date

P.Diddy маҳбуслар учун бизнес ва мотивация курсини очди

P.Diddy маҳбуслар учун бизнес ва мотивация курсини очди

Америкалик рэпер ва продюсер P.Diddy (асли исми Шон Комбс) қамоқхонада ўзи ташкил этган “Diddydan ҳаёт сабоқлари” номли шахсий ривожланиш курсларини йўлга қўйди. Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар берди.

Лойиҳа доирасида рэпер маҳбусларга бизнес олиб бориш, ижобий фикрлаш, мағлубиятни қабул қилиш, шахсий эҳтиросларни назорат қилиш ҳамда мақсад қўйиб, унга етишиш бўйича маслаҳатлар беради. Шунингдек, рақобатда устун туриш сирларини ҳам ўргатиши айтилган.

Олти ҳафталик курс доирасида маърузалар билан бир қаторда амалий вазифалар ҳам назарда тутилган. Ҳужжатларда қайд этилишича, “Дастур Шон ‘Diddy’ Комбснинг ҳаётига яқиндан назар ташлаш имконини беради — камтарликдан то жаҳон даражасидаги ишбилармон ва маданий рамзга айланиш йўлигача”.

Рэпернинг адвокатлари таъкидлашича, Комбснинг маҳбусларга ёрдам бериш нияти судда енгиллаштирувчи омил сифатида инобатга олиниши керак. Уларга кўра, P.Diddy бу курсларни “ҳаётидаги энг аҳамиятли ва таъсирли ташаббуслардан бири” деб атаган.

Эслатиб ўтамиз, июль ойи бошида суд ҳайъати P.Diddy иши бўйича қарор чиқарганди. У аёлларни фоҳишаликка жалб қилиш учун ташишда айбдор деб топилган, аммо жинсий савдо ва жиноий фаолият ташкил этиш бўйича оғир айбловлардан оқланган.

Адвокатлар судьядан унга 14 ойлик қамоқ жазоси беришни сўраган бўлса, федерал прокурорлар Комбсни 11 йилга озодликдан маҳрум этиш ва 500 минг доллар жарима тайинлашни талаб қилган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » P.Diddy маҳбуслар учун бизнес ва мотивация курсини очди