date
views 3 142

АҚШдаги ўзбек адвокати — қонун устуворлиги, грин-кард ва ўзбек оилаларидаги ажримлар ҳақида

АҚШдаги ўзбек адвокати — қонун устуворлиги, грин-кард ва ўзбек оилаларидаги ажримлар ҳақида
Фаррух Нуридинов
Влогер Жасур Ҳамроев АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида адвокат сифатида фаолият олиб бораётган ўзбекистонлик Фаррух Нуридинов билан интервью ташкил этди.
Фаррух Нуридинов – 2003 йилда Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган, кейинчалик Манчестер университети ва Нью-Йорк университетида магистратурада таҳсил олган.

Тажрибали ҳуқуқшунос айни пайтда АҚШ федерал судларида қатнашувчи ягона ўзбекистонлик адвокат саналади. Нуридинов Американинг энг яхши адвокатлари ассоциацияси (AOATL)нинг Нью-Йорк штати бўйича юз нафар энг яхши адвокатлар рўйхатига киритилган.

Ҳамюртимиз YouTube`да жонли трансляция қилинган суҳбат давомида влогер ва фойдаланувчиларнинг Америкадаги ҳаёт, у ердаги ўзбекистонликлар ўртасидаги ажримлар ва бошқа мавзулардаги кўплаб саволларига жавоб қайтарди.

«Америкада судьяларга жуда катта ваколатлар берилган. Улар нафақат қонунга бўйсунади, балки қонунларни ҳукумат, прокуратурадан мустақил равишда талқин ҳам қилади. АҚШ судьяларининг энг катта ютуғи ҳам шу, деб ўйлайман.

Қолаверса, судьяларнинг квалификацияси ниҳоятда юқори. Федерал судлар 3та поғона: бошланғич, апелляцион ва олий суддан иборат. Федерал судларда коррупция йўқ, деб айта оламан», – дейди Фаррух Нуридинов.

– АҚШда қонун устуворлиги тан олинади. Қонунларнинг кучлилиги, қонунга бўйсуниш даражаси баландлиги нимага боғлиқ?
– Ўз кузатувларимга кўра, англо-саксон тизимига асосланган ҳуқуқий тизимлар қатъий интизомга асослангандир. «Мумкин эмас» дейилган нарса мумкин эмас.

Фуқаролар ўзларига маъқул депутат, конгрессменни сайлашади. Улар эса қонунлар чиқаришади. Агар кейин одамлар шу қонунларга бўйсунмаса, уни жавобгарликка тортиш механизми кучли ривожланган. Бутун жамиятда шу нарсага келишилган: биз конгессмен ва сенаторни сайлаймиз, улар қонунлар чиқаришади ва биз шу қонунларга бўйсунамиз, деган фикр билан ҳаракат қилишади. Умуман, қонунларни ҳурмат қилиш ниҳоятда юқори даражада.

– АҚШда ҳам судьяларга босим ўтказишлари мумкинми?
– Бўлиши мумкин, бу – ҳаёт. Ҳақиқий ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Менинг ўзимга келсак, ҳеч қачон ҳукумат томонидан босимга дуч келмаганман.

– Ўзбекистон суд тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар ҳақида фикрингиз.
– Тўғрисини айтсам, бу ислоҳотлардан унчалик хабардор эмасман. Менимча, ишлар кўпайгани учун бу масала эътиборимдан четда қоляпти. Ўзбекистонга бефарқ эмасман, албатта.

– Кейинчалик қайтиб, Ўзбекистонда ишлаш ниятингиз борми?
– Ниятим бор.

– Ўзбекистон ҳуқуқ устувор давлат бўлишига ишонасизми?
– Ҳаммамиз бирга ҳаракат қилсак, албатта, ишонаман.

– АҚШ фуқароси бўлиш ҳақида маълумот берсангиз.
– Бунинг учун аввал грин-кардга эга бўлиш керак. Шундан сўнг бу ерда барча талабларга риоя этган ҳолда беш йил яшаш керак. Шундан кейин фуқаролик учун ариза топшириш мумкин.

– Айтишларича, грин-кард ютиб келган кўплаб ўзбекистонликлар Америка фуқароси бўлишга ошиқади.
– Шундай. Айниқса ҳозир вазият жуда ҳам ўзгарди: президент Трампнинг сиёсатини инобатга олиб, одамлар тезроқ ўз жойини маҳкамлаб олиш учун грин-карддан Америка фуқаролигига ўтишяпти.

– Нега бундай?
– Бу ерда бирор нарса бўлиб, кейин депортация бўлмаслик учун кафолат бўлади.

– Бирор кимнинг жиноятчи эканини билиб туриб, уни оқлаганмисиз?
– Бизда аксарият вазиятлар шунақа (кулади). Лекин биз уларнинг жазосини қонуний томондан юмшатишга ҳаракат қиламиз. Қонунда белгиланган тартибда.

– Жорж Флойднинг ўлимидан кейинги норозилик намойишларига муносабатингиз.
– Америка конституцияси асосида ҳамма ўз фикрини баён этишга, тўпланган ҳолда ўз фикрларини давлатга етказиш ҳуқуқига эга. Лекин бу чегарадан ошиб кетмаслиги керак. Агар кимдир бу ҳуқуқни суиистеъмол қиладиган бўлса, бу нарса протестлардан зўравонликка айланадиган бўлса, бу ноқонуний. Мен ўйлайманки, бу каби хатти-ҳаракатларга нисбатан қатъий чора кўриш керак.

– Намойишлар фонида зўравонлик, босқинчиликни ҳам кўряпмиз. Қанча дўконларни талашяпти, автомашиналарни ёқишяпти, йўлларни тўсишяпти.
– Мана шу зўравонликка қўл урган одамлар, машиналарни ёққанларнинг ҳаммаси топилади. Албатта, буларнинг ҳаммаси жазога тортилади. Бу ерда ҳамма жойда – камералар. Қолаверса, биттасини ушлагандан кейин, у қолганлар ким бўлганини айтиб беради.
Шунинг учун, жазо муқаррар – Америкада қонун ниҳоятда кучли. Бу одамлар ҳаммаси топилиб, уларга қонунда белгиланган чора кўрилади.

– Кучли адвокат бўлиш учун диннинг қай даражада роли бор, деб ўйлайсиз?
– Диннинг роли жуда катта. Чунки дин бизга асосий ориентирларни кўрсатади. Яхши адвокатда динга муносабат кучли, виждони маҳкам бўлиши керак.

– Америкада уй сотиб олиш яхшироқми ё ижарада туриш?
– Менимча, уй сотиб олган яхшироқ.

– Сиз ҳам уй сотиб олишга ҳаракат қиляпсизми?
– Ҳаракат қиляпмиз.

– Америкада даромад солиғи неча фоиз? Яъни адвокат оладиган гонорарининг неча фоизини солиққа тўлайди?
– 30 фоиз.

– АҚШга турист визаси билан бориб, иммигрант статусга алмаштирса бўладими? Бунга қанча вақт ва маблағ талаб этилади?
– Иммигрант визага айлантирса бўлади, қачонки сиз Америка фуқароси билан турмуш қурсангиз. Вақт жиҳатдан олсак, тахминан 2 йил. Маблағ жиҳатдан, тахминан 3-4 минг доллар.

– АҚШ ва Ўзбекистон жиноят кодексларининг фарқлари нималарда?
– Ўзбекистон қонунчилигида, масалан, битта жиноят учун 5 йилдан 10 йилгача жазо дейилади. Америкада унақа нарса йўқ: фақат минимумлар бор. «Минимум 5 йил берилсин, минимум 10 йил берилсин...» Лекин айрим истисно ҳолатлар бор.

Айтиб ўтишим керакки, федерал жиноий қонунчилик штатлараро содир этиладиган жиноятларга боғлиқ. Яъни кимдир қотиллик қилиб, бошқа жойга кетиб қолган бўлса, бу билан FBI (Федерал тергов бюроси) шуғулланади. Лекин аксарият жиноятлар штатлар ичида кўриб чиқиб, жазо белгиланади.

– Америкада коррупция учун жазо қанақа?
– Жазоси жуда оғир бўлади. Қанақа иш қилишингиздан қатъи назар. Бу фақат пул олишдангина иборат эмас, эгаллаб турган мансабидан фойдаланиб қанақадир хизматлар олиш, фойда кўриш ҳам коррупцияга киради. Бу карьерага, одамнинг ҳаёт йўлига ниҳоятда салбий таъсир қилиши ҳеч гап эмас.

– Адвокат ишда ютиб чиқмаса, унга жарима бўлиши мумкинми?
– Йўқ. Лекин агар мижоз адвокатнинг хатосини топадиган бўлса, уни судга бериши мумкин. Мана шу адвокатнинг орқасидан шу ҳолга тушдим, мени бошқатдан суд қилинглар, дейиши мумкин.

– Бизда одамларнинг адвокатга ишончи юқори эмас. Адвокатнинг обрўйини ошириш учун бирор таклифингиз борми?
– Менимча, адвокатнинг обрўйини ошириш учун унинг процессуал статусини прокуратура билан тенглаштириш керак. Ўйлайманки, адвокатларнинг обрўсини кўтариш учун уларга кўп ҳақ-ҳуқуқлар бериш керак ва қайсидир томондан прокуратуранинг ҳуқуқларини чеклаш керак.

– Жиноятчи томонидан сизга босим бўлганми?
– Бўлган. Масалан, мижоз билан кўришгани қамоқхонага борамиз, у алдаётганини биламиз, лекин улар ўзлари айтаётган версияга ишонтириш учун босим ўтказиши мумкин. Шундай ҳолатларни кўрганман: адвокатлар соқчиларни чақиришига тўғри келган.

Менга очиқчасига босим ўтказишлар бўлмаган, лекин қандайдир қўрқитишлар, таъсир ўтказишлар бўлган, албатта.

– Жанубий Африка Республикасида туғилган Илон Маск Америкада фазовий орзуларига эришяпти: у Халқаро космик станцияга фазогирларни учирди. Унинг катта режалари бор... Сиз қандай гигант орзунгиз амалга ошишида мана шу мамлакат замин яратишини истайсиз?
– Бу жуда қийин савол. Менинг мақсадим бошқа инсонларникидан фарқ қилмайди: оиламнинг тинчлигини сақлаш, молиявий жиҳатдан мустақил ва мустаҳкам қилиш, болаларимни ўқитиш, уларни жамиятга муносиб инсонлар қилиб тарбиялаш. Менинг асосий мақсадларим мана шу. Илон Маскдагидек катта фикрлар йўқ.

– Балки катта бизнесни йўлга қўярсиз? Чунки Америка қонунларига ишонасиз, сизга сунъий равишда халақит берадиган нарсалар йўқ...
– Биласизми, мен табиатан бизнесмен эмасман. Бир доллар тикиб, икки доллар олишга ишқим йўқ. Менинг ғоям, мақсадим – инсонларга сидқидилдан ёрдам бериш.

Кимдир айтиши мумкин: Америкада яшаб туриб, бундай фикрларга эга бўлмаслик хато, дейиши мумкин. Лекин мен ўйлайманки, Америкада ўз чекловлари, ўз чегаралари бор; кимки бу чегаралардан ўтадиган бўлса, вазият бошқача бўлиши мумкин.

Айтмоқчиманки, Илон Маскда имконият бўлган, у келиб Американинг инфраструктурасидан фойдаланган, яъни фикрини сота олган, шунга пул йиғган. Масалан, Tesla компаниясини ривожлантириш учун миллиардлаб долларларни Нью-Йорк фонд биржасидаги инвесторлардан олган. Нимага? Чунки Американинг инфраструктураси шунақа кучли.

Бу ерда кимдир келиб, мен шу ишни қилмоқчиман, менга пул керак, деганида қонун ва молия бу нарсани таъминлаб беради. Шунинг учун, ўйлайманки, Американинг кучи шунда: яъни одам билади, унинг фикри ўғирланмайди: «Патент қилиб, ғоямни ҳимоя қиламан; кейинчалик бола-чақам билан бу нарсадан баҳраманд бўламан, пул топаман» дея олади. Ўйлайманки, Илон Маскдай ишбилармон одамлар шу вазиятдан фойдаланиб, муваффақиятга эришган.

– АҚШ федерал судларидаги ягона ўзбекистонлик адвокат. Бу факт манбаси ўзингизми ё расмийлардан олинган маълумотми?
– Бу менинг маълумотим. Бизда судларнинг маълумотлар базаси бор, ўша ерда барча қабул қилинган адвокатлар кўрсатилган. Улар орасидан қараб чиққанимда, ўзбекистонлик фақат мен бўлиб чиққанман. Лекин биламанки, ўзбекистонлик бошқа адвокатлар ҳам бор. Улар менимча федерал судларда қатнашишмайди, адвокат ёрдамчиси бўлиб ишлашади.

Менимча, бизникилар энг кўп кўзга ташланадиган соҳа – молия. Банкларда талайгина йигит-қизларимиз ишлаб келяпти.

– Америкада ўз йўлингизни топиш учун, сизни катта шахс сифатида тан олишлари учун нима қилиш керак?
– Менимча, бунинг учун Америкага мослашиш керак. «American way of life» деган нарса бор; америкача яшаш, америкача фикрлаш... Бу нарсани қабул қила олиш керак. Кўпчилик қабул қила олмайди. Шунинг учун жараёнларнинг бир чеккасида қолиб кетади.

– Ватандошларимиз билан суҳбатлашганимда тез-тез бир мавзу очилади: ажримлар. «Эшитдингизми, фалончи ажрашиб кетди, хотини эрини полицияга берибди...» Айтишларича, ўзбек оилалари америка оилаларига тақлид қилиб ажрашишаётган экан. Яъни АҚШда аёл ҳақ-ҳуқуқлари юқорилиги айтилади. Жар ёқасидаги ўзбек оилаларини сақлаб қолган вақтларингиз ҳам бўлганми?
– Бўлган. Кўп бўлган. Бир нарсани айтиб ўтишим керакки, ажрашишлар менимча ҳаётдаги стресс, қийналишлардан келиб чиқади. Олдимга эр-хотин келиб, ариза қилиб беринг, биз ажрашмоқчимиз, деганида мен сўрайман: «Нега ажрашяпсан, 2-3та фарзандинг бор экан, уларга ким қарайди?» Шу тариқа 4-5та оилани фикридан қайтарганман. Ҳар доим шунга ҳаракат қиламан.

Фикридан қайтаролмаган пайтларимда бола, мулк билан алоқадор жиҳатларда ёрдамлашишга ҳаракат қиламиз. Яъни бола қийналмаслиги, аёл киши қийналмаслигини инобатга олиб маслаҳатлар берамиз.

– Ҳар ҳолда, ўзбекмиз. Тақлид қилиш, эрини полицияга бериш каби ҳолатларга қандай қарайсиз? Бу каби ҳолатларнинг сабаби нимада бўлиши мумкин?
– Бунга сабаблар мураккаб бўлиши мумкин. Бу мавзуда алоҳида кўрсатув ҳам қилса бўлади. Менимча, бу ерда асосий масала шундаки, ҳаётий стресс, ҳаётий муаммолар ўртадаги муносабатларни бузади.

Масалан, эр ишдан келади, чарчаган бўлади. Айтайлик, овқат тайёр бўлмаган бўлиши мумкин. Шундан жанжал чиқиши мумкин. Кўрганман, кичкина-кичкина сабаблардан ҳам жанжаллар бўлади. Оқибати жиддий нарсаларга олиб келиши мумкин.

Бунинг учун, биринчидан, Американинг ҳаётига мослашиш керак. Иккинчидан, тилни ўрганиш керак. Учинчидан, турмуш ўртоғи билан муроса қилиш, бу қийинчиликлардан биргаликда ўтишга ҳаракат қилиш бўйича эр-хотин ўртасида қандайдир аҳдлашув бўлиши керак. Чунки бусиз бу қийинчиликлардан ўтиб бўлмайди.

Америка қонунчилиги бўйича аёлларнинг ҳуқуқи эркакларникидан кўп эмас, лекин тенг. Қонунчиликда эр-хотин тенг дейилган. Агарда эр хотинига қандайдир тажовуз ўтказадиган бўлса, унга нисбатан қонуний чора кўрилади.

Аммо кўп вазиятларни биламан, аёллар бу имкониятни суиистеъмол қилиши ҳолатлари учрайди. Аёл киши ўзининг кичкина муаммосини ҳал қилиш учун эрига сени ундай қиламан, бундай қиламан, буни қилмасанг шундай бўласан, дея муносабат қилишади. Бу ерда мақсадим ёмонлаш эмас. Одамларни инсофга чақириш керак. Бундай қилмасликни тавсия қиламан. Чунки қонун олдида ҳам, худонинг олдида ҳам жавобгарлик бор.

– Ажралишлар кўрсаткичи қанақа?
– Маълум статистикага эга эмасман, лекин айтишим мумкинки, йилига 50-60та ажралиш ишлари билан шуғулланаман. Уларнинг аксарияти – ўзбеклар.

– Бу қайсидир маънода фожиа.
– Билмадим, тўғрисини айтсам, юз мингга 50-60та камми-кўпми, билмайман. Ҳамма ўз ҳаёт йўлини танлашга ҳақли. Баъзан кимдир ажрашиб, бошқача танлов қилган бўлса, буни ноўрин деб билишим мумкин. Лекин шунақа вазиятлар борки, болаларни ташлаб кетишади. Ёки аёл кишининг ўзини кўчада, квартиранинг пулини бермасдан қолдириб кетишади.

Ёки бир хиллар бўлади, қийналсин деб карточкаларини, банк ҳисобларини ёпиб қўяди. Бу каби вазиятларда нима қилишни билмаймиз. Улар телефон қилишади, ёрдам беринг, пулсиз қолдим, болаларимнинг қорни оч, эримни пул тўлашга мажбурлатинг, дейишади. Лекин уни пул тўлашга мажбурлатиш учун қонуний жараёнлардан ўтиш керак, судлардан ўтиш керак. Бу иш осон эмас.

– Оилавий масалалар юзасидан судларда шу пайтгача сиз дуч келган энг қийин иш қайси бўлган?
– Битта мижозим бор эди. У арзимас нарса орқасидан хотини билан жанжаллашиб, унга қайчи отган. Қайчи хотинининг баданига бориб санчилган. У атайлаб қилмаган, қўлига илинган нарсани отган. Жароҳатдан қон чиққан, хотини ёрдам сўраб қўшнисиникига кирган. Қўшниси эса полиция чақириб юборган.

Полиция келиб, уни қамаган, хотини ва болаларини давлатга қарашли shelter (вақтинчалик бошпана)га олиб бориб қўйган. Ўша ерда болалар полда ётишган.

Ўша инсон менга келиб: «Фаррух ака, хато қилдим, аслида аёлимга, болаларимга нисбатан ҳеч қанақа ёмонлик қилиш ниятим йўқ эди, шунақа бўлиб қолди, ёрдам беринг», деди. Кейин уни оила билан бирлаштириш учун бир йил кетди. Шу нарсанинг оқибатларини бартараф қилиш учун бир йил вақт кетди.

– Пул, эркинлик ва фаст-фудни севадиган Америка жамиятининг қайси томонларига ҳануз кўника олмаяпсиз?
– Овқатига. Бу гамбургерлар, чиккенларни аввалдан емаганман, ҳозир ҳам шундай. Фақат шу.

– Ҳаётда ким бўлгингиз келади?
– Ҳаётда яхши ота, яхши эр, яхши фарзанд, яхши дўст, яхши адвокат бўлишни истайман.

– Юз фоиз ўзбек тилида гапирдингиз. Она тилимизни унутмаганингиз учун сизга миннатдорчилик билдираман.
– Мен ўзбек тилини алоҳида қадрлайман. Нимага десангиз, ўзбек тилида яхши гапира олмайман, буни очиқ айтишим керак. Чунки ўзбек тилини кеч ўрганишни бошлаганман. Русийзабон муҳитда катта бўлганим учун ўзбек тилида 14 ёшимдан гаплаша бошлаганман. Яъни деярли нолдан ўрганганман.

Шундан кейин ўзбек тилининг гўзаллиги, нақадар мукаммаллигини кўриб, уни ўрганишга ҳаракат қилганман. Ҳозир Америкада ҳам ўзбек тилида мақолалар, китоблар ўқиб тураман. Албатта, қўшимчаларни топиш, сўз бирикмаларини ишлатиш менга ҳалигача қийин бўляпти. Лекин шу нарсани ўзгартиришга ҳаракат қиляпман.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШдаги ўзбек адвокати — қонун устуворлиги, грин-кард ва ўзбек оилаларидаги ажримлар ҳақида