date

АҚШ Мексикада ҳарбий операцияни бошлаши мумкин

АҚШ Мексикада ҳарбий операцияни бошлаши мумкин
АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Мексикадаги наркотик картелларга қарши кураш миссиясини режалаштиришни бошлади. Ушбу режаларда Америка қўшинлари ва разведка тузилмаларидан фойдаланиш имконияти кўриб чиқилмоқда, деб хабар беради АҚШ ОАВ ҳукумат манбаларига таяниб.

Маълумотларга кўра, операциянинг турли сценарийлари ишлаб чиқилмоқда. Улар орасида махсус бўлинмалар кучлари иштирокида қуруқликдаги операцияларни ўтказиш, шунингдек, картел етакчилари ва уларнинг инфратузилмасига дрон зарбалари бериш кўзда тутилган.

Манбаларнинг таъкидлашича, миссия учун дастлабки тайёргарлик аллақачон бошланган, аммо операция кўлами ва қўшинларнинг жойлаштирилиши бўйича якуний қарор ҳали қабул қилинмаган. Бундай миссия Вашингтоннинг аввалги ёндашувларидан сезиларли фарқ қилади, чунки илгари АҚШ фақат мексикалик куч тузилмаларига ёрдам кўрсатиш билан чекланиб келган эди.

Оқ уй расмий изоҳ беришдан тийилган, бироқ маъмурият картеллардан келиб чиқадиган таҳдидларни бартараф этишга содиқ эканини тасдиқлаган. Аввалроқ президент Трамп картеллар фаолиятини "миллий хавфсизликка таҳдид" деб таърифлаган эди.

Бундай ҳаракатлар учун ҳуқуқий асос сифатида АҚШ Давлат департаментининг 2025 йил февралидаги қарори хизмат қилади. Ушбу қарорда бир қатор мексикалик картеллар хорижий террорчилик ташкилотлар деб эълон қилинган, бу эса Америка армияси ва махсус хизматларининг ваколатларини кенгайтирган эди.

Мексика президенти Клаудия Шейнбаум эса ҳар қандай интервенцияни рад этиб, ўз мамлакати "ҳамкорлик қилади, лекин бўйсунмайди" деб баёнот берган. Шунга қарамай, АҚШ расмийлари бир томонлама операциялар ўтказиш имкониятини истисно қилмаяпти.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ Мексикада ҳарбий операцияни бошлаши мумкин