
Kun.uz пандемия давридаги иқтисодий инқироз ва ижтимоий вазият ҳақида нашрнинг Жанубий Кореядаги махсус мухбири Элдор Воҳидов ва Туркия Республикасида анча йиллардан бери иш фаолиятини олиб бораётган тадбиркор Санжар Икромов иштирокида суҳбат уюштирди.
Улар Жанубий Корея ва Туркиянинг пандемиядаги ҳаёти, бу давлатларда бўлиб турган ўзбек мигрантлари, ўзбекистонликларнинг коронавирус тарқалган вазиятда ишсиз ва моддий маблағсиз қолиш эҳтимоли ҳақида маълумот беришди.
– Кореяда ва Туркияда касалланганларга муносабат қандай? Вирусдан касалланган мигрантларга тиббий ёрдам ўз ўрнида бериляптими?
Элдор Воҳидов, Kun.uz'нинг Жанубий Кореядаги махсус мухбири:
– Фикримча, айни шу масалада Корея ҳукумати жуда яхши иш қилди. Яъни мигрант ёки давлат фуқароси деб одамларни ажратмади, кимда аломатлар бўлса, давлат томонидан ҳамма текширувдан ўтказилди. Ва шунинг ҳисобига ҳам зарарланганлар сони кўпайиб кетди.
Агар кимдир ўзидан шубҳаланиб, тест топширишни хоҳласа, унда 120-180 доллар атрофида тўлов қилиши керак бўларди.
Ҳаммага тенг қаралгани учун ҳам, текин ва сифатли тиббий хизмат кўрсатилгани сабаб ўзбекистонликлар ўзларини бу ерда анча хавфсиз ҳис қилишди.
Яна бир нарсага аниқлик киритмоқчиман. Ҳали Ўзбекистонда вирус қайд қилинмасдан олдин ўзбекистонлик фуқаро Кореяда вирус юқтиргани аниқлангани тўғрисидаги хабар шов-шувларга сабаб бўлганди. Ҳозир ўша фуқаро аллақачон тузалиб, ўз ишини давом эттирмоқда.
Кореяда ноқонуний ишлаб яшаб келаётган, I-card`га эга бўлмаган ўзбекистонлик ва бошқа давлатларнинг фуқаролари ҳам кўп. Давлат томонидан ана шундай ноқонуний мигрантларда касаллик аниқланса, уларнинг ҳам шахсий маълумотлари сир тутилиши белгилаб қўйилди.
Мана шундай шахслар ҳам тузалиб чиқиб, ҳозирда давлатда яна ишлаб келмоқда.
Корея, шунингдек, чет эл фуқароларига ҳам бепул тиббий ниқоблар тарқатилишини йўлга қўймоқда.
Санжар Икромов, Туркияда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик ишбилармон:
– Туркияда ҳудудлар бир-биридан фарқ қилади. Масалан, Истанбул ва Анқарада вазият 2 хил. Туркияга йиллар давомида турли ҳудудлардан қочқинлар кириб келиши ва чет эллик муҳожирлар кўпайгани ҳисобига бу ерда хорижликларга нисбатан ҳурмат бироз тушган.
Давлат касалхоналарида Туркия фуқароларига ҳам тўлиқ хизмат кўрсатиб улгурмагани учун ўзбекистонликлар тест топшириш учун борганда киритилмагани ёки ташхис қўйилиб, лекин даволашмагани тўғрисида ҳам хабарлар тарқалди. Лекин уларнинг қанчалик тўғрилигини аниқ билмайман.
Мен таниган айрим одамлар хусусий тиббий муассасаларда тест топшириб кўришди. Лекин давлат муассасаларига ўзбеклар боришганда ҳам яхши, ҳам ёмон муносабатда бўлишлари табиий. Касалланганлар сони кўплиги туфайли бу каби 2 хил муносабат давлат фуқароларига нисбатан ҳам кузатилмоқда. Бироқ умумий ҳолатда чет эллик ва давлат фуқаролари ўртасида жуда катта фарқ йўқ.
Озиқ-овқат масаласида эса ҳозирча танқислик кузатилгани йўқ, бироқ яқин орада танқислик кузатилиши мутахассислар томонидан прогноз қилинмоқда.
Чунки Туркия 90 фоиз озиқ-овқат маҳсулотларини четдан импорт қилади. Масалан, буғдойнинг асосий қисми Россиядан келади. Охирги хабарларга қараганда, Россия буғдой экспортини тўхтатган.
Озиқ-овқат маҳсулотлари нархида ҳам кескин бўлмаса-да, ўзгаришлар бор.
Ниқоблар мавзусида бир нарсани айтиб ўтаман: Туркия буни қилди, умид қиламизки, бошқа давлатлар бу хатони такрорламайди. Пандемия пайдо бўлгунча, турли давлатларда ниқобга талаб ортди. Бу вазиятда ниқоб савдоси қора бозор қўлига ўтиб, Туркия ҳукумати ўз захираси учун ҳам қора бозордан ниқоб харид қилишга мажбур бўлди. Нарх ҳам кескин кўтарилган паллада, қора бозорга қарши курашиш мақсадида икки-уч ниқоб сақланаётган омборларга полиция қўли билан босқин уюштирилди. Кейин, ниқобларни сотувига тақиқ қўйди. Ҳар қандай ниқобга тақиқ қўйди. Давлат ниқобни аҳолига ўзи етказиб беришни айтди, аммо буни ҳам уддасидан чиқмади.
– Кореяда озиқ-овқат нархлари қанақа?
– Нархлар худди Туркияда айтилганидек, кескин эмас, лекин сезиларли ошган. Бу ерда ўзбек тадбиркорлари ва ҳалол маҳсулот истеъмол қиладиган одамлар ҳам кўп. Пандемия туфайли мана шу йўналишда – ҳалол озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришда рақобат юзага келди ва, натижада, ҳатто айрим озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи тушиши ҳолатлари ҳам кузатилди. Маълум вақт оралиғида пиёз, саримсоқ, сабзи каби бирламчи маҳсулотлар нархи ошди, лекин фарқ унчалик катта эмас.
- Пандемиядан сўнг одамлар дунёқараши қандай бўлади? Сизнингча, корейс ва турк халқи пандемиядан сўнг қандай яшашни бошлаши мумкин?
– Менинг фикримча, Кореяда пандемиядан кейин катта ўзгариш кутилмаяпти. Чунки бу халқ ўта эҳтиёткор. Масалан, озгина чангли шамол эсса ҳам, ниқоб тақишади, доимий равишда антисептик геллардан фойдаланишади. Шунинг учун Кореяда кўп нарса ўзгармаса керак.
Санжар Икромов:
– Менинг тахминимча эса, Туркияда одамлар турмуш тарзида, албатта, ўзгариш бўлади. Одамлар жамоат жойларига камроқ бориши, оммавий тадбирларни камайтириши, нақд пул истеъмоли ўрнига электрон пулни кўпроқ ишлатиши мумкин ёки онлайн савдо ва хизматлардан фойдаланиш оммалашади. Масалан, ҳозир Туркияда кўпчилик ишсиз қолиб турган пайтда электрон тижорат дўконларидан бири 10 минг одамни ишга олди.
Давлат эса олдинлари миллиардлаб пулни мудофаа тизимига ажратган бўлса, энди ҳар қанақа вазиятда ҳам мудофаа тизими катта ёрдам беролмаслигини ва ҳар бир шахснинг индивидуал ҳимоясини ташкил қилиш лозимлигини тушуниб етади.
Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар