date
views 2 471

Био-иқтисодий инқирозда ким ғолиб бўлади?

Био-иқтисодий инқирозда ким ғолиб бўлади?
Фото: EPA/Vostock-photo
Бугун эпидемия биздан даромадлар тақсимоти, глобал иқлим ўзгариши, чўллашиш, сифатсиз таълим, ижтимоий таҳдидлар, атроф-муҳит ифлосланиши, миграция, протекционизм, ирқчилик, терроризм каби муаммоларни қайтадан кўриб чиқишни талаб қилмоқда.

Инқирозларнинг энг даҳшатлиси
Био-иқтисодий инқирозларнинг асосий хусусияти шундаки, улар ўтмишдаги қарама-қаршиликларни, кишилик жамиятининг заиф томонларини, кучлар ўртасидаги келишмовчиликларни ҳал этиши, янги тартиб-низомлар ўрнатилишини таъминлаши мумкин. Шунингдек, соғлиқни сақлаш билан боғлиқ иқтисодий инқирозлар кечаги кун муаммолари қай даражада чуқур илдиз отганини ҳам кўрсатиб беради.

Хитойнинг Уҳан шаҳрида аниқланган янги турдаги коронавирус эпидемияси дунё иқтисодиётига улкан таҳдид солмоқда. Автомобилсозлик, авиакомпаниялар, туризм, энергетика саноати жиддий зарар кўрди. Жаҳон иқтисодиёти ўсиш прогнозлари 2,5 фоиздан 1,3 фоизга тушди. Инқироз туфайли дунёдаги иш жойларининг деярли 80 фоизи ёпилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, глобал миқёсдаги ишсизлик даражаси 25 фоизга чиқиши, дунё савдо ҳажми эса 35 фоизга камайиши тахмин қилинмоқда. Айни пайтда дунёда қашшоқлик даражаси 50 фоизга ошиш эҳтимоли ҳам мавжуд. Таъкидлаш жоизки, кўлами ва ҳажми нуқтайи назарида олиб қараганда, Covid-19 эпидемияси натижасида юзага келган ушбу био-иқтисодий инқироз аввалги инқирозларнинг энг даҳшатлисидир.

«Ётиб қолгунча отиб қол» трендга чиқиши мумкин
Айтиш лозимки, эпидемиянинг бу қадар жиддий инқирозни келтириб чиқариши, унга қарши ҳимоя механизмлари етарли эмаслиги ўтган даврнинг иқтисодий «фантастика»сидан келиб чиқди. Шу боис, одамлар ўртасида бирдамликка рахна солувчи, кучлилар томонидан кучсизлар эзилишига йўл берувчи, бой ва камбағал ўртасидаги жарликни янада кенгайтирувчи иқтисодий тизимнинг таназзули ҳақидаги баҳс-мунозаралар келажакда янада яшовчан, барқарор дунё яратиш эҳтиёжини юзага келтирмоқда.

Албатта, бундан кейин «ётиб қолгунча отиб қол» қабилидаги ишлар трендга чиқиши мумкин. Яъни бошқарувчи элиталар ўзларининг имтиёзларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилишади.

Афсуски, бугун эпидемия келтириб чиқарган салбий оқибатларга ўтмишни сўроқ қилиш, ижтимоий ва сиёсий механизмларни танқидий баҳолаш нуқтайи назаридан боқилмаяпти. Авваллари глобал тартиб ўзгариши тарафдорларининг фикр асосини қайта тикланадиган энергия, барқарор иқтисодий ўсиш, иш жойлари яратиш, умумий таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, даромадларни адолатли тақсимлаш каби тушунчалар ташкил этарди. Тўғри, бу борадаги ғояларни ишлаб чиқиш ва муқобил моделларни таклиф қилиш муҳим аҳамиятга эга, аммо бугунги мураккаб вазиятни ўнглаш учун бу «рўйхат» ҳали етарли дегани эмас.

Кимлар геосиёсатнинг ҳал қилувчи кучига айланади?
Covid-19 пандемияси кундалик ҳаётимизга онлайн тизимлар, виртуал разведка, робототехника, 5G технологиялар, улкан маълумотлар (Big Data) ва 4-саноат инқилобини олиб кирди. Бу воситаларни ишлаб чиқарганлар, ишлаб чиқариш занжирига қўша билганлар, бизнес юритиш маданиятига мослаштира олганлар ғолиб сифатида глобал геосиёсатнинг ҳал қилувчи кучларига айланади.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, ўтмишнинг ғолиблари – ҳокимият элиталари, олигархлар имтиёзли неолиберал иқтисодий тартибни сақлаб қолиш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилади. Ҳеч бўлмаганда, улар Covid-19 сабаб юзага келган рақамли технологик ўзгаришларни ўз хизматларига жорий қилиш орқали глобал эксплуатация механизмларини давом эттиришга уринади. Албатта, глобаллашув ва молиявийлаштириш масаласида мағлуб бўганлар учун бу яхши янгилик эмас.

«Янги дунё тартиби» қандай асосларга қурилади?
Бугунги танг вазият ислоҳотчилар ўзларининг келажак билан боғлиқ режаларини ва уларни амалга ошириш механизмларини формулага сола олмаганликларини, тузиб чиққан чала-чулпа формулаларини эса соғлом шаклда бўлишмаганликларини кўрсатиб турибди. Афсуски, барқарор келажак ҳақидаги тасаввурни ҳақиқий ҳаётга қовуштирувчи ирода ҳали-ҳануз яратилмагани бугун яна бир бор ўз тасдиғини топди. Шунинг учун ҳам мафкуравий ва концептуал чалкашликлар дунё муаммоларига реал ечим топилишига тўсқинлик қилмоқда.

Сир эмаски, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ), Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ва Жаҳон банки каби халқаро ташкилотлар эпидемияга қарши курашда ожиз қолди. Уларнинг етарли даражада куч соҳиби эмаслиги, мувофиқлаштиришдаги номувофиқликлар, жуда кеч ва кам миқдорда берилган ёрдам тўпламлари ушбу муассасаларни замонавий глобал муаммоларга тўлиқ жавоб бера оладиган шаклда қайтадан ташкил этиш заруратини кун тартибига қўймоқда.

Шубҳа йўқки, халқаро институтларни ислоҳ қилиш ёки янги институтлар ролини ошириш «янги дунё тартиби»ни жорий этиш учун ҳаракат қиладиган кучларларнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолади. Унгача эса улар эски муассасалар ва эски амалиётлар билан ўзларини исботлашга уриниб кўрадилар.

Давр биздан нимани талаб қилмоқда?
Янги босқичда миллий моделга урғу бериш, қарор қабул қилиш механизмларини миллий маълумотлар ва ижтимоий, тарихий-маданий асосда шакллантириш жуда муҳим аҳамият касб этади.

Эндиликда 5G технологиясидан фойдаланувчи, шу билан бирга, ўтмишдаги инқирозларни енгиб ўтишга қодир ишчи кучига эга бўлиш давлат имкониятларини белгилайдиган асосий элементга айланиши аниқ. Яъни янги ишбилармонлик кўникмасига эришмай туриб, глобал давлатлар иерархиясида юқори ўринларга кўтарилишнинг имкони йўқ. Масалан, Хитойнинг ўз аҳолиси устидан ўрнатган назорат ва баҳолаш тизимлари ушбу соҳани кучайтиришга қаратилган ҳаракатлардир. Бироқ мазкур амалиёт глобал рақобатда юқори ўринни эгаллашни кафолатлайдиган дастур эмас.

Албатта, бугунги камтарона муносабатлар, тиббий ёрдам даъватлари, олдинга эгилган бошлар бизни чалғитмаслиги керак. Зотан, давр биздан мудофаа механизмларини, муқобил саноатни, қишлоқ хўжалиги стратегиялари ва янги бизнес амалиётини глобал геосиёсатга мувофиқ амалга оширишни талаб қилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Био-иқтисодий инқирозда ким ғолиб бўлади?