07:30 / 05.04.2021
1 243

Украина-Россия инқирози: зиддият қандай кескинлашмоқда?

Украина-Россия инқирози: зиддият қандай кескинлашмоқда?
Украина шарқидаги Донбасc ҳудудида айирмачилар ва Украина қўшинлари ўртасидаги зиддият кучайиб бораётгани дунё афкор оммасининг эътиборини яна ушбу минтақага қаратди. Расмий Киевнинг таъкидлашича, Россия Украина чегарасида қўшин йиғмоқда. Mосква эса Украинани провокацияда айблади ва уни «фуқаролар уруши»дан огоҳлантирди.

АҚШдан Украинани қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги баёнот келди. Шундай қилиб, Украина-Россия инқирози яна бир бор халқаро кун тартибнинг долзарб мавзусига айланди.

Рус аҳоли ва руспарастлар устун бўлган Донбассда (Донецк ва Луганск) бир томонлама мустақиллик эълон қилингандан сўнг, айирмачилар ва Украина армияси ўртасида кечаётган тўқнашувлар 2014 йилдан бери давом этмоқда.

Донецкнинг Шуми шаҳрида 26 март куни мерганлар томонидан отилган ўқлар туфайли тўрт нафар украин аскари ҳалок бўлди, икки нафари эса яраланди.

Шундан сўнг, Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба Донбассдаги кескинликнинг кучайиши ортидан халқаро ҳамжамиятни «Россияни қаттиқ қоралаш»га чақирди.

Украина Бош штаби бошлиғи Руслан Хомчак Россия ҳарбий машқлар ниқоби остида Украина чегарасидаги Брянск ва Воронежга, шунингдек, Қримга ҳарбий юклар етказиб берганини айтди.

Хомчак, шунингдек, Россия-Украина чегаралари, Қрим ва Донбассда Россия армиясининг 28 батальони мавжудлигини, яқинда Россия чегара ва Қримга қўшимча равишда 25та батальон юборишни режалаштираётгани, бу ҳолат эса Украинанинг ҳарбий хавфсизлигига таҳдид солаётганини билдирди.

30 март куни New York Times нашри Украина шарқидаги вазият кескин ёмонлашгани, хусусан, чегара бўйлаб Қримга ҳарбий бўлинмалар юборилгани ҳақида мақола эълон қилди.

Март ойи охирида ижтимоий тармоқларда бир неча марта россиялик ҳарбийлар техникаси ҳарбий полигондан ташқарида, хусусан, Қрим кўприги бўйлаб ҳаракатлангани акс этган фото ва видеолар тарқалганди.

Украина разведкаси: «Россия кенг кўламли провокацияга тайёрланмоқда»
Украина мудофаа вазирлигининг разведка бошқармаси Россия Украинага қарши «кенг кўламли» провокацияга тайёрланаётганини иддао қилди.

«Босқинчиларнинг душманлик ҳаракатларига нисбатан Украина ҳарбий жавоб бериш»ни мақсад қилгани айтилган мазкур баёнотда «Донецк ва Луганск халқ республикалари» деб аталган ҳудудларда Россия ўз ҳарбий кучларини кўпайтиришни режалаштираётгани таъкидланади.

Разведка агентлиги «Россия босқинчи қўшинлари» Украина ҳудудига кириб боришга уринишлари ҳам содир бўлиши мумкинлигини айтди.

Зеленский: «Биз ҳар қандай провокацияларга тайёрмиз»

Украина чегарасида тобора кўпайиб бораётган Россия ҳарбий кучларини «мушакларнинг намойиши» деб таърифлаган Украина президенти Владимир Зеленский эса Россия шу йўл билан таҳдид муҳитини яратиб, сулҳ бўйича музокаралар жараёнига босим ўтказмоқчи эканлигини айтди.

«Давлатимиз бирдамликда. Биз ҳар доим ҳар қандай провокацияларга тайёрмиз», деди Зеленский Украина кучли армияга эга эканлигини таъкидлар экан.

Россиядан «фуқаролар уруши» ҳақида огоҳлантириш
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия томони «Украинанинг провокацион ҳаракатлари мамлакатда фуқаролик урушига олиб келиши мумкин»лигидан хавотирдалигини таъкидлади.

Песков Россиянинг Украина чегарасида ўз ҳарбий кучини оширгани ва Қримга қўшин юборгани ҳақидаги айбловларга ҳам муносабат билдирди.

«Россия Федерацияси ўз хоҳишига кўра ўз қуролли кучларини ўз ҳудудида ҳаракатлантирмоқда. Бу ҳеч кимни безовта қилмаслиги керак, бу ҳеч кимга хавф туғдирмайди», деди у.

Песков, шунингдек, Россия қўшинлари ҳеч қачон Украинадаги можароларда иштирок этмаганини айтди: «Бу тамоман Украинанинг ички можароси. Россия қўшинлари унда ҳеч қачон қатнашмаган».

Пентагоннинг Украинани қўллаб-қувватлаши
Минтақадаги кескинлик ортиши асносида Украинага ёрдам берилиши ҳақида Вашингтондан баёнот келди. «Танглик кучаяётгани ва сулҳ тартибининг бузилиш ҳолатлари ортаётгани сабабли НАТОдаги иттифоқдошларимиз билан минтақадаги кескинликни муҳокама қиляпмиз», деди АҚШ Мудофаа вазирлиги (Пентагон) матбуот котиби Жон Кирби.

АҚШ расмийси сулҳ битими бузилишидан хавотирда эканликларини билдирар экан, зиддиятни Россия кучайтираётганини даъво қилди.

Украинадан бир томонлама мустақиллигини эълон қилган «Донецк Халқ Республикаси» томонидан берилган баёнотда эса «Украина армиясининг Донбассга 2 майга қадар ҳужум қилишга тайёргарлик кўраётганига оид ишоралар мавжуд» экани айтилди.

Путин, Меркел ва Макрон мулоқоти
Россия президенти Владимир Путин, Германия канцлери Ангела Меркель ва Франция президенти Эммануэль Макрон 30 март куни ушбу воқеалар юзасидан онлайн музокара ўтказишди.

Украина шарқидаги сўнгги вазият муҳокама қилинган мазкур онлайн учрашувда Путин Киев сулҳ режимига риоя қилмасдан минтақадаги кескинликни оширганини таъкидлади.

Шунингдек, Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба ва АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен телефонда кечган мулоқотда Донбасс ва Қримдаги вазиятни муҳокама қилишди.

Сулҳ қачон бузилди?
Россия-Украина муносабатларидаги кескинлик Қрим Россияга қўшиб олинган 2014 йилдан бери сақланиб қолмоқда.

Қримнинг аннексия қилиниши ва Украина шарқидаги Донецк ва Луганскда россияпараст кучлар тарафидан бир томонлама мустақиллик эълон қилиниши ортидан Киев маъмурияти Россияни «тажовузкор» мамлакат сифатида қайд этиш тўғрисидаги қонунни қабул қилади.

Россияпараст айирмачилар ва Украина армияси ўртасидаги тўқнашувлар 2014 йилдан бери давом этмоқда.

Донбасс инқирозини ҳал қилиш бўйича Россия, Украина ва Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ)дан иборат уч томонлама алоқа гуруҳи музокаралар олиб бормоқда.

Сўнгги пайтларда 2020 йилнинг июлида томонлар ўртасида имзоланган сулҳнинг бузилиш ҳолатлари тез-тез кузатилмоқда.

Украина президенти Владимир Зеленский ўтган ҳафта Россия томонидан аннексия қилинган Қримни озод этишга қаратилган Ҳарбий хавфсизлик стратегиясини тасдиқлаганди.

Зеленскийнинг баёнотига кўра, йил бошидан бери минтақада содир бўлган тўқнашувларда 20 киши ҳаётдан кўз юмган, 57 киши эса жароҳатланган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Украина-Россия инқирози: зиддият қандай кескинлашмоқда?