07:13 / 25.03.2021
2 107

Россия Давлат думаси Путинга яна президентликка номзодини қўйиш имконини берувчи қонунни қабул қилди

Россия Давлат думаси Путинга яна президентликка номзодини қўйиш имконини берувчи қонунни қабул қилди
Фото: «Pravda.com»
Россия Давлат Думаси 24 март куни учинчи ва охирги ўқишда амалдаги давлат раҳбари Владимир Путиннинг президентликка қайта сайланиш учун ўз номзодини кўрсатишга имкон берувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизматига таяниб «РБК» хабар берди.

Хабарда айтилишича, қонун лойиҳаси тўғрисидаги гап 2020 йилнинг ёзида умумхалқ овозидан сўнг қабул қилинган Конституциявий тузатишларни амалга ошириш учун қонунчиликка киритилган навбатдаги тузатишлар тўплами ҳақида кетмоқда.

Қонунга кўра, бир шахс Россияда икки мартадан ортиқ президент бўлиши мумкин эмас. Бироқ тузатишлардан бирига кўра, эндиликда ушбу чеклов Конституциядаги тузатишлар кучга киргунига қадар давлат раҳбари бўлиб ишлаганларга нисбатан қўлланилмайди. Шундай қилиб, Путиннинг президентлик қилган муддатлари «нолга» тенглашди, бу унга президентлик сайловларида яна номзод сифатида қатнашишга имкон беради.

Президентга қўйиладиган янги талаблар орасида номзод камида 35 ёш бўлиши, Россияда камида 25 йил яшаган бўлиши, чет эл фуқаролигига эга бўлмаслиги ёки аввал хорижда яшаш учун рухсатнома олмаган бўлиши керак. Агар хорижий ҳудуд Россия таркибига кирган бўлса, бундан мустасно қилинади.

Давлат думаси томонидан қабул қилинган қонун, шунингдек, депутатлар олдига ҳам янги талабларни қўйди. Парламентнинг қуйи палатасига номзодлар мамлакатда доимий яшаши шарт. Фуқаронинг Давлат думасига номзодини кўрсатолмаслиги учун сабаблар рўйхати ҳам кенгайтирилди, жумладан, унга муайян жиноятлар рўйхати киритилиб, ушбу жиноятлар бўйича озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган ва ҳали озод қилинмаган ёки суд ҳукми бекор қилинмаган фуқароларнинг номзоди рад этилади. «Ушбу чеклов судланганлик олиб ташланган ёки бекор қилинган кундан бошлаб беш йил ўтгунига қадар амал қилади», — дейилади хабарда.

Депутат Валентина Терешкова 2020 йил март ойида Путин учун президентлик муддатини «нол» қилишни таклиф қилди. «Барчаси ҳалол, очиқ, ошкора таъминланиши керак. Конституциядан президентлик муддати сонидаги чекловларни олиб ташлаш керак ёки вазият талабидан ва халқнинг хоҳишидан келиб чиқиб, амалдаги президент ушбу лавозимга қайта сайланиши керак... Бу мамлакат ичкарисида ҳам, ташқи контурда ҳам барқарорлик гаровидир», — деди у.

Тузатиш конституциявий ўзгартириш лойиҳасига киритилди. Тузатишлар бўйича овоз бериш 2020 йилнинг 25 июнидан 1 июлигача давом этди, фуқароларнинг деярли 78 фоизи асосий қонуннинг янги таҳририни қўллаб-қувватлади. 4 июлдан тузатишлар кучга кирди.

2020 йилнинг ноябрь ойида овоз бериш натижаларига кўра депутатлар Павел Крашенников ва Ольга Савастьянова, шунингдек, Федерация кенгаши аъзоси Андрей Клишас Давлат думасига Путиннинг президент этиб қайта сайланишига рухсат берувчи қонун лойиҳасини киритган эди.

Эслатиб ўтамиз, Россия президентининг жияни Роман Путин давлат раҳбари Владимир Путинни қўллаб-қувватлаш қўмитасини тузди. Янги ташкилот уй-жой коммунал хўжалиги, тиббиёт ва таълим соҳасида президент фармонларининг бажарилиши ва тартибга солиш ишларини назорат қилади ҳамда ёшлардаги ватанпарварлик ва спорт тарбияси билан шуғулланади. Путинни қўллаб-қувватлаш қўмитаси Россиянинг барча ҳудудларида ўз филиалини яратишни режалаштирмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия Давлат думаси Путинга яна президентликка номзодини қўйиш имконини берувчи қонунни қабул қилди