07:43 / 14.08.2021
3 890

«Толибон» қандай қилиб Афғонистонда бу қадар тез илгариламоқда?

«Толибон» қандай қилиб Афғонистонда бу қадар тез илгариламоқда?
Ҳисоб-китобларга кўра, «Толибон» 60 минг жангчидан иборат / EPA
«Толибон»нинг Афғонистондаги ҳаракатлари тажрибали мутахассисларни ҳам ҳайратда қолдирадиган даражада тезлашди. Вилоят марказлари худди домино тошлари каби бирин-кетин қулаб тушди.

Гарчи шамол «Толибон» фойдасига эсаётган бўлса-да, Афғонистон ҳукумати ўз назоратини қайта тиклаш учун курашни давом эттирмоқда.

АҚШ разведкасининг шу ҳафта матбуотга сиздирган прогнозига кўра, пойтахт Кобул бир неча ҳафта ичида қамал қилиниши ва ҳукумат 90 кун ичида қулаши мумкин.

Хўш, бу илгарилаш қандай қилиб бу қадар тез содир бўлди?

AҚШ ва унинг НАТОдаги иттифоқчилари сўнгги 20 йил давомида Афғонистон хавфсизлик кучларини ўқитиш ва унинг таъминоти билан банд бўлди.

Кўп сонли америкалик ва инглиз генераллари кучли ва малакали афғон армияси яратилганини айтишди, аммо бугун бу иддаоларнинг ичи бўш экани яққол кўзга ташланиб қолди.

«Толибон» кучлари
Назарий жиҳатдан, нисбатан катта кучга эга бўлган Афғонистон ҳукумати бир қадам олдинда кўринади.
Рақамларга кўра, Афғонистон хавфсизлик кучлари 300 мингдан зиёд аскарга эга. Бу рақамга афғон армияси, ҳаво кучлари ва полиция ҳам киради.

Аммо, аслида, мамлакатда ҳарбий ишга жойлашиш масаласи ҳамиша муаммо бўлиб келган. Афғонистон ҳарбийлари ва полиция кучлари кўплаб қурбонлар, қочоқлар ва коррупция билан боғлиқ бўлган тарихга эга. Айрим генераллар аслида мавжуд бўлмаган – «арвоҳ аскарлар» деб аталувчиларнинг маошларини ўзлаштириб келгани ҳақидаги даъволар ҳам бор.

Афғон армияси / EPA
Афғонистонни қайта тиклаш махсус инспекцияси (SIGAR) «коррупциянинг коррозияли таъсиридан хавотирлари» борлигини ва ҳақиқий ҳарбий куч ҳақидаги маълумотлар «шубҳали» эканини билдирди.

Англиядаги мудофаа ва хавфсизлик тадқиқот институти Royal United Services Institute ходими Жек Уотлингнинг фикрича, афғон ҳарбийларининг ҳақиқий кучи борасида ҳеч қачон аниқ бир маълумот бўлмаган.

Уотлингга кўра, армиядаги муаммолар шу билангина тугамайди. Аскарлар кўпинча ҳеч қандай оилавий алоқалари бўлмаган жойларга юборилади ва улар ҳатто жанг қилмасдан ҳам ўз хизмат жойларини тарк этишади.

«Толибон»нинг кучини ўлчаш эса янада қийинроқ.

АҚШ Ҳарбий академияси Терроризмга қарши кураш марказининг маълумотларига кўра, «Толибон» 60 минг жангчидан иборат. Толибларни қўллаб-қувватловчи бошқа ҳарбий гуруҳлар билан биргаликда бу рақам 200 мингдан ошиши мумкин.

Британия армиясининг собиқ офицери Майк Мартин «Толибон»ни монолит гуруҳ сифатида кўриш хавфини кўрсатади. «Толибон» мустақил гуруҳларнинг бўш ва эҳтимол, вақтинчалик коалицияси бўлишга яқинроқ», дейди Мартин. Унинг фикрича, Афғонистон ҳукумати ҳам худди шу тарзда маҳаллий фракцияларнинг бўлинишини акс эттиради. Майк Мартин оилалар, қабилалар ва давлат амалдорлари омон қолиш мақсадида Афғонистонда қандай тараф тутишганини ҳам эслатади.

Қурол таъминоти
Афғонистон ҳукумати молиявий имконият ва қурол-яроғ сотиб олиш масаласида ҳам устунликка эга.

Ҳукумат, асосан, АҚШдан келувчи миллиардлаб долларлик ёрдам ҳисобига аскарларнинг маоши ва ускуналар харажатларини қоплайди. SIGAR’нинг 2021 йил июлдаги ҳисоботида Афғонистон хавфсизлигига 88 миллиард доллар сарфлангани қайд этилади.

Шу билан бирга, ҳисоботда айтилишича, бу пулнинг ҳақиқатан ҳам тўғри ёки нотўғри сарфланиши соҳадаги жанг тақдирини белгилаб бериши айтилади.

Уруш суръатининг боришида Афғонистон ҳарбий ҳаво кучлари ҳал қилувчи рол ўйнайди. Бироқ «Толибон» асосан учувчиларни нишонга ола бошлагач, 211 самолётдан фойдаланиш масаласи муаммога айланди. Командирларнинг талабларини қондириш қийинлашмоқда.

Лашкаргоҳ каби «Толибон» ҳужумига учраган шаҳарларда АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари фаол. Бироқ бу қўллаб-қувватлаш қанчагача давом этиши маълум эмас.

«Толибон» ҳужумидан қочган минглаб одамлар Кобулдаги лагерларда бошпана топмоқда / REUTERS
Таъкидланишича, «Толибон» наркотик савдосидан даромад қилиш билан бир қаторда Покистондан ҳам ёрдам олади.
Бошқа томондан, АҚШ Афғонистон хавфсизлик кучларига берган қурол ва ўқ-дорилар ҳам «Толибон»нинг қўлига ўтмоқда.

Афғонистон ҳали ҳам совет босқинидан қолган қуроллар билан тўла. «Толибон» вақтинчалик қўшин билан анча тартибли кучни ҳам мағлуб этиш мумкинлигини кўрсатиб қўйди.

Шу ўринда, қўлбола бомбаларнинг АҚШ ва Британия кучларига келтирган ҳалокатли оқибатларини ёдга олиш кифоя. «Толибон»нинг соҳани яқиндан билиши ҳам унинг устун жиҳатларидан биридир.

Диққат маркази, шимолий ва ғарбий минтақалар
«Толибон»нинг ўзига хос табиати бир томонга, ҳарбий экспертлар сўнгги пайтларда яхши мувофиқлаштирилган режа аломатларини кўришмоқда.

Толиблар ўзлари азалдан кучли бўлган жанубий вилоятлари ўрнига шимол ва ғарбга йўналтирилган ҳужумларга катта эътибор қаратмоқда.

Ташкилот муҳим нуқталардаги чегара ва назорат пунктларини қўлга киритди ва пул тақчиллиги муаммосига дуч келаётган ҳукуматнинг божхона даромадларини ҳам кесиб қўйди.

Шунингдек, толиблар асосий амалдорлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларни ҳам ўлдиришди.
Афғонистон ҳукуматининг стратегиясини тавсифлаш ҳам жуда қийин.

Ҳукуматнинг «Толибон» қўлга олган барча ҳудудларни қайтариб олиш ҳақидаги ваъдалари ишончсиз.

Британия армиясининг собиқ офицери Бен Баррининг фикрича, катта шаҳарларни ҳимоя қилиш режаси мавжуд. Лекин бу қанча вақт олиши мумкин? Афғонистон махсус кучларининг сони унчалик кўп эмас – тахминан 10 минг кишидан иборат.

«Толибон» тарғибот урушида ҳам илгарилаб кетди. Баррининг таъкидлашича, мавжуд вазият «Толибон»га руҳий куч бағишламоқда ва унинг бирлик ҳиссини кучайтирмоқда.

Сўнгги босқич нима бўлади?
Афғонистон ҳукумати учун вазият ноаниқ кўринмоқда. Мудофаа бўйича эксперт Жек Уотлингнинг фикрича, афғон ҳарбийларининг аҳволи пессимизмга яқин, лекин сиёсатдаги вазиятни яхшилаш мумкин.

Агар ҳукумат қабила бошлиқларини ўзига қарата олса, вазият ўзгариши мумкин.

Майк Мартин Афғонистон собиқ вице-президенти Абдулрашид Дўстумнинг қайтишини муҳим, деб баҳоламоқда.

Маршал Дўстум президент Ашраф Ғани билан бирга ҳукуматни қўллаб-қувватловчи кучларни сафарбар қилиш учун азалдан толибларга қарши курашувчи Мозори-Шарифда бўлиб турибди.

Ёз ойларига тамға урган уруш Афғонистонда қиш бошланиши билан тўхташи мумкин. Йил охиригача Афғонистон ҳукуматининг Кобул ва йирик шаҳарларни ушлаб туриши орқали мувозанат ҳолати пайдо бўлиш эҳтимоли мавжуд.

Агар «Толибон» ичида «ёриқ»лар пайдо бўлса, манзара бутунлай ўзгариши ҳеч гап эмас.

Аммо ҳозирча АҚШ ва НАТОнинг Афғонистонни «барқарорлаштириш» ҳаракатлари советларнинг уриниши каби бефойда кўринмоқда.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг