Англиянинг энг нуфузли ва доимий равишда ютуқларга эришишга интиладиган жамоаларидан бири – “Манчестер Сити” янги мавсумни катта мақсадлар билан бошламоқчи. Хосеп Гвардиола бошчилигидаги жамоа нафақат Англия Премьер-лигаси, балки Европа Чемпионлар лигаси каби энг обрўли мусобақаларда ҳам ғолиб чиқиш учун кураш олиб боради, деб ёзди англиялик нашрлар.
Бундан ташқари, “шаҳарликлар” ички кубоклар – Англия Кубоги ва Лига Кубоги сингари мусобақаларда ҳам муносиб иштирок этишни кўзлаб қўйган. Жамоа мураббийи Гвардиола эса ўтган мавсумдаги муваффақиятсизликлардан зарур хулосалар чиқариб, бутунлай янгиланган таркиб шакллантиришга киришди.
Охирги ярим йил ичида “Манчестер Сити” бир неча ёш ва иқтидорли футболчиларни ўз сафига жалб қилди. Улар қаторида Абдуқодир Ҳусанов, Витор Рейс, Умар Мармуш, Нико Гонсалес, Жума Ба, Маркус Батинелли, Райан айт-Нури, Райан Шерки, Сверре Нюпан, Клаудио Эчеверри ва Жеймс Траффорд кабилар бор.
Аниқки, ҳар бир янги футболчи ҳозирча асосий таркибдан жой олади деб бўлмайди. Айримларини бошқа клубларга ижарага бериш жараёни аллақачон бошланган ва бу ишлар давом эттирилиши кутилмоқда.
Бу йил АҚШда ўтказилган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати “Манчестер Сити” учун нафақат халқаро синов, балки янги футболчиларни текшириш имконини ҳам берди. ФИФА ташаббуси билан ташкил қилинган мазкур турнир мавсумлар оралиғидаги энг яхши тайёргарлик имкониятига айланди.
Энди эса клуб янги мавсумдаги илк расмий беллашув – 16 август куни “Вулверхэмптон”га қарши сафар учрашуви олдидан яна бир синов учрашувини ўтказишни режалаштирган. Ушбу ўйин 9 августдан 10 августга ўтар кечаси, Тошкент вақти билан 00:00 да старт олади ва Италияда “Палермо” жамоасига қарши бўлиб ўтади.
Муҳими шундаки, Гвардиола бу ўйинга 22 нафар мукаммал тайёргарликка эга футболчини жалб этди. Улар орасида ўзбекистонлик ёш иқтидор соҳиби Абдуқодир Ҳусановнинг ҳам борлиги футбол ишқибозлари учун алоҳида қувонч бўлди.
Жамоанинг Италиядаги ўйин учун эълон қилинган рўйхати:
Дарвозабонлар:
Эдерсон, Жеймс Траффорд.
Ҳимоячилар:
Рико Льюис, Абдуқодир Ҳусанов, Рубен Диаш, Матеус Нунес, Мануэль Аканжи, Жон Стоунз, Натан Аке, Райан Айт-Нури, Нико О’Рейли.
Ярим ҳимоячилар:
Нико Гонсалес, Бернарду Силва, Илкай Гюндоған, Тижани Рейндерс, Райан Шерки, Дивайн Мукаса.
Ҳужумчилар:
Эрлинг Холанд, Умар Мармуш, Оскар Бобб, Савиньо, Жереми Доку.
Журналист Саймон Байковскининг маълум қилишича, мураббийлар штаби бир қатор футболчиларни ушбу ўйинга жалб этмаган. Масалан, Жеймс МакЭйти, Жек Грилиш ва Штефан Ортега яқин кунларда жамоани тарк этади, шу боис улар рўйхатдан чиқарилган. Шунингдек, Йошко Гвардиол, Родри, Фил Фоден ва Клаудио Эчеверри тўлиқ жисмоний тайёрликка эга эмас.
Маркус Беттинелли, Матео Ковачич ва Калвин Филлипс эса жароҳатларини даволаш билан банд бўлиб, ҳозирча майдонга туша олмайди.
“Манчестер Сити” мухлислари эса янги мавсумда жамоанинг янгиланган ва чуқур таркиби билан қай даражада муваффақият қозона олишини катта қизиқиш билан кутмоқда. Улар умид қилади: клуб кўп фронтда юксак натижаларга эришади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!