date
views 1 626

Жо Байден АҚШнинг янги президенти бўлади. Трамп мағлубиятни тан олмаяпти

Жо Байден АҚШнинг янги президенти бўлади. Трамп мағлубиятни тан олмаяпти
Kevin Lamarque / Reuters / Scanpix / LETA
Жо Байден бир неча кунлик номаълумликдан кейин ниҳоят АҚШ президентлиги учун пойгани ўз фойдасига ҳал қилди. Пенсильвания ва Невадада ҳам ғолиб бўлгач у 279 делегат овозига эгалик қилмоқда, президентликка сайланиш учун 270 овоз ҳам кифоя эди.

Дастлаб Америка оммавий ахборот воситалари - демократларга мойил бўлган нашрлар ҳам, республикачиларни қўллайдиганлари ҳам бирин-кетин демократлар номзодининг ғолиблиги ҳақида хабар бера бошлади. Шанба куни сайлов тақдирини ҳал қилувчи штатлардан бири Пенсильванияда Барак Обама даврида вице-президент бўлган Жо Байденнинг устунлиги узил-кесил тасдиқланди - бу штат номзодга яна 20 овоз тақдим этди, натижада унинг делегатлари сони президентликка сайланиш учун зарур бўлган 270лик миқдордан ошди.

Бюллетенларни ҳисоблаш ҳали давом этади, Пенсильванияда ҳам ҳали ҳисобланмаган 200 мингга яқин бюллетенлар бор. Аммо Америка медиасига Байденни ғолиб деб тан олиш учун шу вақтгача мавжуд бўлган маълумотларнинг ўзи етарли. Телеканаллар ва ахборот агентликлари прогнозлаш усулларига асосланган ҳолда ғолибни аниқлаш учун математиклар ва таҳлилчилар жамоаларини ёллашган. Ҳозирда улар Трамп Пенсильванияда Байдендан ўзиб кета олмайди, деган хулосага келишган. Аввалги сайловлар шуни кўрсатадики, прогнозчилар жамоаси бундай ҳолларда адашишмаган.

Дональд Трамп мағлубиятини тан олмаяпти. 4 ноябрь куниёқ ўзи президентликка қайта сайлангани ҳақида эълон қилганди. У бир неча марта овозлар натижаларини ҳисоблашда сохтакорликка йўл қўйилгани ҳақида гапирган, лекин бунинг учун далил келтирмаганди. АҚШнинг амалдаги президенти натижалар ҳақидаги хабарларни Виржинияда гольф ўйнаётган маҳалда (дарвоқе, бу штатда Байден устун келган) билди. Лекин у рақибининг ғалабасини тан олгани йўқ.

«Ушбу сайлов якунланишига ҳали вақт бор», – деди Трамп ОАВ хабарлари ортидан берилган баёнотида. У 9 ноябрдан бошлаб ўзининг сайловолди ташвиқот гуруҳи сайлов қонунчиликка тўлиқ мувофиқ тарзда ўтганини ва қонуний ғолибни аниқлаш мақсадида суд жараёнларини бошлашини ваъда қилди. «Мен Америка халқи демократия тамойилларига муносиб равишда берилган ҳақиқий овозлар ҳисоби тўғрисидаги натижани билмагунича тинчимайман», деди Трамп. У сўнгги ўн йилликларда иккинчи муддатга сайлана олмаган илк президент бўлди.

Жо Байден ғалабасига шубҳа қилмаяпти. У твиттерда барча америкаликларнинг, шу жумладан, ўзига овоз бермаганларнинг ҳам президенти бўлишни ваъда қилиб, ишончни оқлашга ваъда берди. Шунингдек, Байден твиттердаги мақомини «АҚШнинг сайланган президенти» дея ўзгартирди.

Байден дастлабки табрикларни қабул қилишни бошлаган. Уни ва бўлажак вице-президент Камала Ҳаррисни ижтимоий тармоқлар орқали Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон, Германия канцлери Ангела Меркель, Франция президенти Эммануэль Макрон, Канада бош вазири Жастин Трюдо, Шотландия ҳукумати раҳбари Никола Стержен, Лондон мэри Содиқ Хон ва дунёнинг турли нуқталаридаги сиёсатчилар, масалан, Зимбабве президенти Эммерсон Мнангагву табриклади.

Сайловда ким ғолиб бўлганини аниқлаш учун уч кун вақт кетди. Овоз бериш 3 ноябрь куни бўлиб ўтганди. Аммо коронавирус пандемияси туфайли 2020 йилда жуда кўплаб америкаликлар сайлов участкаларига бормасдан, почта орқали овоз беришни маъқул кўришди. Почта орқали юборилган бюллетенларни қайта ишлаш жуда кўп вақт олди.

Байденнинг ғалабаси янада ишончлироқ бўлиши мумкин. Ҳозирча Аризона, Жоржия, Шимолий Каролина ва Аляска штатларида якуний натижалар маълум бўлгани йўқ. Бу штатларда ким устун келиши фақат Аляскада аниқ, атиги уч делегат овозига эга бўлган штатда Трамп катта фарқ билан олдинда. Шимолий Каролинада ҳам у устунликка эга. Қолган штатларда эса Байден етакчи. Агар шу ҳолат сақланиб қолса, якунда Байден 306 овоз билан ғолиб бўлади.

Жо Байден 77 ёшда, у Америка тарихида энг кекса ёшда президент бўлган илк сиёсатчига айланади. Байден бутун умр сиёсат билан шуғулланган: у 30 ёшидаёқ сенатор бўлган. Байден — президентликка номзодлар орасида америкаликларнинг энг кўп овозига эга бўлган сиёсатчига айланди - ҳозиргача 74,5 млн америкалик унга овоз берган (иккинчи ўринда — Дональд Трамп, у бу сафарги сайловларда 2016 йилдаги натижасини яхшилади - 70,4 млн).

АҚШ тарихида сайланган вице-президент Камала Ҳаррис ушбу лавозимдаги «биринчи аёл, биринчи қора танли аёл, биринчи келиб чиқиши ҳинд бўлган америкалик аёл ва муҳожирлар қизи бўлган биринчи аёл» сифатида тарихга киради. Унинг онаси келиб чиқишига кўра ҳинд, отаси — ямайкалик.

Бир неча марта СССРда ва Россияда бўлган Байден Путин билан муносабатларда қатъий сиёсат юритиш тарафдори ҳисобланади. У сайловлардан олдин Россияни «Америка хавфсизлиги учун асосий таҳдид» деб атаганди. 2011 йил бошида, Россия президенти лавозимини Дмитрий Медведев эгаллаб турганида, Байден россиялик мухолифатчилар билан учрашган ва Путиннинг ўрнида бўлганида учинчи муддатга номзодини қўймаган бўлишини айтганди.

Буёғига нима бўлади?
Одатда мағлуб бўлган номзод дарҳол буни тан олади, аммо АҚШ тарихидаги энг ноодатий президент бўлган Трамп бир неча фронтларда баҳслашувни давом эттирмоқчи.

Натижалар ўртасидаги фарқ бир фоиздан кичик бўлган Жоржияда овозлар қайта ҳисобланади, Трампнинг штаби Висконсиндаги натижалар бўйича ҳам баҳслашмоқчи. Президент сайловлардаги натижалар юзасидан Олий судга ҳам мурожаат қилишини айтган (у бу сафар ҳам далилсиз гапирган).

Агар сайлов натижаларига эътироз билдирилса, номзодларнинг ҳуқуқшунослари ўша штатлар судларида учрашади. Судья даъвони қўллаб-қувватлаши ва овозларни қайта ҳисоблаш бўйича қарор чиқариш мумкин, бу қарор устидан Олий судга апелляция билан мурожаат қилиш ҳам мумкин.

Айни вақтда айрим штатларда овозларни қайта ҳисоблаш давом этмоқда ва штат маъмурлари эълон қилмагунча ҳозирги натижалар расмий деб ҳисобланмайди. Одатда штатлар маъмурлари натижани эълон қилиши сайловдан кейинги бир неча ҳафта ичида рўй беради.

14 декабрь куни сайловчилар ҳайъатининг 538 аъзоси ғолибни расман эълон қилиш учун йиғилади.

Сайловчи делегатлар ўз штатидаги сайловчиларнинг танловини ифода этади - штатда ким устунлик қилган бўлса, ундаги делегатларнинг барчаси овозини ўша номзодга беради. Фақат икки штат - Небраска ва Мэнда истисно ҳолат.

Янги президент кейинги йилнинг 20 январидан лавозимига киришади ва ҳукумат аъзоларини тайинлаб, вазифаларни белгилаб олади.
Ҳокимият ўтиши Вашингтондаги Капитолий тепалигида ўтказиладиган инаугурация маросими орқали содир бўлади.

Маросимдан сўнг янги президент Оқ уйга йўл олади ва тўрт йиллик бошқарувини бошлайди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Жо Байден АҚШнинг янги президенти бўлади. Трамп мағлубиятни тан олмаяпти