date
views 11 022

Хитой Қирғизистонга кўз олайтирмоқдами?

Хитой Қирғизистонга кўз олайтирмоқдами?
Яқинда Хитойнинг sohu.com сайтида чоп этилган “Нима учун Қозоғистон Хитойга қайтишга интилмоқда?” сарлавҳали мақола чўғи босилмасдан, ушбу мамлакатнинг бошқа бир toutiao.com сайтида Қирғизистон тарихан Хитойга тегишли эканлиги бонг урилган материал чиқиб турибди.

Унинг сарлавҳаси ҳам ўзига хос: “Қирғизистон мустақилликни қўлга киритганидан сўнг, нега Хитой таркибига қайтмади?”
Унда Хан династияси пайтида Қирғизистон минг йиллар давомида Хитой ҳудуди таркибида бўлгани, бироқ Россия империяси бу ерларни эгаллаб олишнинг уддасини чиққани ҳақида ёзилади.

“1864 йилда Россия империяси бу пайтга келиб ўз таъсири ва қудратини йўқотган император Цинни империянинг шимоли-ғарбий ҳудудларидан воз кечишга мажбур қилди. Умуман олганда, Хитой ўшанда 510 минг километр квадрат майдонидан айрилди. Ва бутун Қирғизистон ушбу йўқотилган ҳудуд таркибида эди. Аслида Қирғизистон худди Мўғилистон каби қадимдан Хитой ерлари ҳисобланган”, — деб ёзилган мақолада.

Материалда, шунингдек, барча қирғизлар уларнинг ерлари Хитой таркибида бўлган пайтда бой бўлишгани айтиб ўтилган.
“Бугун бу дунёдаги энг камбағал давлатдир. Мамлакат ЯИМ аҳоли жон бошига 1000 доллардан ҳам камдир”, — дейилади мақолада.

Хитойнинг tuotiao.com нашри офиси Пекинда жойлашган. У тўғридан-тўғри Хитой ҳукумати билан ҳамкорлик қилади. Ўқувчилари сони тахминан 750 млн кишини ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, коронавирус пандемияси пайтида Қирғизистон президенти Хитойга ундан олган қарзларини тўлашни кечиктириб беришларини сўраб мурожаат этганди.

Гап шундаки, ХХР билан чегарадош бўлган Қирғизистон чинларнинг “Эксимбанк”идан 1,8 млрд АҚШ доллари миқдорида қарз олган. Бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 43 фоизидан зиёддир.

АҚШнинг Center for Global Development таҳлил марказининг қайд этишича, кредит қарзлари ҳажмлари туфайли Қирғизистон Хитой олдида “молиявий жиҳатдан қарам”дир. Улардан бири Бишкек ИЭСни модернизация қилиш учун олинган 386 млн. долларлик кредитдир. Ушбу лойиҳани амалга оширишда эса коррупция ҳолатлари аниқланиб, юқори лавозимларда ишлаган бир қатор собиқ мансабдорлар айбдор деб топилган. Қирғизистон Хитойга бу борада 492,4 млн АҚШ доллари қайтариб бериши керак.

Қирғизистон ҳукумати ва “Эксимбанк” ўртасида тузилган шартнома келишувига мувофиқ, агар мамлакат фоизлар ёки кредитни ёпа олмаса, Хитой халқаро арбитраж орқали истаган активини талаб қилиши мумкин.
Битимга кўра, кредит бўйича барча баҳсли вазиятлар Гонконг халқаро арбитраж марказида ҳал этилади. Ушбу марказ эса Хитойда жойлашган.

Ўйлашимизча, юқоридаги мақола Қозоғистон ва Қирғизистон элиталари муносабати ёки реакциясини текшириб олиш учун синов тариқасида юмалатилган “ахборот золдири”дир. Хитойда эса тартиб ўта қатъий тарзда ўрнатилганини яхши биламиз. Шундай экан у ерда бирорта мақола, боз устига, у халқаро муносабатларга бағишланган бўлса, ўз-ўзида пайдо бўлмайди.

Ўтган ойлар давомида биз ҳарбийча сафарбарлик шарофати билан ХХР инфекцияни енгишнинг уддасидан чиққанига гувоҳ бўлдик. Мамлакатда бундай моделнинг самараларини тушунишди. Энди Хитой халқаро сиёсатда ҳам худди шу жиҳатларини намоён этса, ажаб эмас.

platforma.uz телеграм каналидан олинди
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитой Қирғизистонга кўз олайтирмоқдами?