17:17 / 28.04.2020
2 882

«Дубай маъмурияти – ақлли тузилма ». БААдаги пандемия кураши ва ўзбеклар ҳақида суҳбат

«Дубай маъмурияти –  ақлли тузилма ». БААдаги пандемия кураши ва ўзбеклар ҳақида суҳбат
Исоқжон Абдужалилов
Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида истиқомат қилиб келаётган, фаолиятини турли соҳалар билан боғлаган ватандошимиз Исоқжон Абдужалилов билан Kun.uz нашри пандемия, иқтисодий инқироз ва дунё давлатларида кузатилаётган ижтимоий вазиятлар ҳақида суҳбат уюштирди. Исоқжон Дубайдаги иқтисодий ва ижтимоий вазият, амирликда яшаётган ўзбекистонликлар аҳволи ва уларнинг яқин келажакдаги режалари ҳақида маълумот берди.

– Сизни таништиришда фаолияти турли соҳалар билан боғлиқ, дея таъриф бердик. Шундан келиб чиқиб, ўзингиз ҳақингизда кўпроқ маълумот берсангиз.
– БААнинг Дубай амирлигида 2015 йил бошидан бери истиқомат қилиб келаман. Кўпчилик ўзбеклар қатори бу давлатга туристик виза орқали келганман ва, дастлаб, савдо соҳасида ишладим. Кейинчалик бу ерда мавжуд кўплаб савдо марказларидан бирида хизмат кўрсатиш соҳасида ишлаганман.

Сўнг БААнинг Fly Emirates авиакомпаниясида маълум муддат ишлашга муяссар бўлдим. Ҳозир яна савдо соҳасида, инглизча айтганда retail – чакана савдо билан шуғулланмоқдаман.

– Исоқжон, бизга БААнинг энг ривожланган шаҳарларидан бири – Дубайда пандемия қандай бошлангани ва қай тарзда давом этаётгани ҳақида маълумот берсангиз. Айни пайтда шаҳарда карантин талаблари юмшаганми?
– Албатта, дунёнинг аксар ҳудудларидаги каби БААда ҳам карантин талаблари маълум маънода юмшади.

Дубай амирлигининг ўзида январ ойининг охирида Хитойдан келган сайёҳ оилада илк коронавирусдан зарарланиш ҳолати қайд этилган эди. Лекин бу вақтда ҳали амирликлар касаллик тарқалишини чеклаш учун қатъий чекловлар жорий этмаган эди.

12 март куни халқаро пандемия вазияти эълон қилингандан сўнг Дубайда ҳам бошқа давлатлар каби қатъий чоралар кўрила бошлади. Дастлабки касаллик юқтирган оиланинг кимлар билан мулоқотда бўлгани ва қаерларга боргани аниқланиб, мулоқотда бўлганлар ва ташриф буюрган ҳудудлари ўраб олинди. Лекин ўта қатъий чеклов ҳолатлари вужудга келгани йўқ. Чунки БАА дунёдаги йирик туристик манзил ва ҳаво йўллари линияларига эга давлат ҳисобланади. Шунинг учун ҳудудда бирданига ҳамма нарса тўхтаб қолгани йўқ. Касалланиш сони ортиши билан чоралар ҳам қатъийлаштириб борилди.

БААда 26 апрель ҳолатига кўра, 10 349 нафар зарарланиш ҳолати қайд этилган. Улардан 2000 нафарга яқини соғайган, ўлим ҳолатлари эса 76 тани ташкил этади.

– Ўзбекистонда коронавирусга чалинган биринчи фуқаро аниқлангандан сўнг чеклов чоралари бирданига қатъийлаштирилди. Дубайда чекловлар кучайтирилиши қай тарзда содир бўлди?
– Дубайда аввал одамлар тўпланадиган жойлар: овқатланиш масканлари, чилимхоналар, клублар фаолияти тўхтатилди. Ва улардан кейин, 25 мартда савдо марказлари фаолияти тўхтатилиб, Дубайда комендантлик соати эълон қилинди. Бунда эрталаб соат 06:00 дан кечки 20:00 гача кўчага чиқишга рухсат берилиб, бошқа пайтда кўчага чиқиш тақиқланди. Ва Дубай маъмурияти амирлик бўйлаб стерилизация- тозалаш ишларини бошлади. Ўз навбатида, Дубай БААнинг бошқа ҳудудлари учун локоматив вазифасини ҳам бажарди: бошқа ҳудудлар ҳам амирликдаги стерилизациядан кейин ўз ҳудудларида шундай ишларни амалга оширишни бошлади.

Апрелнинг бошларида эса Дубай амирлигида комендантлик соати 24 соатгача давом этди ва бу вақтда кўчага чиқиш бутунлай тақиқланди. Дубай маъмуриятини ақлли тузилма деб аташ мумкин, чунки улар фуқароларига онлайн рухсатномалар беришни ташкил қилишди. Масалан, фуқаро мобиль илова орқали сўров юбориши мумкин ва маъмурият уни кўриб чиқиб, зарурий эҳтиёжлар сабаб, белгиланган соатларда кўчага чиқиш учун онлайн рухсатнома берди. Бироқ бу рухсатнома ҳам охирги муддатларда 3 кунда бир мартагина кўчага чиқиш имконини бераётган эди. Дубайда комендантлик соати 24 апрель ҳолатига кўра, анча юмшатилди.

Бошқа амирликларда эса ҳозиргача соат 08:00 дан 18:00 гача комендантлик соати амал қилмоқда.

– Дубайда 3 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Лекин шундай бўлишига қарамай, ҳудуд иқтисодиёти мустаҳкам илдизларга эга. Сиз таъкидлаганингиздек, ҳозир савдо нуқталари ёпилган, авиакомпаниялар, бир қанча молиявий марказлар ҳам фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлган. Сизнингча, улардаги вазият тез орада ўз изига қайтадими?
– Менимча, бутун дунёда бўлгани каби Дубайда ҳам тез орада ҳаммаси ўз ҳолига қайтади, дейиш фикридан йироқман. Лекин Дубай ўз иқтисодиётини ушлаб туриш учун етарли ишлар қилмоқда. Масалан, Emirates авиакомпанияси ўз фаолиятини тўхтатиши маълум миқдорда иқтисодий йўқотиш бўлди. Бу вазиятда Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рашид ал-Мактум бошчилигида компанияга квота бериш тарзида молиявий ёрдам кўрсатилди. Инглиз тилида айтганда Financial injection тадбирлари ишлари амалга оширилди.

Шунингдек, йирик компаниялар, холдинглар ўз хоҳишлари билан давлатга, ишчиларига мавжуд захиралари – активлари орқали ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда. Бу борада таҳсинга сазовор ишлар қилаётган компаниялар мавжуд.

Лекин ҳаммаси изига тушади, дейиш фикридан йироқман. Чунки сайёҳлар оқими яна қайтиши эҳтимолдан узоқ. Бу жуда кўп факторларга боғлиқ. Масалан, сайёҳлар келиши учун улар яшаб турган ҳудудлар ҳам очилиши керак. Бироқ Дубай ўз сайёҳларини манзилларига кузатиш жараёнида «Ҳали яна кўришамиз», деган мазмунда хайрлашмоқда.

– Сиз ҳам бевосита савдо соҳасида ишлаб келмоқдасиз. Умуман, Дубайда истиқомат қиладиган ўзбекистонликларнинг турмуш тарзида пандемия сабаб қандай ўзгаришлар кузатилди. Уларнинг фикрлари қандай?
– Кўпчилик Дубай резидентлари каби ўзбекистонликлар ҳам, асосан, савдо, овқатланиш масканларида, хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритади. Уларнинг фаолияти эса ҳозир тўхтаган. Бундай вазиятда баъзи компаниялар ўз қувватидан келиб чиққан ҳолда маълум ходимларига пул тўланадиган таътил беришди.

Бунинг ҳам ўз ҳисоб-китоби бор. Масалан, агар сиз компанияда 6 ой ва ундан кўп ишлаган бўлсангиз, бундай таътил олиш ҳуқуқига эга бўласиз. БААда ишчи визаси 2-3 йил муддатга берилади. Баъзи ташкилотлар эса ходимларига ҳақ тўланмайдиган таътил берди. Айрим компаниялар ўз ходимларини ишдан бўшатишга ҳам мажбур бўлди.

Ва умумий қилиб айтадиган бўлсак, Дубайда яшаётган кўпчилик қатори ўзбекистонликлар ҳам бу ҳолатлардан жабр кўрди.

– Бу пайт оралиғида қисқа муддатда Дубайга ёки БААнинг бошқа амирликларига иш ёки саёҳат юзасидан борган ўзбеклар ҳам бор эди. Уларнинг ортга қайтиши ёки маълум муддат БААда қолиши, уларнинг ҳужжатлари билан боғлиқ муаммолар қандай ҳал этилгани ҳақида маълумотга эгамисиз?
– Бундай инсонлар билан ҳужжатларга боғлиқ муаммо кузатилмади. Чунки БАА пандемия даврида туристик, ишчи ёки резидентлик визаси бўлишидан қатъи назар, муддати тугаган визаларни жорий йилнинг охиригача узайтириб қўйди. Бу ижобий ҳолат бўлди, деб бемалол айтиш мумкин.
Бундан ташқари, мамлакатдан чиқиб кетишни хоҳлаган ўзбекистонликлар учун Дубайда жойлашган консуллик идораси орқали чартер рейслари ташкил қилинди.

Дубайда илк марта 29 март куни Ўзбекистон фуқаросида коронавирус аниқланган. Бу маълумот Дубай бош консулхонасининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ўзбекистонликларга эълон қилинди. Ва консуллик доимий равишда ўзбекистонликларни маъмурият эълон қилаётган чеклов қоидаларига амал қилишга чақирмоқда.

Айни пайтгача қисқа муддатга келган ўзбекистонликларнинг Дубайда бўлиб турганидан хабарим бор.

– Бу қисқа муддатда Дубайда иш жойидан айрилиб, вақтинча даромадсиз қолиб кетган ўзбекистонликларга ким томонидан ва қандай ёрдам берилмоқда?
– Бундай шахсларга Дубайдаги ўзбекистонликлар ҳам ёрдам беришга ҳаракат қилди. Лекин ёрдамга муҳтожлар ҳали ҳам бор. Чунки Дубайда қачон ҳаёт аввалги изига қайтиши, уларнинг яна иш топиши мавҳум. Шунинг учун айрим копманиялар ўз ишчиларига ватанига қайтиб кетиши учун чипта олиб бериши эҳтимоли бор, айримларида эса йўқ.

Аэропортлар май ойидан очилиши кутилмоқда. Лекин эшитишимга кўра, Абу-Даби миллий ҳаво йўллари авиакомпанияси кечроқ фаолиятини бошлашни режа қилган.

Emirates авиакомпанияси эса пандемия даврида фаолиятини тўхтатган бўлса-да, чет давлатларда бўлиб турган амирлик фуқароларини, резидентларини қайтариш учун чартер рейслар амалга ошириб турди.
Айни пайтда иш ўрнинийўқотган ўзбеклар, асосан, ўзларида мавжуд захира маблағ асосида яшаб туришибди.

– Дубайда ишлаб турганларнинг кўпчилиги даромадини ватанга, оилаларига юборар эди. Мана шундай шахслар ҳозир қандай вазиятда?
– Кўпчилик ўзбеклар йўллар очилгач ватанга қайтиб кетишни режа қилмоқда. Лекин Дубай маъмурияти иш ўринларини сақлаб қолиш борасида саъй-ҳаракатларини тўхтовсиз давом эттирмоқда. Иш топиш учун кўмак берадиган ташкилотлар ҳам бунга ёрдам беришмоқда.

Дубай учун вақтинча яшовчи шахсларнинг -резидентларнинг борлиги ҳам муҳим. Шунинг учун амирлик ўз ҳаракатларини қилмоқда. Лекин бу тадбирлар ҳаммани қамраб ола олмайди. Ва ҳозир 2 хил тоифа: пандемиядан кейин иш топиб кетиш умидида Дубайда қолишни режалаштираётган ва ватанга қайтишни хоҳлаётганлар гуруҳлари шаклланмоқда.

Иш топишда ва иш ўрнини сақлаб қолишда рақобат катта рол ўйнайди. Чунки кўп йиллик тажрибага эга одамларнинг ҳам иш ўрнини йўқотиши ҳолатлари кузатилди.

– Бошида савдо соҳасигача авиакомпанияда ҳам фаолият юритганингиз ҳақида айтдингиз, бу эса бизга қизиқ. Чунки Дубайнинг ташриф қоғози ҳам унинг авиакомпанияси ҳисобланади ва дунёда катта обрўга эга ташкилот саналади. Айни пайтда авиакомпанияда ишлар қандай ташкил этилмоқда?
– Менимча, компания катта йўқотишга учрамайди. Чунки 2008 йилдаги иқтисодий инқирозда ҳам компания ҳатто бир нафар ходимини ҳам ишдан бўшатмаган. Ва бу компания амирлик ҳукумати билан боғлиқ, иккаласи эса биргаликда катта ишлар қилишга қодир.

Emirates гарчи йўловчи ташиш фаолиятини тўхтатган бўлса-да, карго хизматларини, юк ташув ишларини тўхтатгани йўқ.
Ҳозир Emirates ўзининг иқтисодий барқарорлигини маълум миқдорда карго хизматлари орқали сақлаб турибди, дейиш мумкин.

Бундан ташқари, баъзи бир йўналишдаги қатновлар ҳануз амалга оширилмоқда. Масалан, Лондон-Ҳитро йўналишига қатновлар амалга оширилмоқда. Бу экипаж аъзоларини махсус кийимлар билан таъминлаш ва ҳаво кемаларини махсус стирилизациядан ўтказиш орқали амалга оширилмоқда. Бу борада Дубай илғор технологиялардан фойдаланмоқда.

Дубай пандемия бошланишидан олдин ҳам жамоат жойларига термо-камералар ўрнатган эди. Ҳозир эса кўп ҳудудларда аҳолини мажбурий ва бепул тарзда коронавирус учун тест қилиш ишларини амалга оширмоқда.

– Ҳозирда Дубайда «Тез тиббий ёрдам»га талаб қай даражада ошган. Амирликнинг ўз фуқароларидан ташқари чет эл фуқароларга тиббий хизмат кўрсатиш сифати қай даражада?
– Дубайда ҳеч қачон одам ажратилмайди. Хоҳ фуқаро бўлсин, хоҳ вақтинча яшаш ҳуқуқига эга шахслар январдан буён ҳокимият томонидан уларнинг бепул даволаниши ҳақида маълумотлар берилди. Ҳатто пандемия бошланишидан олдин даволаш учун ҳамма нарса тайёр экани аҳолига маълум қилинган эди.

– Бутун дунёда пандемия сабабли озиқ-овқатга бўлган талабнинг ошишига ва нарх-навонинг кўтарилишига, супермаркет пештахталари бўшаб қолганига гувоҳ бўлдик. Бу каби ҳолатлар Дубайда ҳам кузатилдими?
– Ажабланарлиси, Дубайда бу каби ҳолатлар умуман қайд этилмади. Фақатгина айрим кичик дорихоналарда тиббий ниқобларни топиш билан боғлиқ ҳолатлар бўлди. Бироқ нарз-навода ўзгариш бўлгани йўқ. Дубайда қаерда нархнинг сунъий кўтарилиши ҳолати аниқланса, тезда чора кўрилиб, ҳатто ёпиб қўйишгача борилди. Лекин Дубай амирлигида бу каби ҳолатлар деярли кузатилмади. Чунки ҳукуматнарх-навони жуда қаттиқ назорат қилмоқда ва етарли озиқ-овқат захираси ҳам мавжуд, назаримда.

– Пандемия таъсирида кўпчиликнинг режалари, мақсад учун қиладиган ҳаракатлар йўналиши ўзгармоқда. Сизнингча, бу шароитда Дубай яна қайта кечаги Дубай бўла оладими? Маҳаллий аҳолининг, сайёҳларнинг амирликка нисбатан муносабати ўзгарадими?
– Менимча, йўқ. Чунки резидентларнинг ҳокимиятга бўлган ишончи жуда юқори. Пандемия даврида ҳукумат томонидан махсус мобиль иловалар ҳам яратилди. Телефонимизга ҳукумат раҳбарларидан турли хабарлар, масалан, Рамазон билан қутлов, эҳтиёт чораларини кўриш тавсиялари юборилади.

Ҳукумат фуқароларига ва резидентларига келажакка умид билан қарашни ва ҳаммаси яхши бўлишини таъкидлаб келмоқда. Умуман, Дубайда келажакка ижобий қараш кайфияти доим сақланиб қолган.

Шунинг учун пандемиядан кейин катта ўзгаришлар бўлишига унчалик ишонмайман. Дубай-экспо очилишини ҳам 2021 йилга кечиктиришди.
Лекин ҳаммаси яхши бўлишига ишонамиз ва умид қиламиз.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Дубай маъмурияти – ақлли тузилма ». БААдаги пандемия кураши ва ўзбеклар ҳақида суҳбат