Жаҳон сиёсий саҳнасида Америка Қўшма Штатлари яна бир жиддий баёнот билан чиқди. Бу галги билдирув Венесуэла президенти Николас Мадуро шахсига оид бўлиб, унинг фаолияти АҚШ томонидан жиддий хавф сифатида баҳоланмоқда, деб хабар берди АҚШ Адлия вазирлиги.
Маълумотларга кўра, АҚШ ҳукумати Мадурони қўлга туширишда ёрдам бериши мумкин бўлган маълумотлар учун тайинланган мукофот пули миқдорини янада оширди. Бош прокурор Пам Бондининг таъкидлашича, Венесуэла етакчиси “дунё миқёсидаги энг йирик гиёҳванд моддалар савдоси тизимларидан бирини бошқариб келаётган шахс” сифатида қаралувчи шахслар рўйхатига киритилган.
Унинг таъкидлашича, бу шахснинг фаолияти нафақат АҚШда, балки бутун минтақада хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид солаётган омиллардан бири ҳисобланади. Шу боис, 2020 йилда эълон қилинган дастлабки мукофот миқдори – 15 миллион доллар 2025 йил бошида 25 миллионгача оширилганди. Энди эса бу рақам янада жиддий кўринишга келиб, 50 миллион долларга етказилди.
Қўшма Штатлар ҳукумати ушбу мукофот орқали халқаро жамоатчилик ва алоқадор шахсларни Мадуронинг ҳибсга олинишига ёрдам беришга ундамоқда. Бу эса унинг қонуний фаолияти юзасидан суриштирувларни янада фаоллаштириши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ — яъни 2001 йил 11 сентябр террор ҳужумларидан сўнг — Америка расмийлари “Ал-Қоида” етакчиси Усама бин Ладенни топиш ва қўлга олишга ёрдам берадиган маълумот учун айнан шу миқдорда — 25 миллион доллар мукофот тайинлаган эди. Бу сафар эса бу рақам икки бараварга оширилди.
АҚШнинг мазкур қарори халқаро майдонда кенг муҳокамаларга сабаб бўлиши кутилмоқда. Чунки Николас Мадуро ҳанузгача Венесуэладаги сиёсий элитанинг марказий фигураси сифатида фаолият юритмоқда ва у бир неча йиллардан бери Ғарб давлатлари томонидан танқид қилиб келинади.
Бу эса АҚШнинг унга нисбатан қўллаётган босим чоралари янада кучайишини ва халқаро сиёсий вазиятда янги кескинликлар пайдо бўлиши мумкинлигини англатади. Ҳозирча Венесуэла томонидан расмий муносабат билдирилмади, аммо вазият тараққиёти диққат билан кузатиб борилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!