Европа футболида кўплаб юксак муваффақиятларга эришган, клубларга янги руҳ бағишлай олган тажрибали мураббий Хосеп Гвардиоланинг шахсий ҳаётида кескин бурилиш рўй берди. Англиянинг энг нуфузли жамоаларидан бири – “Манчестер Сити” бош мураббийи бўлиб фаолият юритиб келаётган испаниялик мутахассис ўзининг ўттиз йиллик оилавий ҳаётини асраб қолишга ҳар қанча ҳаракат қилмасин, охири бунинг иложи бўлмади, деб хабар берди La Gazzetta dello Sport.
Нашрнинг ёзишича, Пеп Гвардиола ва унинг рафиқаси Кристина Серра ўртасидаги муносабатлар энди якунига етади. Улар аслида 2024 йилнинг сўнгги ойларида ажралиш ҳақида қарор қабул қилишган, аммо орада бир неча ой давомида ўзаро тушуниш ва ярашишга уринишган. Турли эҳтиёжлар, туйғулар ва кечмиш хотиралар сабаб улар яна бир имконият беришга қарор қилишганди.
Афсуски, бу уриниш ҳам самара бермади. Муносабатларни тиклаш учун қилинган охирги саъй-ҳаракатлар ҳам натижа бермади. Манбаларга кўра, Пеп ва Серранинг муносабатларига нима нуқта қўйганини аниқ айтиш мушкул, бироқ уларнинг орасидаги туйғулар сони камайгани, ўзаро илиқлик сўнгани ва шахсий қизиқишлар фарқ қилиб кетгани каби омиллар асосий сабаб сифатида тилга олинмоқда.
Шу билан бирга, жуфтлик географик жиҳатдан ҳам узоқда яшайди. Гвардиола “Манчестер Сити”да ишлаб, асосан Манчестерда бўлса, Серра эса ўз ҳаётини Барселона ва Лондон шаҳарлари орасида ўтказади. Улар фақатгина таътиллар ва байрам кунларида қисқа муддатга бирга бўлиш имконига эга бўлишган.
Сўнгги хабарларга кўра, ажралиш расмийлаштириш жараёни бошланган ва тез орада якунланиши кутилмоқда. Бу воқеа Пеп Гвардиоланинг шахсий ҳаётидаги энг катта ўзгаришлардан бири сифатида қайд этилмоқда.
Эътиборлиси шундаки, ўтган мавсумнинг илк ярмида “Манчестер Сити”нинг натижалари ҳам анча заиф бўлганди. Кўплаб спорт таҳлилчилари бу пасайишни айнан Гвардиоланинг шахсий ҳаётидаги нотинчликлар билан боғлашганди. Уларнинг фикрича, мураббийнинг руҳий ҳолати жамоанинг майдондаги ўйинига ҳам таъсир кўрсатмасдан қолмайди.
Пеп Гвардиоланинг касбий ютуқлари қанчалик буюк бўлмасин, шахсий ҳаётдаги муаммолар ҳар қандай инсонга таъсир қилиши турган гап. Ушбу воқеа унинг келгусидаги қарорлари ва руҳий ҳолатига қандай таъсир қилиши ҳозирча ноаниқ. Бироқ бир нарса аниқ: Гвардиола бу синовдан ҳам ўзига хос сабоқ олади ва ҳаётида янги саҳифани очиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!