date

“Рома” сўнгги дақиқаларда фантастик ғалабани илиб кетди

Италия А Сериясининг 36-турида “Рома” сафарда “Парма”га қарши майдонга тушди ва ҳақиқий драматик ғалабага эришди. “Эннио Тардини” стадионида ўтган баҳсда Гасперини шогирдлари охирги дақиқаларгача таслим бўлмади ва 2:3 ҳисобида зафар қучди.

Учрашув “Рома” учун яхши бошланди. 22-дақиқада Мален ҳисобни очиб, меҳмонларни олдинга олиб чиқди. Биринчи бўлим римликлар устунлиги билан якунлангандек кўринди, аммо иккинчи бўлимда “Парма” ўйинга қайтиш учун жиддий босим ўтказди.

47-дақиқада Стрефецца мезбонлар номидан ҳисобни тенглаштирди. Бу гол “Парма”га қўшимча руҳ берди ва ўйин суръати янада ошди. 87-дақиқада Кейта рақиб дарвозасини ишғол қилиб, мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Шу паллада кўпчилик “Рома” мағлубиятга учради, деб ўйлаган бўлиши мумкин.

Аммо футболда финал ҳуштаги чалинмагунча ҳеч нарса тугамайди. “Рома” айнан шу ҳақиқатни яна бир бор исботлади. 90+4-дақиқада Ренч ҳисобни тенглаштириб, жамоасини мағлубиятдан қутқарди. Бу голнинг ўзиёқ римликлар учун катта руҳий кўтарилиш бўлди.

Драма шу билан тугамади. 90+9-дақиқада “Парма” футболчиси Бритсжи четлатилди. Орадан кўп ўтмай, 90+11-дақиқада Мален пенальтидан аниқ зарба бериб, “Рома”га ақлбовар қилмас ғалабани тақдим этди. Бир ўйин ичида умид, алам, қайтиш ва ғалаба — ҳаммаси бор эди. А Серия сценаристлари бу сафар Netflix’дан ҳам қаттиқ ишлаб юборишди.

Бу натижадан кейин “Рома” очколари сонини 67 тага етказди ва турнир жадвалида 5-ўринга қайтди. Гасперини жамоаси 4-поғонадаги “Милан” билан очколар бўйича тенглашиб олди. “Парма” эса 42 очко билан 13-ўринда қолди.

А Серия. 36-тур

“Парма” — “Рома” 2:3

Голлар: Стрефецца, 47, Кейта, 87 — Мален, 22, 90+11 пенальти, Ренч, 90+4.

“Парма”: Сузуки, Сирсати, Троило, Валенти, Делпрато, Бритсжи, Ордонез, Николусси-Кавиля, Эстевес, Кейта, Валери, Карбони, Элфеге, Алмквист, Стрефецца, Пеллегрино.

“Рома”: Свилар, Манчини, Ндика, Эрмосо, Гиларди, Челик, Ренч, Кристанте, Ал Айнауи, Коне, Вентурино, Уэлси, Соуле, Писилли, Дибала, Мален.

Огоҳлантиришлар: Стрефецца, 48, Троило, 65, Бритсжи, 76.
Четлатиш: Бритсжи, 90+9.

Умуман олганда, “Рома” бу ўйинда характер, сабр ва охиригача курашиш нима эканини кўрсатди. 87-дақиқада ҳисобда ортда қолиб, 90+11-дақиқада ғалабани илиб кетиш — бу оддий натижа эмас, жамоанинг ички кучини кўрсатадиган катта сигнал. Мавсум охирида бундай ғалабалар фақат уч очко эмас, бутун жамоага ишонч беради.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » “Рома” сўнгги дақиқаларда фантастик ғалабани илиб кетди