date

Британия Хитойнинг махфий режасидан хавотирда

Британия Хитойнинг махфий режасидан хавотирда
Британия ҳукумати Хитойдан Лондон марказида қурилиши режалаштирилган янги элчихонанинг баъзи режаларини нега яширгани бўйича изоҳ сўради. Уй-жой ва жамоат ишлари вазири, айни пайтда Бош вазир ўринбосари бўлган Анжела Рейнер Хитой томонига бу ҳақда расмий мактуб юборди ва 20-августгача жавоб беришни талаб қилди.

Хитой 2018-йилда 255 миллион фунтга собиқ Royal Mint Court ҳудудини сотиб олган. Агар лойиҳа тасдиқланса, бу Европадаги энг йирик Хитой элчихонаси бўлади. У ерда маданият маркази ва 200 нафар ходим учун турар жойлар бўлиши кўзда тутилган. Бироқ айрим расмий чизмалар қораланган ва махфий хоналар ҳақида маълумот йўқ.

Янги элчихона Лондоннинг молиявий марказига жуда яқин жойлашган. Бу эса жосуслик ва хавфсизлик борасида жиддий хавотирларни келтириб чиқарган. Маҳаллий аҳоли эса элчихона қурилиши норозилик намойишлари ва тартибсизликларга сабаб бўлишидан чўчимоқда.

Шунингдек, инсон ҳуқуқлари фаоллари, хусусан, Гонконг, Тибет ва Шинжон вакиллари бу бинодан сиёсий босим ва таъқиблар учун фойдаланилиши мумкинлигини таъкидлашмоқда. Хитой элчихонаси эса бу бино икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини айтмоқда.

Ҳозирча якуний қарор 9-сентябрга қадар қабул қилиниши кутилмоқда. Британия ҳукумати эса режаларга айрим ўзгартиришлар киритилса, лойиҳани тасдиқлаши мумкинлигини билдирди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Британия Хитойнинг махфий режасидан хавотирда