Каталониянинг машҳур футбол клуби “Барселона”да жуда ҳам ғайриоддий, ҳатто мураккаб вазият юзага келди. Жамоанинг асосий дарвозабони ва мухлислар қалбини забт этган немис футболчиси Марк-Андре тер Штеген жамоадаги мавқеини йўқотиш арафасида қолди. Бу ҳақда футболчи шахсан ўзи расмий баёнот билан чиқди.
Эслатиб ўтамиз, яқинда "Барса" клуби тер Штегендан сардорлик боғичини олиб қўйганини очиқ эълон қилган эди. Бу қарорнинг ортида, дарвозабон томонидан клуб учун муҳим бўлган тиббий ҳужжат — унинг жароҳати ҳақидаги хулосани имзоламаслиги тургани айтилди. Ушбу хулоса клубга тер Штегеннинг жароҳати узоқ давом этиши мумкинлигини расман тасдиқлашга ва шу орқали янги келган футболчиларни Ла Лигага рўйхатдан ўтказишда осонлик яратишга хизмат қилар эди.
Бироқ футболчининг ўзи бу воқеаларнинг аслида қандай кечганини ёритишга қарор қилди. У шундай дейди:
— “Сўнгги ҳафталарда мен ҳақимда тарқалаётган гап-сўзларнинг аксар қисми умуман ҳақиқатга тўғри келмайди. Шу боисдан ўз фикримни самимий, лекин аниқ ифода этишни лозим топдим. Жарроҳлик амалиётини ўтказиш ҳақидаги қарор мен ва тиббиёт ходимлари ўртасидаги профессионал маслаҳатлар натижасида қабул қилинди. Бу жараён “Барселона” раҳбарияти томонидан ҳам тўлиқ қўллаб-қувватланди. Ҳаммамиз бир мақсад — менинг тезроқ тўлиқ соғайиб, клубга майдонда ёрдам беришимни хоҳладик”.
Футболчи ўз тикланиш даври ҳақида жамоатчиликни хабардор қилганини, шифокорлар эса минимал тузалиш муддатини аниқ баён қилганини қайд этди.
Шу билан бирга, Марк-Андре сўнгги пайтларда жамоада амалга оширилган трансфер ва шартнома янгиланишлари жарроҳликдан аввал қилинганини таъкидлади.
— “Шу сабабли мен ҳеч қачон ўз амалиётимнинг бошқа футболчиларнинг рўйхатдан ўтиши учун монеа бўлишини тасаввур ҳам қилмаганман. Бу ҳақда тарқалаётган бошқа ҳар қандай фикрлар менга нисбатан ноҳақ ва нохолис деб ўйлайман”, — деб ёзган у баёнотида.
Дарвозабон ўзининг профессионал муносабатини сақлаётганини, клубга ҳурматини йўқотмаганини ва ҳар қандай вазиятни мулоқот йўли билан ҳал қилишга тайёр эканини таъкидлади.
— “Мен “Барселона” шарафини ҳимоя қилишни шараф деб биламан ва ҳар доим клуб билан бир йўналишда ҳаракат қилишга тайёрман. Бундай вазиятларда ҳам ақл билан, мулоҳаза билан ечим топиш мумкин”, — деб якунлади тер Штеген.
Тер Штегеннинг ушбу баёноти клубдаги ички муҳитда қандай ўзгаришларга сабаб бўлиши ҳозирча номаълум. Аммо бир нарса аниқ: бу вазият нафақат футболчининг, балки бутун “Барселона” жамоасининг ички муносабатларига ҳам таъсир қилиши мумкин. Мухлислар эса ўз севимли дарвозабонлари атрофидаги ҳолатлар очиқ ва адолатли ҳал бўлишига умид боғламоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!