудларида қатор тоифадаги ишчилар ишга қайтган, турли заводлар ва корхоналар ходимлари санитар нормаларига риоя қилган ҳолда фаолиятини тиклаган. Ҳукумат босқичма-босқич карантин чораларини юмшатиб боришни режалаштирган. Якшанба куни Санчес ҳукумат 14 мартдан буён уйдан чиқарилмаётган болалар учун тақиқларнинг бир қисми бекор қилиниши ҳақида маълум қилди. Унинг айтишича, болалар 27 апрелдан кўчага чиқишлари мумкин.

«Май ойида янги нормалар бўйича ҳаракатлана бошлаймиз», деган Санчес.

Австралия ҳукумати Уҳанда 19-nCoV коронавируси пайдо бўлиши бўйича текширув ўтказишга чақирди. Аввалроқ Америка нашрларида разведка манбаларига асосланган ҳолда вирус Уҳан вирусология институти лабораториясида яратилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқатди. АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам бу талқинни рад этмади ва америкаликлар текширув ўтказишини маълум қилди.

Трамп шу ҳафта бошида ЖССТни пандемия ҳақидаги фактларни яширишда айблаб, ушбу ташкилотни молиялаштиришни тўхтатишга фармойиш берганди.

Фото: Reuters
Австралия Ташқи ишлар вазири Марис Пэйн ҳам ЖССТ Хитойда текширув ўтказмаслиги керак деган фикрда.

«Биз мустақил текширув натижасида аниқланадиган тафсилотларни - вируснинг келиб чиқиши, унга қарши кураш усуллари ва бошқа маълумотларни билишимиз керак», деган у.

Пэйннинг ҳисоблашича, манфаатдор давлатлар текширувнинг янги механизми ҳамда Хитой билан ишлайдиган шаффоф ташкилот ташкил этиши керак.

Сидней институти таҳлилчиси Лоули Ричард Макгрегорнинг ҳисоблашича, Хитой ҳукумати хорижлик экспертларни текширувлар учун мамлакатга киритиши даргумон. «Аммо улар ўзлари ниманидир қилишлари мумкин», дея қўшимча қилган у.

АҚШ президенти Дональд Трамп карантин чораларини бекор қилиш ҳақида гапиришда давом этмоқда. Шанба кунги брифингда у мамлакатнинг бир қанча шаҳарларида карантинни бекор қилиш талаби билан уюштирилган намойишларни қўллаб-қувватлади.

Ҳафта бошида Трамп ўз қарори билан исталган штатдаги карантин чораларини бекор қилиши мумкинлиги ҳақида гапирган ва ўзини «мутлақ ваколатли президент» деб атаганди. Аммо уни кўплаб штатлар губернаторлари, хусусан Нью-Йорк губернатори Эндрю Куомо қаттиқ танқид қилиб чиқди.

Фото: Getty images
Британияда Оксфорд университетининг вакцинология профессори, вирусга қаши вакцина излаётганлар гуруҳини бошқараётган Сара Гилберт олимлар дорини клиник синовдан ўтказиш арафасида тургани ҳақида гапирди.

«Биз сўнгги хавфсизлик синовлари якунланиши ва сўнгги рухсатни кутмоқдамиз», деган у. Бу вакцинанинг клиник синови кейинги ҳафта бошланади, аммо бу иш беришига кафолат йўқ. Агар у самарали бўлган тақдирда ҳам вакцинани кенг миқёсда ишлаб чиқариш ва аҳолини оммавий равишда эмлаш учун кўп вақт талаб этилади.

Университет раҳбари Адриан Ҳилл янги вакцинанинг мувафаққиятли бўлиши эҳтимоли 80 фоиз атрофида деб баҳоламоқда. Унинг айтишича, ушбу вакцина Буюк Британия (3та), Европа (2та), Ҳиндистон (1та) ва Хитойда(1та) жойлашган жами 7та ташкилотлар томонидан ҳамкорликда ишлаб чиқарилади.

Британияда вирус қурбонлари сони 16 мингдан, зарарланиш ҳолатлари сони 120 мингдан ошган. Англия бош шифокори ўринбосари Женни Ҳаррис ҳукумат вазият айрим жабҳаларда яхшилана бошлаганини билдирган, аммо ҳали коронавирус авж олишининг энг юқори даражаси ўтмагани айтилмоқда.

Германияда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари ва ўлим ҳолатлари кескин пасайган. Сўнгги бир кунда 2458та янги зарарланиш ҳолати ва 184 ўлим қайд этилди. Сўнгги бир кундаги ўлим сони икки баробар пасайган - шанба куни ҳукумат 300дан ортиқ қурбон ҳақида хабар берганди. Март ойи охирида кунлик зарарланиш ҳолатлари сони 7 мингга яқинлашганди. Германиядаги ўлим даражаси пастлиги мамлакат ҳукумати аҳолини оммавий равишда тест қилгани билан изоҳланмоқда.

Саудия Арабистони уламолари кенгаши бутун дунёдаги мусулмонларни Рамазон ойида уйда қолишга чақирди. Кенгаш - мамлакатдаги олий диний тузилма бўлиб, унинг аъзолари подшоҳ томонидан тайинланади. Бу йил Рамазон ойи мамлакатда 23 апрелдан бошланиши кутилмоқда.

Коронавирус авж олишининг энг юқори даражаси аввалроқ ўтиб бўлган Сингапурда янги зарарланиш ҳолатлари яна ўса бошлади. Сўнгги бир ҳафтада зарарланганлар сони 160 фоизга ўсди, якшанба куни ҳукумат меҳнат муҳожирлари орасида мингга яқин кишида вирус аниқлангани ҳақида маълум қилди.

Якшанба куни Теҳрон шаҳар кенгаши раҳбари расмий статистика ҳаққонийлигига шубҳа билдирди. Эрон соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда 82 211 зарарланиш ҳолатини тасдиқлаган. «Парламент тадқиқот маркази ўлчовлари ва экспертларнинг ҳисоблашича, коронавирусдан зарарланган одамлар сони расмий рақамлардагидан кўпроқ», - деган Теҳрон шаҳар кенгаши раиси Муҳсин Ҳошимий.

Бу вақтда Ҳолливуд актёри Мэтт Деймон Ирландиядаги Далки қишлоғидан чиқиб кетолмаяпти.
Ридли Скоттнинг «Сўнгги дуэль» фильмида суратга тушиш учун Ирландияга келган Деймон Дублин атрофидаги ҳудудда қолиб кетди.

2011 йилда Колумбия университети билан ҳамкорликда ишланган «Contagion» («Инфекция») фильмида бош ролни ижро этган актёр яқинда твиттерда вирусдан қандай эҳтиёт бўлиш бўйича тавсиялари билан ўртоқлашганди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Дунёдаги вазият: Австралия текширув талаб қилмоқда, Италия ва Испанияда пасайиш